Мақолалар

Нафсга қарши мужоҳада

Чоп этилди Dekabr 2, 2020 Нафсга қарши мужоҳадаda fikr bildirishni o'chirish

«Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!» (Анкабут сураси, 69-оят). Бу оят маккий оятлардан ҳисобланиб, ҳижратдан аввал нозил бўлган. Маълумки, душманларга қарши жанг қилиш ҳижратдан кейин, Мадинаи мунавварада шариатга киритилган. Бу эса, оятдаги “жиҳод”дан нафсга қарши мужоҳада ирода қилинганига далил бўлади.

«Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур» (Шамс сураси, 9-оят).

Фазола ибн Убайд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мужоҳид Аллоҳнинг йўлида нафсига қарши курашган кишидир” (Имом Термизий ривояти). Имом Байҳақийнинг ривоятида: “Мужоҳид – Аллоҳнинг тоатида нафсига қарши курашган, муҳожир эса – хато ва гуноҳларни тарк қилган киши”, дейилган.

Нафснинг мужоҳадаси, яъни уни поклаш ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Чунки унда ярамас сифат ва ёмон хулқлар бўлиб, доимо шариатга зид бўлган нарсаларга ундайди. Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг тилидан нафс ҳақида хабар бериб, айтилади:

«Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси, 53-оят).

Шунинг учун барча фуқаҳолар нафс мужоҳадасини фарзи айн дейишади. Бу иш фақатгина мужоҳада – астойдил ҳаракат, интилиш, жидду жаҳд, бор имкониятни ишга солиб курашиш билан юзага чиқади. Нафс мужоҳадасининг фарзлиги “вожибни адо этиш учун зарур бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир” қоидасига бориб тақалади.

Шайх Абдулғаний Наблусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Нафс (ни поклаш)да мужоҳада қилиш ибодат бўлиб, у фақатгина илм билан ҳосил бўлади. У ҳар бир мукаллафга фарзи айндир” (“Шарҳут-тарийқатул Муҳаммадияти”).

Шубҳасиз, инсон нафси ўзидаги ноқис сифатларни ва ёмон одатларни ўзгартиришга қобилиятли қилиб яратилган. Акс ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишларидан ҳеч қандай наф бўлмас, у зотнинг меросхўрлари бўлган олиму омиллар, муршиду муслиҳларга зарурат туғилмас эди. Модомики тарбиялаш билан кўплаб ёввойи қушу ҳайвонлар ўз табиатларига ёт бўлган хатти-ҳаракатлар ва сифатларни касб қилар экан, Аллоҳ таоло энг гўзал суратда халқ қилган одамзод учун бу иш бир неча карра осонроқ кечиши табиий.

Нафснинг мужоҳадасидан мурод ундаги сифатларни буткул қўпориб юбориш эмас, балки уни ёмонликдан яхшиликка олиб чиқиш ҳамда Аллоҳ таолонинг иродаси ва розилигига мувофиқ тарзда ҳаракатлантиришдир.

Масалан, банда ўзи учун ғазабланадиган бўлса, у ёмонланади. Аммо Аллоҳ таоло учун қилинган ғазаб – мақтовга лойиқ. Зотан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазаблари фақатгина Аллоҳ учун бўларди: Аллоҳ таолонинг ҳақи поймол қилинадиган ёки ҳадларидан бирортаси бузиладиган бўлса, чидаб турмасдилар. Аммо у зот алайҳиссалом дин йўлида кўплаб озору азиятларга дуч келдилар, ҳатто Тоифга борганларида аҳмоқ, эсипастларнинг отган тошларидан ковушлари қонга тўлди; Уҳуд жангида муборак юзлари ёрилиб, тишлари синди – ғазабланмадилар. Балки уларнинг ҳақига ҳидоят сўраб, қилмишлари учун узр ахтардилар:

Аллоҳим, қавмимни ҳидоят қил (уларни азоблама), чунки улар (хато қилаётганларини) ҳали билишмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Кибр сифати ҳам худди шундай: мўмин ўзининг мўмин биродарига кибр қиладиган бўлса – бу жуда ёмон, аммо динсиз мутакаббирларга нисбатан қилса, ажр олади. Чунки бу Аллоҳ таолонинг йўлида амал қилиш бўлиб, шариат доирасида ҳисобланади.

Уҳуд жангида Абу Дужона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан қиличларини олиб, сафлар орасида гердайганча юра бошлади. Буни кузатиб турган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, бундай юриш Аллоҳ таолони ғазаблантиради, илло бу жой (яъни, жанг майдони)да эмас!” дедилар (Имом Табароний ривояти).

Шу тариқа салбий сифатлар мужоҳада ва юксалиш натижасида фазилатли сифатларга айланади.

Нафсдаги нуқсон-иллатлар шунчаки орзу қилиш, нафснинг ёмонлигини билиб қўйиш, ахлоқ ва тасаввуфга оид китобларни ўқиш билан кетиб қолмайди, балки буларга қўшимча равишда амалий мужоҳада ва тазкияни бажариш ҳамда нафсни ҳаддидан ошган ўжарлиги ва истакларидан ажратиш лозим бўлади.

Мужоҳаданинг биринчи босқичи – ўз нафсидан рози бўлмаслик, яъни ўзининг хатокор, гуноҳкор эканини тан олиш, нафс ҳақиқатан ҳам ёмонликка ундовчи ва бандани Раббисидан тўсувчи эканига қатъий ишониш. Қачонки инсон нафсга нисбатан мана шундай қарашда бўлса, ҳавои нафсига эргашишдан эҳтиёт бўлади ва унга қарши мужоҳада қилади. Чунки у энди ўзидаги айбу нуқсонларни кўра бошлайди.

Мужоҳада – нафснинг хоҳишистакларидан воз кечиб, уни Аллоҳ таолонинг буйруқларини адо этиш ва қайтариқларидан сақланишга мажбурлашдан иборат.

Манбалар асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан