Ошиқу орифлар: ҲАР БИРИ ЎРНИНИ ИЗЛАЙ БОШЛАДИ
Амр ибн Усмон Маккий раҳматуллоҳу алайҳ “Китоб ул-муҳаббат” деган асарида ёзади: “Ҳаққ таоло баданлардан етти минг йил аввал қалбларни яратди, уларни қурб мақомида муҳофаза қилди; қалблардан етти минг йил аввал руҳларни яратди, уларни унс гулистонида муҳофаза этди; руҳлардан етти минг йил аввал сирларни яратди, уларни вуслат даражасида муҳофаза қилди, ҳар куни 360 марта жамолининг кашфи (ва томошаси) билан сирга тажаллий этди, 360 дафъа назари билан унга икромда бўлди (қулига назар этиш саодатига уни етказди), муҳаббат сўзини руҳга эшиттирди, унс латифаларидан бир латифани 360 марта қалбга зоҳир қилди, Шу тариқа, уларнинг жумласи кавнга (ва коинотга) назар қилди, ҳар бири ўзидан янада мукаррам ва янада шарафли бошқасини кўрмади, ораларида бир мақтаниш ва севиниш ҳоли пайдо бўлди. Шу боисдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни имтиҳон этди, сирни руҳга ҳибс қилди, руҳни қалб зиндонига ташлади, қалбни эса бадан ҳибсхонасига қўйди, сўнгра ақлни унда таркиб топтирди (жойлади). Набийлар (а.с.) юборди, амрлар берди. Ана шу вақтда уларнинг ҳар бири ўз мақомини (ва жойини) излай бошладилар. Ҳаққ таоло намоз ўқишни буюрди ва шу суратда бадан намоз ўқийдиган ҳолга келди, қалб муҳаббат билан бирлашди, руҳ қурб ҳолига етишди ва сир вуслатда қарор топди”.