Сўраган эдингиз…
Савол: Айримлар: “Жума куни мусулмонлар бир-бирларини айём билан табриклаши жоиз эмас. Чунки жума билан табриклаш бидъат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар бир-бирларини жума билан табриклашмаган”, дейишмоқда. Шу гап тўғрими?
Жавоб: Мўмин-мусулмон ўзаро бир-бирига соғлик-саломатлик тилаб, жума куни билан табриклаши мубоҳ (савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган) амаллардандир. Чунки жума куни билан табриклаш шариатнинг умумий мақсадига мувофиқ келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Одамларга ширин сўзли бўлинг” (Бақара сураси, 83-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Яхши гап садақадир” (Муттафақун алайҳ).
Жума куни билан табриклаш бир неча асрлардан бери мусулмонлар орасида давом этиб келади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Мусулмонлар яхши кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир, мусулмонлар ёмон кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам ёмондир” (Имом Ҳоким ривояти).
Жума кунларнинг энг яхшиси экани кўплаб ҳадисларда таъкидланган: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир” (Имом Муслим ривояти).
Жума куни мусулмонларнинг байрами ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. Шундай экан, ким жумага етса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўйлик бўлса, сепиб олсин ва мисвокни лозим тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу жума ҳафталик байрам экани ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Жума ва Арафа кунлари биз мусулмонларга байрам қилиб берилди” (Имом Табарий, “Жомиъул баён”).
Демак, байрамларда табриклаш мумкин бўлганидан кейин жума куни ҳам табриклаш ва муборакбод этиш жоиздир. Чунки юқоридаги ҳадислар жума куни байрам эканига очиқ-ойдин далилдир. Шунга биноан, бу кунни байрамона кайфиятда, хушбўйликлар сепиб, хурсандчилик билан, ибодатларни адо этиб, ўзаро бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, яхши тилакларни билдириб ўтказишимиз айни муддао бўлади.
Жума билан табриклаш ихтиёрий бўлиб, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас. Бу амални тарк қилган киши гуноҳкор ҳам бўлмайди.
Савол: Намоз ўқиётганимда саждага бораётиб суякларим қирсиллайди. Бу ҳолат намозимни нуқсонли қилмайдими?
Жавоб: Намозда бармоқларни қасддан қирсиллатиш макруҳ. Чунки бармоқларни қирсиллатиш намозга алоқаси бўлмаган беҳуда ҳаракат бўлиб, намозда бундай ҳаракатлар қилиш хушуга путур етказади. Намоздан ташқарида эса одобсизликдир. .
Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам куёвларига: “Намозда бўлсанг, бармоқларингни қирсиллатма”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Лекин намозхон ўтириб-турганда беихтиёр бармоқ ёки бўғинлари қирсилласа, бунинг зарари йўқ.
Савол: Аср намозини кечроқ ўқидим. Интернет орқали билсам, қуёш ботаётган вақтда тугатибман. Ўша намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси (заволдаги соядан ташқари) ўзининг узунлигидан икки баробар бўлганидан то қуёш ботгуничадир. Аср намозини қуёшнинг нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади ва намози бузилмайди (“Фатҳу бабил иная”).
Агар сиз аср намозини ўқишга қуёш ботишидан аввал киришиб, қуёш ботаётган вақтда ёки ботганидан сўнг тугатган бўлсангиз, бу намозни қайта ўқиш шарт эмас. Лекин аср намозини бу вақтгача кечиктириб ўқиш макруҳ бўлгани учун, эртароқ ўқишга ҳаракат қилиш керак.
Савол: Иссиқ-совуқ қилиш бор нарсами? Агар бор бўлса, уни қандай қайтариш ёки зарарсизлантириш мумкин?
Жавоб: Ҳа, сеҳр бор нарса. Иссиқ-совуқ ҳам сеҳрнинг бир тури. У замонамиз олимларидан Ваҳид Абдуссалом Баълий ҳазратларининг “Сеҳр ва жодудан сақланиш йўллари” китобида қуйидагича таърифланади: “Тафриқ сеҳри – эр-хотинни бир-биридан ажратиш, совутиш ва улар орасига душманчилик солишдир”.
Мусулмон одам сеҳр ва бошқа зарарли таъсирлардан сақланиш, ҳимояланиш учун, аввало, сеҳр билан шуғулланадиган кишилардан узоқроқ юриши керак. Барча гуноҳлардан сақланиши керак. Зоҳирий ва ботиний пок бўлиши керак. Зоҳирий покликка доим таҳоратли бўлиш, беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш кирса, ботиний покликка ҳасад, ғийбат, адоват каби маънавий иллатлардан тийилиш киради.
Бундан ташқари, сеҳрдан сақланишда Қуръони каримни тиловат қилиш ёки уни тинглаш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган зикрларда бардавом бўлиш ҳам фойдалидир. Хусусан, набавий таълимотда Фотиҳа, Оятул Курсий, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқишни одат қилиш, умуман кўп Қуръон ўқиш ва эшитиш жин ва шайтонларнинг ёмонлигидан сақланишда энг самарали усуллардан биридир.
Бу ҳақда Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннас” сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар”, дейилади.
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан