Яхши ниятга ҳам савоб бор
Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Салим халифа Умар ибн Абдулазизга ёзган мактубида бундай деган: “Шуни яхши билингки, Аллоҳнинг бандага ёрдами банданинг нияти қадардир. Кимнинг нияти бутун бўлса, Аллоҳнинг унга берадиган мадади ҳам бутун бўлади. Инсоннинг нияти қанчалик озайса, Аллоҳнинг унга берадиган кўмаги шунча камаяди”.
“Амаллар ниятларга кўрадир” ҳадисини Ислом уламолари турлича изоҳлашади. Баъзилар: “Амалларнинг саҳиҳ ё фосид, мақбул ё номақбул бўлиши ниятга боғлиқдир”, дея ихтиёрий амалларнинг ниятга қараб баҳоланишини талқин қилишади. Ниятлар амалларни бирбиридан айиргани каби, амалнинг ё Аллоҳ учун, ё бундай эмаслиги ҳам ниятга боғлиқдир.
Нияти бўлмаганнинг амали ҳам йўқ. Амалсиз сўз фойдасиздир. Сўз ва амал ҳам ниятсиз фойда бермайди. Сўз ва амал суннатга мос бўлганида, ибодат саналади. Ният амалдан ҳам хайрлидир, чунки амал ният билан рўёбга чиқади. Хайр ниятда мужассам. Ният амалга ошмаган бўлса ҳам, савоби бор. Ниятни фасоддан сақлаш амалдан ҳам, хайрлидир.
Қалбнинг соғломлиги амал соғломлигидан, амалнинг соғломлиги эса ниятнинг эзгулигидандир. Кичик амаллар ният туфайли катта бўлади. Айрим катта амаллар ният туфайли кичрайиб кетади. Амал уч нарса билан тугал бўлади – тақво, собитлик ва ният… Аллоҳ инсондан фақат тўғри ният ва ирода хоҳлайди. Аллоҳнинг ризосини исташ эса, Ҳақ йўлида жиҳод қилишдан ҳам аълодир. Амалларнинг энг хайрлиси Аллоҳ зиммамизга фарз қилганларни бажариш, ҳалолга интилиб, ҳаромдан сақланишдир.
Ният бир ишни Аллоҳ ризоси учун қилишни қалбдан ўтказишдир. Иш қалб, тил ё бошқа аъзолар орқали бажарилади. Қалб билан қилинажак ишлар ният ва ўйларимиздир. Тил билан қиладиган ишимиз сўзимиздир. Вужудимиз билан қиладиган ишларимиз феъл ва ҳаракатларимиздир. Сўз ва ҳаракатимиз ниятга боғлиқ бўлгани учун яхши ният баъзан ибодатга тенглаштирилади. Масалан, йўлдаги тошни одамларга зарар бермасин, деган ниятда олиб ташлаш, бировнинг ҳақини ейиш имкони бўлганда Аллоҳдан қўрқиб, бундан қайтиш ҳам худди шундай савоб келтиради. Демак, қалбдан ўтадиган тушунчалар яхши ниятга айланган чоғ Аллоҳ наздида қадр топади. Зеро, Аллоҳ шакл-шамойилимизга эмас, қалбимизга, ниятимизга қарайди.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан