Мақолалар

Имом Мотуридий ҳақида Расулуллоҳ башоратлари

Чоп этилди Dekabr 11, 2020 Имом Мотуридий ҳақида Расулуллоҳ башоратлариda fikr bildirishni o'chirish

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида сизларнинг динингизни янгилаб берадиган бир мужаддид (динни янгиловчи) юборади”, деганлар.

“Янгилаш”дан мурод, диннинг аҳкомларини ва асосини ўзгартириш дегани эмас, балки ҳадисда динга сизиб кир­ган турли бидъат-хурофотлардан, нотўғри таъвиллардан ва бо­тил тўқималардан тозалаш назарда тутилган.

Шу ҳадисга мувофиқ, тарихчилар “Ўтмишдаги Ис­лом уламоларининг қай бир­лари мана шу ҳадисга муво­фиқ?” деган саволга жавоб излашди. Уламолар Расулуллоҳ вафот этган би­ринчи юз йилнинг бошида Умар ибн Абдулазизни ушбу ҳадисга мувофиқ келади, деб ижмо қилганлар.

Кейинги юз йилга эса тўрт мазҳаб имомлари тўғри келишини эътироф этишади. Шу билан бирга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад ибн Нун, Ҳасан ибн Ҳаммод Сажжода ва Аҳ­мад ибн Наср каби забардаст олимлар ҳам шу ҳадисга мос тушадилар.

Табиий савол туғилиши мумкин: “Ҳадисда ҳар юз йилда бир олим келиши ҳақида гапирилган. Сиз эса бир неча олимни санадингиз?” Жавоб шуки, ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “مَنْ يُجَدِّدُ” калимасидаمَنْ исми мавсулани қўлладилар. Яъни, бу калима ҳам бирликка, ҳам кўпликка ишлатилади. Шу боис бу ҳадисда фақат бир киши назарда тутилган, де­йиш нотўғри. Балки ҳар юз йилда келадиган олимлар бир ёки бир неча нафар бўлиши мумкин.

Учинчи юз йилликда Имом Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий ҳамда Имом Абу Жаъфар Таҳовий каби зотлар “Навбатдаги динни янгиловчи” (Мужаддидул умма) олимлар бўлишган.

Чунки айнан мана шу даврда аҳли сунна эътиқодини бузишга учта залолатга кетган фирқа тиш-тирноғи билан ҳаракат қилаётган эди. Улар муътазилийлар, рофизийлар ва қарматийлардир.

Рофизийлар ҳижрий 250–450 (мил. 864–1058) йиллар оралиғида тез-тез аҳли сунна вал жамоа эътиқодига қарши ҳужум қилиб, турли қон тўкишларни амалга оширган.

Қарматийлар эса ҳижрий 258–345 (мил. 872–956) йилларда бутун Ҳижозни, яъни Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларини босиб олиб, одамларни қиличдан ўтказади. Ҳатто ҳижрий 317 йили ҳаж мавсумида Маккага ҳужум қилиб, ҳожиларни ўлдириб, Замзам қудуғини уларнинг жасадлари билан кўмиб ташлайди. Каъбани вайрон қи­либ, тилладан ясалган эшигини ва тарновларини қўпориб, Каъбанинг ёпинғичини ечиб, бўлиб олишади.

Жиноятчиларнинг бири Ҳажарул асвадни жойидан су­ғуриб олганида, бошқаси уни гурзи билан бир уриб, синдириб ташлайди-да: “أين الطيرُ الأبابل و أين الحجارةُ من سجّيل” (Қани (Абраҳага юборилган) Абобил қушлари? Қани сопол тошлар?) дея жар солади.

Манфур қарматийлар бу жирканч ишларини бажарар экан, ҳожиларга қарата: “Эй аҳмоқлар! Қоратош (Каъ­ба)ни айланиб, тавоф қили­шингизнинг, жоҳилиятда мушриклар бутларни айланиб тавоф қилишидан нима фарқи бор? Бутлар ҳам жонсиз, сизлар тавоф қилаётган Каъба ҳам жонсиз тош-ку!” деб қичқирар эди.

Бир неча йил чекка ҳудуд­лардан одамлар ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага кела олмай қолишади. Чунки қарматийлар кетма-кет бир неча марта ҳаж ибодатига келаётган ҳожиларнинг карвонларига ҳужум қилиб, уларнинг озиқ-овқатларини ва сувларини тортиб олдилар.

Ўша даврда диёримизда Исмоил ибн Аҳмад Сомоний подшоҳ бўлиб, халқ рофизийлар зулмидан қаттиқ озор чекаётган эди. Мана шундай оғир вазиятда Аллоҳ таоло Мовароуннаҳрдан Имом Мотуридийни, Бағдоддан Абул Ҳасан Ашъарийни ва Мисрдан Абу Жаъфар Таҳо­вийни “Мужаддидул умма” қилиб чиқарди.

Бу олимлар бир-бирини кўрмаган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа”нинг ақида йўлини тузиб беришди. Бу йўл то ҳозирга қадар Ислом умматини соф эътиқодда сақ­лаб қолишга хизмат қилиб келмоқда.

Тарихга назар солсак, ҳиж­рий учинчи асрда ҳам дин душманлари Ислом таъли­мотини бузишга ҳаракат қилган. Бунинг учун Қуръон оятларини, мусулмонларнинг соф этиқодини ўзгартиришга уринишлар бўлган. Лекин уларнинг бу ишлари самара бермаган. Аллоҳ таоло Ҳижр сураси 9-оятида: “Ал­батта, Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни биз му­ҳофаза қилурмиз”, дея хабар беради. Бузғунчилар бу ҳаракати фойда бермаганидан сўнг, Қуръонни нотўғри таъвил қилишга ва Ислом таъ­лимотининг иккинчи асоси ҳисобланган ҳадисни бузишга киришган. Минг афсуски, бунда улар бироз бўлса-да, натижага эришди. Қуръондаги муташобиҳ оятларни ўз мақ­садлари йўлига буришди ва турли мавзуда ҳадислар тўқиб чиқаришди. Шу билан содда мусулмон халқни тўғри йўл­дан адаштиришга уринишди.

Мана шундай қийин вазиятдан Ислом умматини бе­зарар олиб чиқишда Имом Мотуридий ҳазратлари жуда катта хизмат қилдилар.

Намоз ўқимайдиган му­сул­монни ҳеч иккиланмасдан “ко­фир” деб, унинг қони, жони ва молини ўзларига ҳалол санайдиган турли фирқалар­га қақшатқич раддия бердилар. Яъни: «Агар бир киши “Лаа ила­ҳа иллаллоҳ, Муҳамма­дур Расу­луллоҳ” деса, энди намоз ўқий­дими, ўқимайди­ми, у одам мусулмондир” де­ди». Бу сўзига далилни Пай­ғам­баримиз сол­лал­лоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деса, жан­­натга киради» каби мубо­рак ҳадис­ларидан келтирди.

Шунинг учун ҳам Имом Мотуридий ҳазратлари мусулмонлар томонидан “Имамул ҳуда”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” каби буюк унвонлар билан шарафланган.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий ҳазратлари Имом Мотуридий ҳақларида гапириб: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳи­моя қилиб, адашган мулҳид­ларнинг шубҳаларига раддия берган олим эди”, деган.

Биз мана шундай забардаст олимларимизнинг соф эътиқодий таълимотлари­ни маҳкам ушлаб, ёш авлодга тўғри тарзда етказа олсак, улар ҳеч қачон ўзгалар­ни “кофирлик”да айблаб, тўғри йўлдан адашмайди.

Абдурасул ТОШПЎЛАТОВ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан