Мақолалар

Машаққат ортидан енгиллик келур

Чоп этилди Dekabr 4, 2020 Машаққат ортидан енгиллик келурda fikr bildirishni o'chirish

«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?! Сиздан юкингизни олиб қўйдик (енгиллатдик), қайсики, белингизни эзиб турган эди. Зикрингизни (исмингизни) ҳам баланд кўтариб қўйдик. Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Бас, (эй Муҳаммад!) Қачонки, (намоздан) фориғ бўлсангиз, (ўрнингиздан) туринг ва Раббингиз сари рағбат (билан дуо) қилинг!» (Шарҳ сураси)

«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?! Яъни: “Қалбингизни Ислом учун очиб қўймадикми?!” Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Қалбингизни мулойим қилиб қўймадикми?!”» деб тафсир қилган.

Имом Заҳҳок Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, қалб очиладими?” деб сўрашди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, кенгаяди ҳам”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бунинг бирор белгиси борми?” деб сўрашди. У зот: “Ҳа, алдамчи дунёдан юз ўгириб, абадий ҳаётга юзланади ҳамда ўлим учун тайёргарлик кўради”, деб васфладилар». Ушбу оятнинг маъноси Зумар сурасининг 22-оятида бундай ифодаланади: «Ахир, Аллоҳ, кўксини Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?!»

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ «Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?!» оятини “Ҳикмат ва илмга лиммо-лим қилиб қўймадикми?!” деб тафсир қилган.

Молик ибн Саъсаъадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйимда уйқу билан уйғоқлик орасида эканимда “Учдан бири” деган овозни эшитдим. Менга тилла тоғора олиб келинди. Унда Замзам суви бор эди. Кейин кўксим мана бунча, мана бунчагача очилди”, дедилар. Қатода розийаллоҳу анҳу: “Нимани назарда тутяпсиз?” деб сўради. Унга жавобан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қорнимнинг остигача”, дедилар. Кейин сўзларида давом этиб: “Қалбим чиқарилиб, Замзам билан ювилгач, яна жойига қайтариб қўйилди. Кейин имон ва ҳикмат билан тўлдирилди”, деб марҳамат қилдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳузуримга қуш суратида икки фаришта келди. Ўзлари билан сув ва қор келтиришди. Улардан бири кўксимни ёрди. Иккинчиси тумшуғи билан уни очиб, ювди”. Бошқа бир ҳадисда: “Бир фаришта келиб кўксимни ёриб, ундан шайтоннинг насибасини чиқарди. Сўнг: Қалбинг англайди, кўзларинг кўради, қулоқларинг эшитади. Сен Аллоҳнинг расули – Муҳаммадсан. Тилинг ҳақиқатгўй, нафсинг хотиржам, хулқинг жамловчи, ўзинг ишончли кишисан”, деди».

«Сиздан юкингизни олиб қўйдик», яъни сиздан гуноҳларингизни ўчирдик. Ушбу оят Аллоҳ таолонинг бу сўзи кабидир: «(Бу фатҳ) Сиз учун Аллоҳнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши.. учундир» (Фатҳ сураси, 2-оят).

Бир ривоятда: “Нубувватдан олдин содир бўлган барчаси”, дейилган. Шунда маъно: “Жоҳилият ишларидан бўлган сиздаги нарсаларни олиб қўйдик”, бўлади. Гарчи Пайғамбаримиз алайҳиссалом бут ва санамга ибодат қилмаган бўлсалар-да, қавмларининг урф-одатларини бажарардилар.

Муҳосибий раҳимаҳуллоҳ: «Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг гуноҳлари мағфират қилинишига қарамай, гуноҳ сифати уларда “оғир юк”, деб аталади. Сабаби, улар гуноҳдан қаттиқ хавотирга тушар, надомат ва ҳасрат чекишарди».

Суддий раҳимаҳуллоҳ: «Сиздан юкингизни олиб қўйдик» оятини “оғирликни олиб ташладик”, деб тафсир қилган. Бир ўринда: “Сиздан жоҳилият гуноҳларининг оғирлигини олиб ташладик” дейилади. Ҳасан ибн Муфаззал: “Яъни, хато ва эътиборсизликдан келиб чиққан гуноҳлар оғирлиги”, деб изоҳлайди. Бошқа ўринда: “Умматларнинг гуноҳи, яъни у зотнинг қалблари умматларининг гуноҳи билан машғул бўлиб қолгани учун шундай нисбат берилган”, дейилади.

Абдулазиз ибн Яҳё ва Абу Убайда: “Оғирлик қилмаслиги учун сиздан нубувват машаққати ва унга бардош беришни енгиллатдик”, деб тафсир қилишган.

«Зикрингизни (исмингизни) ҳам баланд кўтариб қўйдик». Заҳҳок Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло у зотга: “Азон, иқомат, ташаҳҳуд, жума ва никоҳ хутбасида, Қурбонлик ва ташриқ кунлари, Арафа кунида, Сафо ва Марвада, тош отишда, ернинг машриқу мағрибида Менинг исмим билан бирга зикр қилиндингиз. Агар бир киши Аллоҳ таолога ибодат қилса, жаннату дўзахни ҳамда барча нарсани тасдиқ этсаю, бироқ Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик бермаса, кофир бўлади”, деди».

Яна бир ўринда: “Сизни зикр этиш Бизнинг зиммамизда. Сизни ўтган пайғамбарларга нозил бўлган китобларда зикр этдик. Биз уларга сиз билан башорат беришларини буюрдик”, дейилади. Бошқа бир ўринда бундай келади: “Зикрингизни осмонда фаришталар, ер юзида мўминлар орасида юксалтирдик. Энди эса охиратда мақоми Маҳмуд ва буюк даражаларни бериш билан кўтаражакмиз”.

«Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир». Бир гуруҳ олимлар айтишадики: “Ушбу такрор таъкиди учундир. У Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди: «Йўқ! Яқинда (бунинг оқибатини) билурсиз. Яна бир бор йўқ! Яқинда билурсиз!» (Такосур сураси, 3–4-оятлар)

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Аллоҳ таоло бир қийинчилик ортидан иккита енгилликни ваъда қилмоқда. Албатта, битта қийинчилик иккита енгилликдан ғолиб бўлолмайди”, деган.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар қийинчилик тош бўлса ҳам, енгиллик токи унга кириб бормагунича ҳаракатини тўхтатмайди. Асло бир қийинчилик икки енгилликдан устун бўлолмас”.

Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу румлик бир жамоадан қўрқиб турган Абу Убайда ибн Жарроҳ розийаллоҳу анҳуга бундай мактуб ёзди: “Амма баъд, мўмин қанчалик машаққатга тушмасин, албатта, Аллоҳ таоло унинг ортидан енгиллик беради. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликни енга олмас…”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан қувилишлари машаққат бўлса, бир неча йилдан сўнг, ўн минг қўшин билан Маккага кириб келишлари енгилликдир.

«Бас, (эй Муҳаммад!) Қачонки, (намоздан) фориғ бўлсангиз, (ўрнингиздан) туринг ва Раббингиз сари рағбат (билан дуо) қилинг!» Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Дуога қўл очиб, ҳожатингизни сўранг”, деб тафсир қилган.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Фарз намозлардан фориғ бўлгач, тунги (таҳажжуд) намозга туринг”, деб тафсир қилади. Ҳасан ва Қатода: “Душманлар билан жанг қилишдан фориғ бўлгач, Раббингиз ибодатига туринг”, маъносини беришган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Дунё ишларингиздан фориғ бўлсангиз, намозга туринг”, деб тафсир қилади.

Яъни, даъват ёки жиҳод ё дунё ишларидан фориғ бўлганингиздан кейин, нафсингизни ибодат билан мушғул қилинг, дуода жидду жаҳд қилинг, Аллоҳ таолодан ҳожатларингизни сўранг, ният ва рағбатингизни Раббингизга холис этинг. Амалингиз савобини фақат Ундан сўранг. Албатта, Парвардигорингиз юзланиш, ялиниш ва таваккул қилишингизни хоҳлайди…

Ушбу оят солиҳ амалларда бардавомликни талаб қилишга далилдир. Зеро, шариат вақтдан унумли фойдаланишга буюрган. Бекорчилик Аллоҳга ҳам хуш келмайди.

“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунир” асосида Андижон шаҳридаги
“Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Салимжон ШОКИРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан