Болалар

Дўконларда сотиладиган тайёр пюренинг болаларга 3 та зарари

Чоп этилди Dekabr 14, 2020 Дўконларда сотиладиган тайёр пюренинг болаларга 3 та зарариda fikr bildirishni o'chirish

Мева ва сабзавотлардан тайёрланган тайёр пюрелар мазали бўлгани учун кичкинтойларнинг энг севимли егуликларидан ҳисобланади. Қолаверса, маълум бир жойга бориш учун фарзандларига овқат тайёрлаб, кўтариб юришни истамайдиганлар учун ҳам айни муддао. Аммо ушбу маҳсулотнинг зарарли томонлари ҳам йўқ эмас.

 

Таркибида шакар кўп бўлади

Қўшимча шакар қўшилмаган бўлса ҳам бундай пюреларда шакар кўп бўлади. Гап шундаки, меваларни пюре ҳолига келтириш учун қайта ишланганда, клетчаткалар йўқолади ва шакар қолади. Уларнинг айримларининг бир қадоғида 10 грамм шакар бўлади. Бундай порция 4 ёшдан катта болага мумкин бўлиши мумкин, аммо ундан кичиклар учун эмас. Шакар кўплиги тишларга таъсир қилади, ортиқча вазн ортиши ҳатто қандли диабет ривожланишига олиб келади. Боланинг бир кунда қанча шакар истеъмол қилиши мумкинлиги ёшга боғлиқ. 4-6 ёш болалар кунига 19 грамм, 7-10 ёш бола 24 грамм, 11 ёш ва ундан катта болаларга эса кунига 30 грамм шакар мумкин.

Кичкинтой пюреларга ўрганиб қолса, табиий мева сабзавотларни истеъмол қилишни истамаслиги мумкин

Табиий ва пюре ҳолидаги сабзавотларнинг фарқи катта. Пюре ҳолига келтирилган сабзавот ҳадда ортиқ ширин экани сабаб бола асл таъмни билмайди бу ҳам етмагандек ширинликка нисбатан мойиллиги ортиб боради. Қолаверса, бундай пюреларга ўрганганидан кейин табиий мева ва сабзавотларни истеъмол қилишни истамаслиги мумкин.

Бола чайнашга эриниши мумкин

Ўрамдаги пюреларни идишдан сиқиб чиқаришнинг ўзи кифоя, чайнаш шарт эмас. Бола ортиқча уринишнинг ҳожати бўлмагани сабаб меъёридан кўпроқ истеъмол қилиб қўйиши мумкин. Шу сабабдан ҳам чайнашни ўрганган тақдирда ҳам бунга эриниши ва овқатни ҳам блендерда эзиб беришга тўғри келиши мумкин. Чайнаш билан муаммо бўлиши, узоқ вақтгача салбий таъсир кўрсатади. Сут тишлари ўз вазифасини бажармаса, эрта тушиши бу эса турли стоматологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Ота-оналар таркибида углевод юқори бўлган маҳсулотларни болаларга бермасликка ҳаракат қилиш керак. Чунки таъсир жиҳатидан шакарни кучли жисмоний ва психологик қарамликка олиб келадиган моддаларга тенглаштириш мумкин.

Дарё.уз