Мақолалар

Тил – инсон кўрки

Чоп этилди Dekabr 6, 2020 Тил – инсон кўркиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?” (Балад сураси, 9-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло инсонга бу икки аъзоларни ато қилганини айтмоқда.

Инсон жисмига тафаккур назари билан эътибор қилса, ҳеч бир аъзоси беҳикмат яратилмаганига амин бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Аббос розийаллоҳу анҳуга: “Гўзаллигингиз мени ажаблантиради”, дедилар. У киши: “Кишининг чиройи нима, ё Аллоҳнинг Расули?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тилининг фасоҳати”, дедилар. Демак, тил инсоннинг гўзаллиги экан.

Ўзбек тилининг нафислиги, бой ва маъно нозиклиги мутафаккир боболаримиз ижодида ўз ифодасини топган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида: “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади”, дейди.

Ҳазрат Алишер Навоий “Муҳокаматул луғатайн” асарида шеърият ва бадииятдаги имконияти ва жозибасини назокат билан шарҳлаган. У кишининг “Лайли ва Мажнун” достонида:

Айтиб совумас таронасен сен,
Олиб қурумас хизонасен сен,

деб ёзади. Яъни, тил айтган билан совумайдиган тарона, олган билан тугамайдиган хазина, деб таърифлайди.

Она тилимиз ўз мавқеига эга бўлди. Конституциямизда давлат тили сифатида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили байроқ, герб, мадҳия, конституция қаторида турадиган, қонун билан ҳимояланадиган тимсоллардан бирига айланди.

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. У нафақат муомала, балки маълум халқ маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихини ҳам ўзида ифодалайдиган восита. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, анъаналарини сақлайди. Шу боис тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва тараққий этган тиллар сафига қўшишга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз зарур.

Донишмандлардан бири: “Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданияти ва зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч”, деган эди.

Бизга ато этилган ушбу улуғ неъматни қадрлаб, Ҳақ таоло розилиги учун ҳаракат қилайлик. Бунда тилимиз билан яхшиликка далолат қилувчи маъруф, ҳикматга бой сўзларни гапириб, унинг акси бўлган сўзлардан тийилиб, ҳаёт кечирайлик.

Алишер НАИМОВ,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан