Олий ҳиммат ва юксак маданият белгиси
Абу Масъуд ибн Уқба розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. «Набий алайҳиссалом: «Одамларга етиб келган нубувват насиҳатлардан бири: “Уялмасанг, истаганингни қилавер”», деб марҳамат қилдилар.
“Одамларга етиб келган нубувват насиҳатлардан бири”. Ҳадиснинг матнидан ушбу насиҳатнинг ўтган пайғамбарлардан асрлар оша нақл қилиниб келаётгани маълум бўлмоқда.
“Уялмасанг, истаганингни қилавер”. Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший “Усулул фиқҳ” асарида айтади: «Ушбу ҳадиснинг маъноси: “Уялмаган киши истаганини қилаверсин. Тўхтатиб қолишга уринманглар. Киши фақат ҳаёси тўхтатсагина, гуноҳдан тийилади. Ақли идрок этсагина зарарни тарк этиб, фойдани танлайди”.
Ҳаё инсонда иккиланишни пайдо қилади. Шундан сўнг у Аллоҳ таоло ва одамлардан ҳаё қилиб, гуноҳни тарк этади. Бу амали эвазига Парвардигор уни ё гуноҳлардан тияди ёки ҳаёни танлатиб қўяди. Хайрли амаллар билан машғул этади.
Ҳаё инсонни ёмонликка тушиб қолишдан сақловчи омилдир. Ундан воз кечган инсондан яхшилик кутилмайди. Шундай экан, ҳадиснинг маъноси: “Уялмас экансан, истаганингни бажар. Агар разолатдан қайтарадиган ҳаёинг бўлмаса, нафсинг сенга буюрганини қил. Албатта, Аллоҳ таоло сени кўриб туради ва: “Нимани хоҳласангиз, ўшани қилаверингиз! Албатта, У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир” (Фуссилат сураси, 40-) оятига биноан жазога тортади.
Ушбу ҳадисни яна бир неча хил таъвил қилиш мумкин:
– Агар айб иш қилишдан уялмасанг, орланишдан қўрқмасанг, нафсинг буюрган яхшилик ёки ёмонликни бажаравер. .
– Қилаётган ишинг сабабли уялиб қолмаслигингга ишончинг комил бўлса, уни тарк этма.
– Ваъид маъносида. Яъни, истаганингни қил, барибир ҳисоб-китоб қилинасан.
Ушбу ҳадисда гуноҳ амални бажариш қоралаб айтилган. Яъни, амалларнинг энг ёмони ҳаёни тарк этишдир. Шунинг учун киши бирор мубоҳ ишни мақсад этса ва уни бажаришда Аллоҳ ва одамлардан ҳаё қилмаса, уни амалга оширади. Аксинча эса, йўқ.
Тарк этилиши вожиб ёки мустаҳаб бўлган амаллар борки, уларни бажармасликдан ҳаё қилинмайди. Аксинча, ҳаром ва макруҳ амалларни бажаришдан ҳаё қилинади.
“Агар мўминнинг ҳаёси ҳаққа юзланишдан, амри маъруф ва наҳйи мункардан тўсса, яхшилиги маълум амалларни тарк этишга ундаса-чи?” деган саволга: “Бу ҳақиқий ҳаё эмас. Балки ожизлик, беқарорлик, яроқсизлик белгисидир”, дея жавоб берилади.
Ҳаё бу инсоннинг ҳақиқатан қўрқиб ёмон ишни тарк этишидир. Ибн Сино: “Ҳаё қабоҳатли ишларни бажаришдан қайтарувчи хулқдир”, деган.
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу: “Кимнинг ҳаёси озайса, диёнати озаяди. Кимнинг диёнати озайса, қалби ўлади”, деб огоҳлантирган. Ҳаёни тарк этган кишидан яхшилик кутилмайди. Сабаби, у айнан яхшиликдан воз кечгандир.
Ҳаёнинг асли гўзал хулқ. Ҳаё имоннинг хислатларидан, Исломнинг гўзаллигидандир. Ҳаё дунё ва охират шармандалигидан сақлайди. У олийҳимматлилик ва юксак маданият белгисидир. Набийлар, саҳобалар ва тобеинлар сифатларидан биридир. У эгасини Аллоҳнинг суюкли бандасига ва обрўли кишига айлантиради.
Манбалар асосида Андижон шаҳридаги “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби
Салоҳиддин ШОКИРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан