Мақолалар

Бугун салавот айтдингизми?

Чоп этилди Dekabr 4, 2020 Бугун салавот айтдингизми?da fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло наздидаги қадр-қиммати шу қадарки, Жаноби Ҳақ ҳабибига итоатни ўзига итоат деб ҳисоблаган. У зотга нисбатан қилинган кичик одобсизлик ҳам солиҳ амалларнинг ҳабата (йўқ) бўлиб кетишига сабаб эканини таъкидлаган. У зотнинг ҳузурларида одоб сақлашни кўнгилларнинг тақво имтиҳони қилган. Расулига номуносиб хитоб қилишни жоҳиллик деб санаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўплаб дуруду салавот айтиб, у зотни бир зумга ҳам дилимиздан чиқармаслигимизни баён қилган. Ҳатто, намоз ўқиётганда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ассалому алайка айюҳаннабию ва роҳматуллоҳи” деб салом йўллашимизни истаган. Намоз ўқиётиб, башарга салом берса, намоз фосид бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло Расулига намозда ҳам салом айтишни вожиб қилган.

Имом Ғаззолий айтади: “Намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурати ва карим шахсини қалбда ҳозир айлаб: “Ассалому алайка айюҳаннабию ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу” дегин. Амин бўлки, сенинг саломинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб боради ва у зот ҳам сенга бундан-да гўзал бир алфозда жавоб берадилар” (“Иҳёу улумид-дин” 1, 224).

Аллома Шиҳоб ибн Ҳажар ал-Маккийдан нақл қилинади: “Намозда ўқиладиган таҳийётнинг “ассалому алайка” жумласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинади. Бунда Аллоҳ таоло намоз ўқиётган умматидан Расулини хабардор қилганига ишора борки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат кунида намоз ўқиганлар ёнида бўлиб, уларнинг гўзал амалларига шоҳидлик берадилар. Намоз пайти у зотнинг маънан ҳозир бўлиб, саломга алик олишларини хотирлаш эса кўнгилларда хушу ва хузунинг ортишига василадир”.

Қадри ва қиймати бу қадар улуғ бўлган Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўла идрок этиб, баён қилиш қийинлиги очиқ-ойдиндир. Шундай бўлса-да, имкон қадар ҳар куни ихлос билан Аллоҳга ҳамд, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни одат қилсак, иншоаллоҳ, қиёматда номаи аъмоллари ўнг тарафдан берилувчи масъудлар қаторида бўламиз.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан