Мақолалар

Буюк муаллим

Чоп этилди Dekabr 4, 2020 Буюк муаллимda fikr bildirishni o'chirish

Таълим ва тарбиянинг мазмун-моҳияти, шакл-шамойиллари қайси даврга ёки қайси минтақага тегишли бўлмасин, унинг қай даражада ижобий ёки салбий натижага эга эканлиги билан баҳоланади. Биз ушбу қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим ва тарбияда тутган йўлларига татбиқ қилсак, кўз ўнгимизда тарих бўйи мисли кўрилмаган натижа ва муваффақиятга эришган буюк муаллим ва мураббий гавдаланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборган Зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жума сураси, 2-оят).

Ояти каримадаги “омилар”дан мурод Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги араблардир. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишни билмайдиган халқ бўлиб, саводхонлари жуда кам эди. Араб ёзуви, асосан, Набий алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларидан бошлаб бутун Ислом оламида тез ривожланган. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида араб ёзуви ҳозирги такомиллашган шаклига келган.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбиялари туфайли арабларни инсонпарвар, покиза табиатли, илм ва маърифатли, олижаноб инсонларга айлантирди.

Башарият Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин қандай аҳволда бўлганлигига ва у зот келганларидан кейин қандай марраларга эришганига назар ташласак, у зотнинг етук муаллим бўлганликларига гувоҳ бўламиз.

Ҳеч бир мураббий У зотдан кўп талаба етиштириб бермаган. У зотнинг тарбияларида номлари тилларда достон саҳобалар етишиб чиқди. Жоҳилият даврида улар қандай кишилар эди? Кейин қандай бўлдилар?

Саҳобаи киромларнинг ҳар бири ушбу мураббийнинг қай даражада буюк ва тенгсиз эканликларининг ёрқин далилидир. Ўз даврининг етук олими Имом Қирофий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирор-бир мўъжизалари бўлмаганида ҳам, саҳобаларининг ўзи у зот нубувватларининг исботи учун етарли эди”.

Башариятнинг буюк муаллимини нафақат Шарқ мутафаккир ва олимлари эътироф этишган, балки Ғарбнинг бир қатор холис тарихчи ва тадқиқотчилари у зотнинг буюкликлари олдида ўз ҳайратларини яширишмаган. Британиялик машҳур тарихчи олим доктор Алекс Карлил арабларнинг ҳолати ҳақида гапириб: “Улар саҳрода яшайдиган, дунёдан бир неча аср узилиб қолган қавм эдилар. Уларга араб бўлган Набий келганидан сўнг илму маърифатда довруғ қозондилар, озчиликдан кўпайдилар, хорликдан кейин азиз бўлдилар. Сўнгра бирор аср Ер курраси уларнинг ақл ва билимлари зиёсидан бебаҳра бўлмади”, дейди.

Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу бу борада ўзи гувоҳ бўлган воқеа ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиқиб, масжидга кирдилар ва у ерда икки гуруҳга дуч келдилар: бири Қуръон ўқиб, Аллоҳ таолога дуо қилишса, иккинчиси илм ўрганиб, уни таълим беришарди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ҳаммалари яхшилик узрадир. Булар Қуръон ўқиб, Аллоҳга дуо қилишмоқда, Аллоҳ хоҳласа (улар сўраган нарсани) беради ёки хоҳласа манъ қилади. Мана булар эса илм ўрганиб, уни таълим беришмоқда. Мен фақат муаллим қилиб юборилганман, дедилар-да, уларнинг мажлисига қўшилдилар”» (Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривояти).

Муаллим олдида таълим жараёнида юзага келадиган муаммо ва масалаларни қандай ҳал қилиш, машғулотларни қандай ташкил қилиш, нимадан бошлаш, нималарга урғу бериш, нимани ўргатиш, қандай ўргатиш, деган муаммо кўндаланг туради. Биз ушбу муаммоларнинг ҳал қилинишида башариятнинг Буюк муаллими – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қарийб ўн беш аср олдин қандай ёндашганлари ва у инсонларга қандай таъсир этганини тадқиқ қилсак ва ўргансак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Муовия ибн Ҳакам Суламий розийаллоҳу анҳу ўзи Ислом динини қабул қилган пайтда бўлган бир воқеани қуйидагича ёдга олади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида намоз ўқиётган эдим. Қавмдаги кишилардан бири акса урди ва мен “Ярҳамукаллоҳ”, дедим. Шунда одамлар менга қарашди”. Мен: “Нима учун менга бундай қараяпсиз?!” деган эдим, улар қўлларини сонларига ура бошлашди. Улар мени жим қилмоқчи бўлганларини билганимдан кейин жим бўлдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг мени чақирдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин! Бундан аввал ҳам, кейин ҳам у зотдек гўзал таълим берадиган муаллимни кўрмадим! Аллоҳга қасамки, у зот мени жеркимадилар ҳам, койимадилар ҳам, айбламадилар ҳам. Балки “Ушбу намозда одамларнинг сўзларини бўлиш дуруст эмас, у фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидир”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳа, у зот энг буюк, илмга, маърифатга ва ҳикматга энг бой муаллим ва энг меҳрибон мураббий эдилар. Аллоҳ таолонинг юксак ҳикматига кўра ўқиш-ёзишни таълим олмаган – уммий бўлсалар-да, инсониятнинг энг илмлиси ва маърифатлиси бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотни муаллим ва мураббийда мавжуд бўлиши зарур бўлган барча гўзал хулқларнинг энг мукаммали, юксак намунаси билан зийнатлаган. У зот инсонларга ўта ҳалимлик, босиқлик ва меҳрибонлик билан таълим берганлар.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни изоҳлаб, жумладан, қуйидагиларни айтадилар: “Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эга бўлган, Аллоҳ таоло гувоҳлик берган буюк хулқли зот эканликлари, жоҳил кишиларга юмшоқлик билан муомала қилишлари, умматларига раҳмли-шафқатли эканликлари намоён бўлади. Шу билан бирга, бу ҳадисда у зотни илмсиз кишига нисбатан юмшоқлик билан, мулойим хулқ ва гўзал таълим бериш билан хулқланишга тарғиб бор”.

Аллоҳ таоло у зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб, Ўзининг каломида бундай марҳамат қилган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Демак, муаллимлик ва мураббийлик масъулиятли вазифа. Уни адо қилиш учун билим ва савия юқори бўлишининг ўзи кифоя қилмас экан. Балки бу борада у шахсий ва ахлоқий фазилатларга ҳам эга бўлиши лозим экан. Зеро, муаллим таълим жараёнида билими билан бирга ўзининг дунёқараши, эътиқоди, шахсий хулқ-атворини ҳам шогирдларининг онги, руҳиятига ва табиатига сингдириб боради.

Инсониятнинг ушбу буюк муаллими ўзларининг юксак хулқлари ва амалий кўрсатмалари билан таълим берар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал ахлоқлари, қилган ишлари ва барча ҳолатларида умматлари учун намуна эдилар. Аллоҳ таоло бундай дейди: (Эй имон келтирганлар) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Муаллим қўл остидаги шогирдларига ўргатмоқчи бўлган билимини амалиётда кўрсатиб бериши уни сўзда ифодалаб беришидан кўра таъсирлироқ ва улар тушуниб, эсда сақлаб қолишлари ҳамда ўрнак олиб, унга эргашишлари учун осонроқ ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни нимага буюрсалар, уни биринчилардан бўлиб ўзлари амалга оширганлар. Саҳобалар у зотдан ўрнак олиб, уни қандай кўрган бўлсалар, шундайлигича ҳаётларига татбиқ қилишган. У зотнинг намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатларни ҳамда кўплаб ижтимоий одоб ва муомалаларни таълим беришда ушбу услубни қўллашлари шариатнинг кўплаб аҳкомларининг шаклланишида катта аҳамият касб этган. “Мен намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар”, “Ҳаж амалларини мендан (ўрганиб) олинглар”, дея саҳобаларга ушбу ибодатни қонун-қоидаларини амалда кўрсатиб берганлар. Ҳатто баъзан кўпчилик кўриб, ўрганиб олиши учун минбарга чиқиб, намоз ўқиб берганлари ҳам ривоятларда келган. Шу билан бирга, у зотнинг ҳар бир ҳаракатларидан тортиб, имо-ишораларигача саҳобаи киромларнинг диққат марказида бўлган. Улар ушбу набавий таълим услуби орқали кўплаб амалий ибодат ва муомалаларни ўрганиб, ўзларидан кейинги авлодга худди шу тарзда етказганлар.

Биз ҳам инсониятнинг энг буюк муаллими – суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, суннатларини, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир.

Абдулатиф ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан