Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъват услубларидаги ҳикматлар

Чоп этилди Dekabr 2, 2020 Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъват услубларидаги ҳикматларda fikr bildirishni o'chirish

Давоми, бошланиши ўтган сонларда

Ҳақиқий даъват ҳужжат асосига қурилмоғи керак. Тўғри йўлга бошламоқчи бўлган киши узоқни кўра билиши, вазиятга тўғри баҳо бера олиши ҳамда хушмуомала бўлиши лозим. Шундагина даъватнинг илдизи мустаҳкам бўлади, шохлари бўй чўзиб, мева беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини худди ана шундай услубда Ислом динига чорлаганлар.

У зот ҳузурларида ўтирган турли тоифа кишиларнинг ақлига, савиясига мос хутба қилардилар ҳамда уларнинг қизиқишини уйғотиб, нотўғри йўлдан қайтишлари учун гўзал хулқ ила муомалада бўлардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо ҳақ йўлга чақириб, даъват асносида Қуръони каримдан ҳужжат-далиллар келтириб ўтардилар. Эътиқодий масалаларга тўхталсалар, ёрқин ҳужжат-далиллар келтириб, турли шубҳаларга ўрин қолдирмасдилар. Бундан ташқари, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг маъноларини, улардан олинадиган фойда ва ҳикматларни шундай шарҳлаб берардиларки, унга қулоқ тутган киши Ислом дини ҳазил эмас, ҳақ дин эканини яққол англаб оларди.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом динини кенг ёйиш йўлида қабилаларнинг обрўли кишиларига ҳадялар улашардилар. Бу ишлари ўртадаги адоватларни бартараф этар ва узилган алоқаларни боғлашга хизмат қиларди. Қолаверса, бундай ҳадя улашишлар ғофил қалбларни даъватнинг рост эканини тасдиқ этишга ҳозирларди. Эндигина Исломни қабул қилган қабила зодагонлари фитналарга чалғиб, тўғри йўлдан адашиб кетишлари мумкин бўлгани учун ҳам шундай йўл тутганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бунинг сабабини шундай изоҳлаганлар: «Бошқа ҳақли кишилар бўлатуриб, бирор кишига ҳадя беришим Аллоҳ таоло ўша кишини жаҳаннамга юзтубан улоқтиришидан қўрққаним учундир».

Даъватлари асносида у зотнинг юзларида ҳалимлик, мулойимлик ва сабр-бардош барқ уриб турарди. Қайсар, такаббур кишилар билан тортишиб ўтирмасдилар. Баъзи кишиларнинг қўпол ва дағал муомаласига эътибор бермай, уларни бағрикенглик ва кечиримлилик билан қарши олардилар.

Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайш мушриклари томонидан, айниқса уларнинг энг ахлоқсизлари, калтафаҳмлари кўп зиён-заҳмат етказган. Шунга қарамай, ул зот бундай азиятларни сабр ила қарши олар, бу азиятлар туфайли динни етказиш йўлидаги азму қарорлари, ғайрату шижоатлари сира камаймас эди. Айрим мунофиқлар ва қўрс бадавийлар у зотнинг шаънларига қанчадан-қанча туҳмат ва бўҳтон тошларини ёғдиришган. Пайғамбар алайҳиссалом эса уларнинг бундай қўпол муносабатларига худди шундай қўпол тарзда эмас, балки кечириш ёки табассум қилиб қўйиш билан жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ножоиз иш қилган кишига танбеҳ беришда ҳам одоб доирасида иш тутганлар. Кўпинча бирор кишидан хатолик содир бўлса, қайтариқни унинг ўзига айтмай, умумий тарзда айтардилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига уч киши келиб, Ойша розийаллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик амаллари ҳақида сўрашди. Жавобни олганларидан кейин «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот шунчалик амал қилар эканлар, бизлар ким бўлибмизки, у зотдан оз амал қиламиз?» дейишди. Уларнинг бири энди фақат рўза тутишга, яна бири ҳеч қачон уйланмасликка, яна бири эса кечалари умуман ухламасликка келишиб олишди. Бундан хабардор бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен қиладиган амаллардан ўзини тиядиган қавмнинг оқибати нима кечар экан? Аллоҳга қасамки, мен улардан кўра Аллоҳ таолони билувчироқ ва У Зотдан қўрқувчироқман», дедилар ва уларнинг қарорларини маъқулламадилар.

Пайғамбар алайҳиссалом панд-насиҳатни ҳар доим ҳам қилавермас, балки саҳобаларнинг насиҳат эшитишга муҳтож пайтини топиб, ўша вақтда ваъз-насиҳат қилардилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зерикиб қолишимизни истамаганлари учун маълум вақтлардагина панд-насиҳат қилардилар».1

Пайғамбар алайҳиссалом савол сўровчиларга гўзал услубда, умумий шаклда жавоб берардилар. Гоҳида берилган саволга «ҳа» ёки «йўқ» дейиш билан кифояланардилар.

Маҳориблик бир киши Исломни қабул қилгач, илгари жоҳилият даврида қилиб юрган гуноҳларини эслаб, қийналиб юрар эди. У қабиладошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида ўзини қийнаб келаётган ташвишини айтиб, «Гуноҳларимни кечиришини Аллоҳ таолодан сўранг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом (мусулмон бўлиш) олдинги куфр амалларни ўчиради», дедилар. Маҳориблик киши бу гапдан ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди.

У зотнинг рисолатни етказишдаги доно услубларидан яна бири даъват асносида ажойиб ўхшатишлар ва гўзал зарбулмасаллар келтириб ўтишларидир. Бундай мисол келтириш тушунилиши қийин бўлган нарсаларнинг осон фаҳмланишига ёрдам беради. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келтирган зарбулмасалларига Нуъмон ибн Бишр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни мисол келтирсак бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларни бирдам бўлишга чақириб: «Мўминлар ўзаро дўстлашиш, бир-бирига меҳр-шафқатли ва ҳамдард бўлишда бамисоли бир танадекдир. Агар тананинг бир аъзоси касал бўлса, бошқа аъзолари ҳам бедор бўлади, иситмада ҳамдард бўлади», деганлар.2

Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга уларнинг ақли етадиган даражадаги гапларни айтар, саҳобаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам бу хусусда шундай деганлар: «Инсонларга улар тушунадиган сўзлар билан гапиринглар. Ё Аллоҳ ва Расулининг ёлғонга чиқарилишини истайсизларми?»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи дунёвий ишларда саҳобаларнинг таклифига ҳам қулоқ солардилар. Бир куни айрим подшоҳларни Исломга даъват қилиш мақсадида мактуб жўнатмоқчи бўлиб турганларида саҳобалар: «Улар муҳри йўқ мактубни ўқишмайди», дейишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳр қўйиш учун «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ёзуви нақшланган кумуш узук ясаттирдилар.

Айрим ҳолларда қилинмаса, зарари бўлмайдиган ишларни фитнадан сақланиш мақсадида қилмай қўяверардилар. Бунга Каъбани бузиб, уни Иброҳим алайҳиссалом кўтарган пойдеворгача етказиб қўйиш масаласини мисол қилсак бўлади. Ул зот Исломни эндигина қабул қилган қавм нотўғри тушунмасин деб бу ишни қилмай қўяверганлар. Бу ҳақда Ойша онамиз розийаллоҳу анҳога: «Қавмингиз Исломга эндигина кирган бўлмаганида, Байтуллоҳни қайтадан қуришни буюрардим. Кейин ундан чиқарилган нарсалар (қисмлари)ни қайта киргизиб (тиклаб), Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдеворигача етказиб қўйган бўлардим», деганлар.

1 Имом Бухорий ривояти.
2 Имом Бухорий ривояти.

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35