Мақолалар

Улушларни тақсимлаш

Чоп этилди Dekabr 5, 2020 Улушларни тақсимлашda fikr bildirishni o'chirish

Тақсимлаш фиқҳ китобларида “қисма” дейилади. У луғатда тақсимлаш, бўлиш, тайин қилиш маъноларини англатади. Истилоҳда “қисма” – тарқоқ ҳақни тайин қилишдир. Бошқа бир таърифда “шерикка тарқоқ улушни махсус макон ёки муайян жойда жамлашдир”, дейилган.

Бу иш Қуръон, суннат ва ижмо билан шариатга кирган.

Инсонлар ўртасида шерикли муносабатлар бўлиши табиий. Одатда одамлар деҳқончилик, чорва, савдо ва кўчмас мулкка ўхшаш нарсаларда шериклик қилишади. Улардан бири ёки ҳаммаси ўз улушларини олмоқчи бўлса, истаса, ўзаро келишувга кўра аниқлаб олади. Келиша олишмаса, қозига мурожаат қилинади. Шерикларнинг ҳақини аниқлаб бериш қози ёки у тайинлаган вакил ё шу ишга лойиқ киши томонидан бажарилади.

Тақсимлашнинг шартлари

1. Тақсимланадиган нарсанинг айни ўзи бор бўлиши керак. Йўқ нарса тақсимланмайди.

2. Шерикли нарса тақсимланганидан кейин фойдаланишга яроқли бўлиши.

3. Тақсимлашда ҳар кимнинг ҳиссасини умумий эмас, аниқ белгилаш керак. Масалан, бир хирмон буғдойга шерик бўлганлар бу томонини сен ол, буёғи менга, деб бўлиши тўғри эмас.

4. Тақсимот вақтида бўлинаётган нарса шерикларнинг мулки остида бўлиши керак. Тақсимдан кейин бўлинган нарсага ҳақдор чиқиб қолса, тақсим ботил бўлади.

5. Тақсимнинг адолатли бўлиши – ҳиссалар ҳақлиликка кўра бўлиши ва ўта нуқсонли бўлмаслигидир.

6. Шериклар ўзаро келишиб тақсимлаётганда уларнинг ҳар бири рози бўлиши керак.

7. Қози тақсимлаши учун шериклар ёки улардан бири бу (тақсим)ни талаб қилган бўлиши керак. Яъни, қозидан талаб қилмаса, ўзича аралашмайди.

8. Фузулийнинг тақсими1 билан шериклар розиликка оид гап ёки ҳаракат қилса, тақсим тўғри бўлади.

Одамлар орасида тақсим қилиш учун ҳақ олмасдан байтул-мол (ғазна)дан маош оладиган тақсимчини тайинлаш яхшироқ. Агар у тайинланмаса, мол эгаларидан ҳақ олиб тақсимланади. Тақсимловчи адолатли, ишончли, тақсим илми билимдони бўлиши шарт. Фақат битта тақсимчи тайинланмайди. Чунки одатдагидан хизмат ҳақини ошириб юбориши мумкин. Тақсимловчилар шерик бўлиб олишмайди. Яъни, алоҳидаалоҳида тайинланади. Улар иш ҳақини шериклар сонига қараб олади.

Тақсимланадиган улуш икки хил бўлади:

  • Ифроз. Бадал.

Ифроз ҳақнинг айни ўзини олишдир. У ўлчанадиган, тортиладиган ва саналадиган нарсаларда бўлади. Масалан, ер, буғдой, пулга ўхшаш нарсалар. Бунда шериклар ҳақини ўша нарсанинг ўзидан олади. Шунингдек, ифрозда шериклардан бири бўлмаса ҳам, бошқалар ўз ҳақини олиши мумкин.

Бадал эса ўлчанадиган, тортиладиган ва саналадигандан бошқа нарсаларда бўлади. Улар қийматида тафовутли бўлган нарсалардир. Масалан, шерикли мулкда уй ва чорва ҳайвонлари бўлса, уларни шериклар орасида тенг тақсимлаб бўлмайди. Ўзлари келишиб олса, бўлаверади. Бунда шериклардан бири мажнун, балоғатга етмаган ёки узоқда бўлиб, унинг васийи ёхуд валийи бўлмаса, тақсим қилинмайди. Қилингани бекор бўлади.

Тақсимлаш икки хил бўлади: розилик ва мажбурий.

Розилик – шерикларнинг ўзаро келишиб олишидир.

Мажбурий эса шериклардан бирининг талабига кўра қози ёки тақсимловчи томонидан тақсимланиши. Бунда шериклар тақсимловчининг тақсимига кўнади. Шу мажбурий тақсим дейилади. Шериклардан бири тақсим нотўғри бўлганини даъво қилиб, ҳужжат келтирса, гапи ўтади.

Тақсим ишига тақсимловчи аралашгандан кейин вазиятга қарайди. Ўртадаги улуш қайси турга мансуб ва ҳолат қандай?

Ҳовли чорбоғ, дўконлар ҳар бири алоҳида-алоҳида тақсимланади. Туя, қорамол ё қўй каби жинси бир хил мулк шериклардан бири норози бўлса ҳам тақсимланади. Шериклик мулк турли хил (ер билан чорва ёки кўчмас мулк билан қорамол ва шунга ўхшаш) аралаш бўлса, тақсим қилинмайди. Шунингдек, турли кийим-кечак ёки қиймати фарқли икки кийим тақсимловчи томонидан бўлинмайди. Чунки уни тенг тақсимлаб бўлмайди. Ўзаро келишса бўлади. Тақсимловчи шериклар розилигисиз дирҳам кирита олмайди. Яъни, пулга ҳисоблаб бериши учун шериклар розилиги керак.

Манбалар асосида Абдуллоҳ ДЕҲҚОН тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан