
Марҳумларга нима керак?
“Ҳидоят” журналининг жорий йил илк сонида чоп этилган “Марҳумларга мармартош керак эмас” сарлавҳали мақоладаги: “…кўнгилсиз ҳолат борки, уни тўғрилашга жиддий эътибор қаратилмаяпти”; “…тошлар қўйиш…”; “эскидан қолган сарқитлардан воз кечиш…” каби жумлаларни ўқиб, уларга муносабат билдириш фикри пайдо бўлди.
Инкор этиб бўлмас ҳақиқат шуки, ҳаёт неъматларидан баҳрамандлик ниҳоялангач, кимлиги, қанақа жиҳатларидан қатъи назар, ҳар банда Ҳаққа омонатини топшириб, қабристонга элтиб қўйилади.
Хўш, марҳумга нима керак бўлади? Унинг қабрига мармартош, ортидан қозон-қозон ош керакми? Йўқ, энди унга фақат садақаи жорияси, ортидан қилинадиган Қуръон тиловатларигина фойда беради. Ҳадисда: “Қабрларни зиёрат қилинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти). Эътибор берсак, ҳадисда қабристон эмас, қабрлар айтилган.
Бизнинг Ниёзмат қишлоғи қабристонига маййитлар дастлаб ўн тўққизинчи асрдан қўйилган. Бизда қабрларга алоҳида белги қўйиш урф бўлмаган. Марҳумларга қабртошлар қўйиш нафақат Ниёзматда, балки яқин атрофдаги кўплаб қишлоқларда ҳам кузатилмаган.
Қишлоғимизда марҳумларга қабртошлар қўйиш, асосан, ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан бошланди. Шунда ҳам ҳаммасига эмас. Қабристонга яқинлашаркансиз, дарвоза ёнидаги деворга Иккинчи жаҳон уруши қурбонига айланиб, хоки поклари қайсидир юртларда қолиб кетган ўн саккиз нафар ҳамқишлоқ хотирасига ўрнатилган мармар лавҳага кўзингиз тушади. Буни хотирлаш деб тушунса бўлади.
1980 йил бу ёруғ дунё билан видолашган отамнинг қабр бошига кейинчалик адаштириб юбормасликни назарда тутиб, биз фарзандлари ўзаро фикрлашиб, кўп қатори кичкина мармартошни белги сифатида қўйдирдик.
Ҳозирги кунда қабристонга йўли тушган киши икки хил манзаранинг гувоҳи бўлади. Бири, қабртошлар қўйилмаган, тупроқлари бузилмасдан турган қабрлар. Иккинчиси ёввойи ўт, чим босган қабрлар. Қишлоқ аҳли ҳашар йўли билан йилда бир-икки маротаба ободонлаштириш ишларини олиб боришини ҳисобга олмаганда, бирон қабр бошига бориб “шу …нинг қабри” дея Қуръон тиловат қилган инсонни деярли учратмайсиз. Сабаби оддий – қабрларга белги қўйилмаган…
Марҳумлар руҳониятига Қуръон тиловат қилиш керак. Улар тириклардан бошқа нарса тама қилмайди. .
Рўзибой АБДУЛЛАЕВ
Булунғур шаҳри
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан