Мақолалар

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ – замон талаби

Чоп этилди Dekabr 6, 2020 Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ – замон талабиda fikr bildirishni o'chirish

XXI юз йиллик ахборот асри бўлиб, ҳозирги давр авлоди глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Айнан ёш авлод турли кўринишдаги ғоявий хуружлар нишонига айлангани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бир томондан экстремистик оқимлар фаолияти, бошқа томондан миссионерлар ҳаракати, учинчи томондан эса “омма­вий маданият” тарғиботчилари ёш авлод онгига соф Ислом дини таълимотига зид ақи­даларни сингдириш, муқаддас эътиқо­димиздан айириш ва ўзбекона миллий ва диний қадриятларимиздан воз кечиш­га чақириш йўлида муттасил фаолият олиб бормоқда.

Бунинг оқибатида соф Ислом таълимотидан етарли даражада хабардор бўлмаган баъзи ёшлар экстремистик ғояларга чалғиб, турли жиноятларга қўл уришмоқда. Баъзилари, афсуски, ана шундай жиноятларнинг қурбонига айланмоқдалар. Айримлари Исломдек маърифатпарвар, тинчликпарвар, бутун инсониятга фақат яхшиликни таълим берувчи динни арзимаган дунё матоҳига алмашиб, ўзга динни қабул қилишяпти.

Бошқалари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни ўзига маъқул кўрмоқдалар. Буларнинг барчаси охир-оқибат порлоқ келажагимизга рахна соляпти.

Ислом таълимотида мусул­мон киши эътиқодга, ҳур ва озод яшашга, бир сўз билан айтганда, сокин ҳаёт кечиришга рахна солувчи ҳар қандай куч­га қарши курашиши лозимли­ги таъкидланади.

Анфол сурасининг 60-оятида бундай амр қилинган: «Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур».

Мазкур оятнинг мазмунига қарайдиган бўлсак, тинчлигимиз, халқимизнинг бирдамлиги, келажагимиз умидлари бўлмиш ёшларимизнинг камолотига рахна солиб турган ғоявий таҳдидларнинг олдини олишимиз учун Аллоҳ таоло бизларни йигирма биринчи асрдаги ғоявий зуғумларга қарши, миллатимиз ва динимиз душманларига қарши замонавий “куч”ни тайёрлаб қўйишга буюрмоқда.

Демак, ёш авлоднинг онгида ҳозирги замон мафкуравий хуружларига қарши ғоявий кучни, маънавий иммунитетни ҳозирламоқ замон талабидир.

Маънавияти юксак, ҳар қандай ёт ғоя­ларга чап бера оладиган, ўзининг мустаҳ­кам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, ундан оғишмай яшайдиган халқни ҳеч қандай куч енга олмайди. Балки унинг метин иродаси олдида ғанимлар бош эгиб таъзим қилади.

Тарихдан бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Абдулваҳҳоб Субкийнинг “Табақотуш шофиийатул куб­ро” асарида бундай воқеа зикр қилинган: “Бағдодда амирул мўминин Мутиуллоҳ­нинг ҳузурига Рум қироли Тақфурнинг номидан мактуб келади. Номада бутун мусулмон аҳлига таҳдид, дўқ-пўписа ҳамда турли бўҳтону таҳқирли мазмундаги қасида битилган эди. Ўша вақтда илм ўчоғига айланиб улгурган Бағдодда кўплаб адиблар, шоирлару фусаҳолар жамланган бўлишига қарамай, ҳеч бирлари ғанимнинг бу мактубига яраша раддия ёзишга қурблари етмайди. Фақат тасодиф туфайли Бағдодда мусофир бўлиб турган буюк ватандошимиз Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларигина Тақфурнинг сурбетларча ёзган қасидасига муносиб жавоб ёза олди.

Жавоб хати Тақфурнинг қўлига етиб борганида, уни ўқиб, қўрқувдан дағ-дағ титраб, пешоб тута олмаслик дардига чалиниб қолади ва мусулмонларнинг маънавий қувватига тан беради.

Буюк бобомизнинг маънавий жасоратлари тилларда дос­тон бўлгани боис ҳалигача халқимиз у зотни “Пош­шомот ота” яъни, “подшони мот қилган зот”, деб ҳурмат қилади.

Турли кўринишдаги ғоявий хуружлар давом этаётган бугунги кунда, айниқса, интернет ушбу хуружларнинг воситасига айланиб улгурган бир шароитда ёшларимизни интернетдан фойдаланиш маданиятига жиддий эътибор қаратиб, маънавий савияларини тарқатилаётган ёт ғояларни фарқлай оладиган, уларга қарши тура оладиган даражага юксалтиришимиз жуда муҳимдир.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан