Ушр
“Ушр” луғатда ўндан бир деган маънони англатади. Фиқҳ энциклопедиясида бундай таърифланган: “Ушр истилоҳда мусулмонлардан ушрий ерлардан закот каби олинадиган нарсадир”. Ушр ибодат бўлгани учун уни мусулмон киши беради.
Уламолар ушр ҳақидаги ҳукм ушбу оят ва ҳадислардан олинган дейишади: «Ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан инфоқ қилинглар» (Бақара сураси, 267-оят). Аллоҳ таоло яна бундай дейди: «Йиғим-терим куни ҳақини беринглар» (Анъом сураси, 141-оят).
Солим ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр, сув қуйиб суғорилганлардан ушрнинг ярми», дедилар» (Имом Бухорий ва «Сунан» эгалари ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан – ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан – ушрнинг ярми”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Насоий ривояти). Зироат бойликларидан закот (ушр) ёки ушрнинг ярмини чиқариш фарзлигига ижмо қилинган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам ушр олинади”, деганлар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Абу Рабоҳ, Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар.
«Мухтасарул виқоя» китобида қуйидагича келади: “Оз бўлса ҳам, ушрий ернинг ва тоғнинг асалидан, мевасидан ҳамда ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр берилади. Ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ. Осмон, булоқ ва қудуқнинг суви ушрийдир”. Демак, сув ўзи оқиб келса, уни сотиб олмаса ёки чиқариш ё олиб келиш учун харажат қилмаса ёки ёғин суғорган бўлса, у ердан чиққан ҳосилнинг ўндан бири берилади.
«…Агар катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса, ушрнинг ярми (йигирмадан бир) берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди». Сув чиқаришга махсус техника, чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, ушрнинг ярми (яъни, йигирмадан бир) миқдорида закот берилади. Суғоришдан бошқа ишларда қилинган харажатлар эътиборга олинмайди. Яъни, чиққан ҳосил кўп ёки кам бўлсин, ўрнига қараб, ўндан бир ёки йигирмадан бири берилади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, вақф ерларидан ушр (ўндан бири) олинади. Ерни давлатдан ижарага олувчилар ўзлари ушр берадилар. Барча зироат маҳсулотларидан, шунингдек, асалдан ҳам ушр берилади.
Ерни ижарага олганлар ўзлари ушр берадилар. Уламолар: “Мўмин кишининг моли нисобга етса, унинг моллари орасига садақа олишга ҳақдор кишининг ҳақи қўшилиб қолади. Закотини чиқарса, моли покланади, кўпаяди, хонадонига барака киради. Аксинча бўлса, гуноҳкор бўлади”, деб таъкидлайдилар. .
Ушрда ҳам закот каби, бир мискиннинг ҳақи қўшилиб қолади. Ушр молни покловчи ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мол садақа қилиш билан камаймаслигини, аксинча кўпайишини таъкидлаганлар.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан