Мақолалар

Чексиз муҳаббатга муносиб зот

Чоп этилди Dekabr 2, 2020 Чексиз муҳаббатга муносиб зотda fikr bildirishni o'chirish

Оламларга раҳмат бўлган зотнинг вафотига бир минг уч юз саксон олти йил бўлди. Уммат сал кам ўн тўрт асрдан буён ҳидоят шамчироғининг муборак сиймосисиз умр кечирмоқда.

Одамзот жаҳолат ботқоғида ботаётган, куфр ва ширк дарёсида чўкиб бораётган, ўз қўллари билан ясаган тошларга сиғиниб, гуноҳ, маъсият ва разилликнинг энг юқори чўққисига чиқиб, бир оёғи жаҳаннам оловининг тафтини сезиб турган бир пайтда: «Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан мўминларга инъом этди…» (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Оламлар Раббиси айнан шу зотни оламларга раҳмат қилиб танлади: «(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).

Аллоҳ таолонинг бу сўзларини тасдиқлаб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, мен ҳадя қилинган раҳматман”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло инсоният икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилган муборак Каломида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят) деб буюрган.

«Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир»(Нажм сураси, 2–3-оятлар) деган Зот Муҳаммад алайҳиссаломни биз учун гўзал намуна қилиб юборди.

Инсон борки, ҳаётида ишончли дўстга, унинг тўғри ва ишонарли панду насиҳатларига муҳтож бўлади. Бизнинг бу борада омадимиз келган. Чунки Раббимиз азза ва жалла: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят), дея таърифлаган, содиқул амин бўлган, башарият сардори дея эътироф этилган зотнинг бизга насиҳатлари кўп. Агар уларга амал қилсак, икки дунёда ҳам фароғатда бўламиз. Бу хушхабарни Аллоҳ таолонинг Ўзи айтмоқда: «Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва эзгу амал қилса, Биз унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун фаровон ризқ (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз» (Аҳзоб сураси, 31-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир гаплари бизни жаҳаннамдан қутулишга ўргатади ва абадий саодат соҳиби бўлишга чақиради.

Бугун бизда имкон бор. Чунки биз ҳаётмиз. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига риоя қилайлик. Зеро, Аллоҳ Каломида: «Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар», деб марҳамат қилган (Нур сураси, 52-оят).

Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан