Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Dekabr 5, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Ҳурматли устозлар, турли вилоятларимизда қабр кавлаш ва маййитни дафн қилиш турлича эканига гувоҳи бўламиз. Шариатимизда қабр кавлаш ва маййитни дафн қилиш ҳукмлари ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Қабрни лаҳад шаклида кавлаш суннатдир. Яъни, инсоннинг гавдаси баробарида чуқур қазилгач, унинг қибла томонидан лаҳад кавланади. Унинг чуқурлиги кўкрак баробарича бўлиши керак. Агар ундан чуқурроқ бўлса, янада яхши. Эни ярим қомат, яъни бир метрга яқин, узунлиги эса маййитнинг қомати баробарича бўлиши лозим.

Ернинг юмшоқлиги ёки қумлилиги сабаб қабрни лаҳад шаклида кавлашга имкон бўлмаса, “шаққ” кўринишида, яъни ёрма қабр кавлаб, дафн этиш ҳам мумкин. Бунда ариқ қазигандек ер очилади ва икки ёни хомғиштлар билан уриб чиқилади. Маййит қўйилгач, устига тегмайдиган қилиб ёғоч, тахта ёки шох-шаббалардан “шифт” ясаб, устидан тупроқ тортилади. Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл раҳматуллоҳи алайҳнинг берган фатволарига кўра, баъзи юмшоқ тупроқли ерларда лаҳад ёки ёрма қабр кавлашнинг имкони бўлмагани учун нимадан бўлса ҳам тобут (қути, сандиқ) ясаб, маййитни унга солиб кўмиш жоиз. Агар темирдан ясалса, унинг ичига аввал тупроқ тўшалади, устки қисми ёрма қабр усти каби ёпиб, лой билан суваб қўйилади. Маййитнинг ўнг ва чап томонларига хом ғишт терилади. Шундай қилинса, лаҳадга ўхшатилган бўлади. Лаҳадга пишиқ ғишт ишлатиш макруҳдир.

Аёл киши мурдасини лаҳадга қўйишга ҳаммадан кўра унинг маҳрамлари ҳақлироқдир. Улардан кейин маҳрам бўлмаган қариндош авлодлари ҳақли бўлади. Агар улардан ҳеч ким бўлмаса ёки қўйишни уддалай олмаса, бегоналар қўйиши жоиз.

Тобутни ерга қўйишдан олдин ўтириб олиш макруҳ ҳисобланади.

Дафндан кейин яқинлари дарҳол тарқаб кетмай, бироз вақт (яъни, туя сўйилиб, гўшти тақсимланадиган миқдорча) дуо, Қуръон тиловати қилиб ўтиришлари мустаҳабдир.

Қабр устига иморат қуриш, ўтириш, ухлаш, босиб юриш, таҳорат ушатиш, кўкариб турган гиёҳларни юлиш ёки чорва молларини ўтлатиш макруҳ ишлардан саналади.

Мақбара тиклаш, қабр тоши қўйиб, унга ёзувлар битиш масаласидаги уламоларнинг ихтилофи, асосан, оддий мусулмонларнинг қабрлари тўғрисида бўлган. Аммо Аллоҳга яқин азиз-авлиёлар, алломаларнинг қабрлари эса, зиёратчилар руҳий таассурот олсин, кейинги авлод учун уларнинг мозорлари ибрат манбаи бўлсин, деган эзгу мақсадда ўзлари васият қилмаган ва хоҳламаган бўлсалар-да, бошқалар томонидан тикланса, обод қилинса, зарари йўқ, балки кўп манфаатли жиҳатлари борлиги учун рухсат берилган (“Оламгирия”, “Қозихон”, “Ал-Баҳрур-роиқ”). Валлоҳу аълам.

Савол: Баъзилар жаноза намозини таҳоратсиз ўқиса ҳам жоиз, дейишади. Шу гап тўғрими?

Жавоб: Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Чунки жаноза намозини ўқувчининг бадани, кийими ва жойи таҳоратсизлик ва нажосатдан пок бўлиши шарт. Жаноза намозига улгуриш учун вақт жуда кам бўлганида таяммум қилиб, жаноза намозига қўшилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Савол: Бир ғайридин ҳамкасбим Исломни қабул қилмоқчи. У мусулмон бўлиши учун нима қилиши керак?

Жавоб: Ғайридин мусулмон бўлиши учун шаҳодат калимасини айтиши, яъни, “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” дейиши керак. Бунга тил билан иқрор бўлиб, қалби билан тасдиқлаши лозим. Имоннинг шартлари еттита: улар Аллоҳ таолога, фаришталарга, нозил қилинган китобларга, пайғамбарларга, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига, қиёмат кунида қайта тирилишига қатъий ишонишдир.

Ғайридин кимса Исломни қабул қилгач, унинг ўтган барча гуноҳлари кечирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом ўзидан олдинги (гуноҳ)ларни ўчиради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Уламолар янги имон келтирган одамнинг ғусл қилиб олишини мустаҳаб дейишган. Ғайридин мусулмон бўлганидан сўнг Ислом динига оид зарурий илмларни ўрганиши, беш вақт намоз ўқиши, моли нисобга етса, закот бериши, Рамазон рўзасини тутиши, агар йўлга қодир бўлса, ҳаж қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Савол: Эҳтикор нима?

Жавоб: Эҳтикор, луғатда, нарсанинг баҳоси ошишини кутиб, сотмай сақлаб туришдир. Шариатда одамлар ва ҳайвонлар озуқасини сотиб олиб, нархи ошишигача сақлаб туриш эҳтикор ҳисобланади. Агар мазкур нарсаларни сотиб олиб, сақлаб туриш кишиларга зиён қилса, макруҳ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким бирор таомни қирқ кунгача эҳтикор қилса, у Аллоҳ таолодан, Аллоҳ таоло эса ундан безор бўлган бўлур» (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Имом Ҳоким ривояти).

Киши ўз даласида етиштирган ҳосилини сақлаб туришида ва четдан олиб келинган маҳсулотларда эҳтикор бўлмайди (“Ҳидоя”, “Мухтасарул Виқоя”). Валлоҳу аълам!

Савол: Жаноза намозида уч, беш саф бўлиб, тоқ бўлиб сафланинглар, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

Жавоб: Ҳадиси шарифларда жаноза намозида сафлар учтага етиши маййитнинг кечирилишига сабаб бўлиши айтилган. Чунки жаноза намози маййитнинг ҳаққига дуо қилишдир. Унда қанча кўп одам иштирок этса, шунча фазилатли бўлади. Лекин сафларнинг тоқ бўлиши шарт қилинмаган, мабодо, сафлар жуфт бўлиб қолса ҳам зарари йўқ. Бу мавзуда Аллома Муҳаммадамин ибн Обидин “Раддул муҳтор” китобида бундай дейди: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, деганлар. Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган ва ҳасан ҳадис, деган. Имом Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Имом Муслимнинг шартига биноан саҳиҳ ҳадис, деган. Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “(Жанозада) уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.

Демак, одам кам бўлса-да, сафларни учтага етказиш мустаҳаб амал экан. Сафлар учтадан ошиб кетгандан кейин унинг тоқ ёки жуфт бўлишининг фарқи йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан