БМТга диндорларнинг эътиқодини ҳурмат қилишга оид масала киритилади
Россия президенти Владимир Путин Ташқи ишлар вазирлигига 2021 йил 1 мартгача диндорлар эътиқодларини ва ҳис-туйғуларини ҳақоратлашнинг олдини олиш, шунингдек, мазҳаблараро адоват ва можароларни қўзғатишга қарши халқаро резолюция қабул қилиш бўйича кўрсатма берган.
Россия раҳбарининг кўрсатмаси, унинг диний бирлашмалар вакиллари билан учрашувидан сўнг Кремл вебсайтида эълон қилинди.
Путин Ташқи ишлар вазирлигига юқоридаги масалалар бўйича битимлар тузиш ёки БМТ Бош ассамблеяси қарорларини қабул қилиш истиқболларини кўриб чиқиш зарурлигини айтган. Мазкур масала ижроси юзасидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров масъул этиб тайинланди.
Путиннинг диний конфессиялар вакиллари билан учрашуви 4 ноябрь – Миллий бирлик кунида видеоконференция шаклида бўлиб ўтганди. Суҳбат давомида Путин рус халқини ватанпарварлик ва бирдамлик бирлаштирганига ишора қилди, шунингдек Қуръон, Инжил, Таврот ва Забурдан иқтибослар келтирди.