Бировнинг ҳақи
Ҳаёт тақозосига кўра, инсонлар доимо турли молиявий масалаларда ўзаро муомала қилишади. Бунда мақсадни ҳалол йўл билан амалга ошириш, ҳаромдан сақланиб, ўзганинг ҳақ-ҳуқуқи ва мол-мулкига тажовуз қилмаслик шарт. Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай дейди: “…пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз!” (2-оят).
Ўзгалар мол-мулкини ўзиники қилиб оладиганлар кўзга уддабурон бўлиб кўринади. Бироқ айни шундай кишилар ночор ва бечора кишилардир. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар:
– Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми?
Саҳобалар:
– Бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир, – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ:
– Умматимдан қиёмат куни намоз, рўза, закотлари билан келадиганлар бўлади. Улар дунё ҳаётида бировни сўккан, ноҳақ айблаган, молини еган ва қонини тўккан бўлади. Ундай кишиларнинг яхши амаллари ҳақдорларга олиб берилади. Яхши амаллари тугаб қолса, ҳақдорнинг гуноҳлари олиниб, буларга юкланади. Сўнгра дўзахга улоқтирилади. Ана ўшалар муфлислардир, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳ қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар айтади: “Бошқалар ҳақини ноҳақ егувчиларга хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай, ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ савдода Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга қиёсланган. У зот бошқаларга маҳсулот сотишда ҳам, маҳсулотни сотиб олишда ҳам бировнинг ҳақини поймол қилишдан ниҳоят даражада эҳтиёт бўлган. Харид қилишни билмайдиган одамлардан фойдаланиб қолишдан кўра, унга маслаҳат беришни афзал билган. Бир аёл у зотнинг ҳузурига ипак кийим сотмоқчи бўлиб келганда, унинг баҳосини сўрайди. Шунда аёл: “Юз дирҳам”, дейди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унинг баҳоси айтган нархидан анча қиммат туришини билдиради. Аёл яна савдолашади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ аввалги гапларини яна қайтарди. Бу бир неча бор такрорлангач, аёлнинг жаҳли чиқиб: “Мени масхара қиляпсизми?” дейди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ унга нарх белгилаб бериш учун бирон кишини чақиришини сўрайди. Аёл бир одамни олиб келгач, у унга “беш юз дирҳам” деб баҳо қўйиб беради. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ипак кийимни шу нархга сотиб олади.
Юқорида келтирилган оят, ҳадис, солиҳлар ҳаётидаги ибратлар ҳаром йўл билан мол-дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлиши, дунёда уқубат, турли балоларга йўлиқиши, охиратда эса жаҳаннам ичра таом ўрнига олов ейиши ҳақ эканига ишорадир.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
– Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, мен дуоси қабул бўладиганлардан бўлай, – дедим. У зот:
– Эй Анас, таоминг пок бўлсин, дуойинг қабул бўлади. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди, – дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Қолаверса, нопок йўл билан топилган озуқани еб ўсаётган фарзандлар келажакда ким бўлади? Уларнинг ахлоқи, тарбияси, феъл-атвори қай ҳолатда бўлади?
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгалар ҳақидан ҳазар қиладиган, ҳалол ва ҳаромни фарқлайдиган, инсофли, диёнатли бандалардан қилсин!
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан