Мақолалар

Ўғил боланинг сийдиги нажосат эмасми?

Чоп этилди Dekabr 10, 2020 Ўғил боланинг сийдиги нажосат эмасми?da fikr bildirishni o'chirish

Баъзан “Кўкракдан ажратилмаган ўғил боланинг сийдиги нажосат эмас” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Қиз болалар ҳақида эса бундай гап йўқ. Хўш, бу гапнинг асли борми?

Жумҳур уламолар наздида сийдик нажосат ҳисобланади. Умумий қоида шуки, нажосат кетказилса, шундагина кийим покланган ҳисобланади. Бу борада фақиҳлар ўртасида турли қарашлар мавжуд.

Ҳанафий ва моликий мазҳабида гўдакнинг (хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин) сийдиги, у кўкракдан ажратилган ёки ажратилмаганидан қатъи назар, худди катта одамларники каби нажосат бўлиб, уни ювиб ташлаш вожиб ҳисобланади. Шофеъий ва ҳанбалийларда ҳам қиз боланинг сийдиги борасида ҳукм шундай – кўкракдан ажратилган ё ажратилмаганидан қатъи назар – уни ювиш вожиб. Аммо кўкракдан ажратилмаган ўғил боланинг сийдигини ювиш шарт эмас, сув қуйишнинг ўзи кифоя. Қачон бола кўкракдан ажраганида, ана шундан бошлаб унинг сийдигини нажосат деб ҳукм қилишади.

“Ўғил боланинг сийдиги ювиладими?” деган масалада “Иъламул анам шарҳу Булуғил маром” асарида қуйидагилар келтирилган: “Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо ҳали овқатга кирмаган, эмизикли боласин кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани қучоқларига олдилар. Бола у зотнинг кийимларига сийиб қўйди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтиришни сўрадилар ва ўша ерга сувни қуйдилар, холос, ювганлари йўқ” (Муттафақун алайҳ). Имом Муслимнинг ривоятида “Уни ишқаб ювмадилар” дейилган.

Абу Самҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жория (гўдак қиз)нинг бавли (теккан нарса) ювилади, ғулом (гўдак бола)нинг бавлига (сув) сепилади ”(Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Ушбу ҳадислар ўғил боланинг сийдиги теккан кийимга сув сепиш, қиз боланики текканида эса уни ювиш билан покланишига далолат қилади. Чунки ўғил боланинг сийдиги томчи-томчи бўлиб, кийимга ёйилиб кетади (сачрайди), қиз боланики эса оқиб тушади. Шофеъий ва ҳанбалийлар айнан мана шу йўлни, яъни ўғил боланинг бавлига сув сепиш, қиз боланикини ювиш қавлини ихтиёр қилишган. Улар бу ўринда боланинг таомга кирмаган бўлишини шарт қилишади. Агарда бола таом билан озиқланадиган бўлса, у ҳолда уники ҳам, қиз боланики ҳам ювилади.

Ҳанафий ва моликийларнинг далили эса “Нажосатдан поклаш уни кетказиш билан бўлади” қоидасидир. Ҳадисдаги “сепиш” ва “қуйиш” – улар (ҳанафий ва моликийлар)нинг шарҳларига кўра – нажосатни кетказмайди. Уни ювиш лозим. Улар ҳадисдаги “сепиш” ва “қуйиш”ни ювишда муболаға қилмаслик маъносига йўйишади.

Юқоридагилар ҳақида мулоҳаза қилиб кўрилса, қуйидагилар равшан бўлади:

– гўдакнинг сийдиги нажосат эканига барча иттифоқ қилган. Ихтилоф уни қандай поклаш борасида, холос;

– мазкур мавзудаги ҳадисларнинг аксарияти “қуйиш”, фақат баъзиларигина “сепиш” ва “оқизиш” лафзлари билан келган. Бу ривоятнинг аслида “назҳ”, яъни “қуйиш” бўлиб, қолганлари ўша маънода ривоят қилинганини билдиради;

– назҳ бу (нажосат теккан нарсанинг устидан) сувни ишқамасдан ва уқаламасдан енгил юргизишдир. Ювиш эса ишқаш ва сиқиш билан бўлади”. Бу маънога “оқизиш” лафзи билан қилинган ривоят “сепиш” лафзига нисбатан яқинроқ бўлади. Ўз мазҳабларидан таъсирланган шофеъийлар “назҳ”, яъни “қуйиш”ни “рош”  “сепиш” деб шарҳлашган;

– ҳадисда зикр қилинган ўша уч-тўрт ойлик (дан ошмаган) боланинг сийдиги, воқеликда оз бўлиб, матога томчи-томчи кўринишида ёйилиб кетади. Уни кетказиш учун ўша ерга сув қуйиш кифоя қилган;

– овқатга кирмаган гўдакнинг сийдигини енгил нажосат ҳукми билан хослаш учун бирорта насс (далил) собит эмас. Ибн Ҳиббон келтирган Қатоданинг қавли эса ҳужжат бўла олмайди. Чунки у тобеиннинг сўзидир. Шунингдек, Абдураззоқ Умму Қайснинг ҳадиси остида келтирган Зуҳрийнинг: “Ўғил боланинг сийдигига сув қуйиш, қиз боланикини ювиш суннат бўлиб қолди”, деган сўзи далилликка ярамайди. Чунки бу гап унинг ижтиҳоди, холос. Имом Молик “Муватто”да Умму Қайс ва Оиша розияллоҳу анҳоларнинг ҳадисларини ривоят қилган бўлса-да, боланинг сийдигини ювиш – вожиб, деган қавлга амал қилган. Ювиш Мадина аҳлининг амалидан экани ҳам шунга далолат қилади.

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ “Маъалимус-сунан”да айтади: “Бу ўринда “назҳ”нинг маъноси ювиш бўлиб, фақат унда ишқаш ва уқалаш йўқ. Назҳ аслида оқизишдир. Аммо жория (гўдак қиз)нинг сийдиги ювилади. Бу комил ювиш бўлиб, унда қўл билан ишқалаб, сўнг сиқилади. Гоҳида назҳ – “рош”, яъни сепиш маъносида ҳам келади. Боланинг сийдигида назҳ, яъни сув оқизилиши унинг сийдиги нажосат бўлмаганидан эмас, балки уни осон чиқиб кетиши эътиборидандир”.

Изланишлар шуни кўрсатадики, албатта, ижмо қилинган асл қоидага кўра, ҳанафий ва моликийларнинг тутган йўли, яъни ювиш афзалдир. Чунки гўдакнинг сийдиги либосга томчи-томчи бўлиб теккани сабабли уни ишқаш, уқалаш, сиқиш каби ортиқча муболағага эҳтиёж туғилмаса-да, ювиш энг мақбул иш ҳисобланади.

Демак, “ўғил боланинг сийдиги нажосат эмас” деган гап нотўғри экан.

“Файзул борий ала Саҳийҳил Бухорий” 

ва “Иъламул анам шарҳу Булуғил маром” 

асарлари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади