Энг охир вафот этган Бадр ғозийси
Абу Усайд Молик ибн Робиа Саидий Ансорий. Баъзилар уни Ҳилол ибн Робиа деса, аксар уламолар Молик ибн Робиа ибн Бадан, дейишади. Хазражнинг Бани Саъд уруғидан. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳадислар ривоят қилган. Набий алайҳиссалом билан барча жангларда иштирок этган. Макка фатҳи куни Бани Саъд қабиласининг байроқдорларидан бири бўлган.
Ушбу саҳобаи киром Абу Усайд куняси билан машҳур. Онаси: Амро бинти Ҳориса. Абу Усайд розийаллоҳу анҳунинг бир неча фарзандлари бўлган: Усайд Акбар, Мунзир, Ғолиз, Усайд Асғар, Маймуна, Ҳаббона, Ҳафса, Фотима, Ҳамза.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Хузайма розийаллоҳу анҳога никоҳланганларидан сўнг Абу Усайдни Бани Омир ибн Саъсаъа қабиласига мансуб аёлнинг ҳузурига ўзларидан вакил этиб юборганлар.
Абу Усайд Молик ибн Робиа ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъ қабристонига чиқдилар. Шу маҳал бир бўри ўша ерда ётар эди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бу бўри оч қолибди, емиш сўрамоқда”, дедилар. Саҳобаи киромлар: “Ё Расулуллоҳ, сизнинг фикрингиз қандай?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Ҳар бир яйловда боқиладиган ҳайвондан ўнта”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу жуда кўп-ку?” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўрига қўллари билан ишора қилиб: “Ё улар рози бўлиб беришади ёки сен бу ишни ўғринча қиласан”, дедилар (Ушбу ҳадис “Сиҳоҳи ситта”га кирмаган).
Қатода розийаллоҳу анҳу айтади: “Анас ибн Молик Абу Усайддан ривоят қилаётганини эшитдим. Айтади: “Набий алайҳиссалом дедилар: “Ансорларнинг уйларининг энг яхшиси Бани Нажжор, сўнгра Бани Абдул Ашҳал, сўнгра Бани Ҳорис ибн Хазраж, сўнгра Бани Саъд. Ҳамма ансорларнинг хонадонларида яхшилик бордир”.
Ҳилол (яъни Абу Усайд) Робиа айтади: “Бадр куни Бани Оиз Махзумий қабиласининг қиличини қўлга киритдим. Набий алайҳиссалом аскарлардан қўлларида мавжуд нарсаларни топширишга буйруқ берганларида, уни олиб бориб, ўлжаларга қўшдим. Уни Арқам ибн Абу Арқам Махзумий таниб, Набий алайҳиссаломдан уни олишни сўради. Қилични унга бердилар”.
Ушбу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар ривоят қилди. Ундан фарзандлари: Ҳумайд, Зубайр, Мунзир; мавлоси Али ибн Убайд, мавлоси Абу Саид; саҳобалардан Анас ибн Молик, Саҳл ибн Саъд; тобеинлардан Аббос ибн Саҳл, Абдул Молик ибн Саид, Абу Салама ва бошқалар ривоят қилишди.
Усмон ибн Убайдуллоҳ бундай эслайди: “Биз масжидда эканимизда олдимиздан Абу Усайд, Абу Ҳурайра, Абу Қатода ва Ибн Умарлар ўтишди. Улардан муаттар ҳид таралиб турарди”.
Умрининг сўнгги йилларида кўзлари кўрмай қолди. Убай ибн Аббос отасидан ривоят қилади: “Мен Абу Усайдни кўзлари ожиз бўлиб қолганидан кейин кўрдим, у паст бўйли, соч-соқоли оқ, сочи қалин киши эди”.
Абу Усайд Саъдий ҳижратнинг олтмишинчи йили Мадинада оламдан ўтди. У Бадрда қатнашган саҳобаларнинг энг сўнггиси бўлиб оламдан кўз юмган. Мадиналикларнинг хабар беришича, Абу Усайд Мадинада Муовия ва Қайс ибн Саъд розийаллоҳу анҳумо вафот этган йили оламдан ўтган.
Манбалар асосида Қосимжон АТАУЛЛАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан