Дунё янгиликлари

Германия 16 декабрдан яна қатъий карантин қайтади. У қарийб бир ой давом этади

Чоп этилди Dekabr 14, 2020 Германия 16 декабрдан яна қатъий карантин қайтади. У қарийб бир ой давом этадиda fikr bildirishni o'chirish

Германия ҳукумати коронавируснинг тарқалиш тезлигини пасайтириш мақсадида мамлакатда 16 декабрдан 10 январгача қатъий карантин жорий қилмоқда.

Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркел Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида федерал ерлар бош вазирлари билан учрашувдан сўнг айтиб ўтди.

«Бизнинг 2 ноябрдан бери кўрган чораларимиз етарли эмас», деган у.

Германияда 2 ноябрдан бошлаб қисман карантин жорий этилган эди. Унга кўра, болалар боғчалари ва мактаблар, савдо марказлари ва ноозиқ-овқат дўконлари очилган эди.

«Шошилинч чора-тадбирлар зарур ва бу бугун қабул қилинган қарорлар учун асосдир», дея қўшимча қилади канцлер.

Унинг сўзларига кўра, мақсад — 100 минг аҳолига 50 та юқтириш кўрсаткичига эришишдир.

Янги карантин қоидаларига кўра, 16 декабрдан 10 январгача озиқ-овқат, маиший маҳсулотлар ва ҳаётий муҳим молларни сотадиган дўконлардан ташқари барча савдо дўконларини ёпилади. Пандемиянинг биринчи тўлқинида бўлгани каби сартарошхоналар, гўзаллик салонлари ва шу каби муассасалар фаолияти тўхтатилади. Банклар, дорихоналар, почта алоқаси шохобчалари, автоуловларни таъмирлаш устахоналари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, дорихоналар, газета дўконлари, зоомагазинлар ишлашда давом этади.

Хусусий уйларда энг кўпи билан икки хонадоннинг вакиллари (беш кишидан кўп бўлмаган) учрашишига рухсат берилади. Ушбу қоида 14 ёшгача бўлган болаларга тааллуқли эмас. 24 декабрдан 26 декабргача бўлган даврда энг кўп 10 нафар киши бир жойда учрашиши мумкин, шунда ҳам улар фақат қариндошлар бўлса.

Тақиқлар Янги йил байрами тадбирларига ҳам тааллуқли. 16 декабрдан 10 январгача жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш мумкин эмас. Ушбу қоидабузарлик учун жарима жорий этилади.

Мактаблар ва болалар боғчалари ёпилади. Онлайн таълимни сезиларли даражада кенгайтириш ва битирув машғулотлари учун махсус қоидаларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Шунингдек, расмийлар иш берувчилардан ходимларни масофадан ишлатишга ундашмоқда. Барлар, ресторанлар ва бошқа овқатланиш жойлари ёпилади. Улар фақат буюртма учун ишлайди.

Гигиена ва ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилган ҳолда диний тадбирларни ўтказиш таъқиқланмайди. Ушбу масала диний жамоалар вакиллари билан алоҳида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ҳокимият Германия Федератив Республикаси фуқароларини мамлакат ичида ва хорижга жуда зарур эҳтиёжсиз саёҳат қилмасликни сўрамоқда.

Германия ҳукумати карантин туфайли зарар кўрадиган фирмалар ва хусусий тадбиркорларга ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Ушбу мақсадлар учун ажратилган умумий маблағ ойига 11 миллиард еврони ташкил қилади.

Сўнгги 24 соат ичида Германияда 20 200 кишида инфекция тасдиқланган ва у билан зарарланган 321 киши ҳаётдан кўз юмган.

Пандемия давомида мамлакатда 1 320 716 нафар одамда инфекция аниқланган, шундан 21 787 нафари инфекция асоратларидан вафот этган.