Тарих ва мантиқ уйғунлигини унутмайлик
Бундан анча йил олдин таҳририятга бир киши келиб, мақоласини нашрдан қайтарганим учун мен билан баҳслашди. Унинг мақоласида ёзилишича, Самарқанд вилоятида қадимда “Дониёл” исмли пайғамбар ўтган, ҳозир унинг қабри зиёратгоҳга айлантирилганмиш… Бунинг исботига у нашриёти ҳам номаълум бўлган кичик, имло хатоларга тўла бир рисолани кўрсатган эди. Бундай воқеалар ҳозир ҳам учраб туради.
Ҳа, баъзан маноқиб китобларида асоси ишончли бўлмаган ривоятлар келади. Масалан, ҳазрат Абу Бакрнинг: “Ё Аллоҳ! Қиёмат куни мени жаҳаннамга ташла, вужудимни шу қадар катта ва кенг қил, то мендан бошқа киши жаҳаннамга сиғмай қолсин”, дегани оғиздан оғизга, маноқиблардан маноқибларга кўчиб юради. Гарчи бунда ҳазрат Абу Бакрнинг ниҳоятда марҳаматли, фидокор бўлгани тараннум этилса-да, бу гап ҳақиқат эмас. Чунки ҳазрат Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга дуо қилгани каби: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт ва бизни дўзах азобидан асра” (Бақара сураси, 201-оят) деб дуо қилган зотлардандир. .
Ҳазрат Абу Бакр Пайғамбар алайҳиссалом ҳар куни ўқиган бу дуони қўйиб, ўзини кўра-била оловга ташлайдиганлардан эмас. Боз устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, ундан кейин ҳам мушрикларга қарши қилич кўтариб курашган зотнинг дин душманлари ўрнига ўзини жаҳаннамга лойиқ кўриб, уларни қутқаришга уриниши ўта мантиқсизликдир. .
“Комил мўмин” деганда, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ розилиги учун яхши кўрган, Аллоҳ розилиги учун ёмон кўрган, Аллоҳ ризоси учун берган, Аллоҳ ризоси учун бермаган ва ёмонликка тўсиқ бўлган” (Абу Довуд. “Сунан”, 15 (4/304); Имом Термизий. “Сифатул қиёма”, 60 (4/670); Аҳмад ибн Ҳанбал. 3/440), одамларни таърифлаганлар.
Ҳазрат Абу Бакр эса умматнинг гултожи бўлган, фақат Раббининг розилигини истаган зот, Аллоҳ ёмон кўрган, ғазаб қилган ва лаънатлаган кимсалар учун ўзини фидо қилиш тўғри эмаслигини биладиган даражада ақл эгасидир.
Фиръавн илоҳликка даъво қилиб: “Мен сизларнинг энг буюк Парвардигорингизман” (Нозиот сураси, 24-оят) деган, Намруд Иброҳим алайҳиссаломни тириклай оловга отган, Абу Жаҳл ва шериклари пайғамбарлар султони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёмонликларни қилган.
Энди ўйлаб кўринг, ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу барининг гуноҳини ўзига сўраб олиб, мушрик ва золимлар нажот топиши учун ўзини қурбон қиладими?! Асло! Чунки у жаҳаннам таърифлаб бўлмас даражада қаттиқ азоблар макони эканини жуда яхши биларди. Бунақа тилак тилаши Аллоҳнинг лаънат ва азоб макони бўлмиш жаҳаннамнинг ўзини ва азобини писанд қилмаслик билан тенг. Балки: “Бу бир мажоз, мақсад жаҳаннамга кириш эмас. Одамларнинг ундан озод этилиши, кечирилишини тилаш. Абу Бакр орзусини шу тарзда ифодалаган, халос”, дейилиши мумкин. Аммо ҳазрат Абу Бакр мушрик, мунофиқ, кофирларнинг ёнини олиш Аллоҳга қарши чиқишдай бир гап эканини, уларнинг кечирилишини сўраб Аллоҳга илтижо этиш мумкин эмаслигини яхши биладиган инсон эди.
Шунинг учун ҳар қандай манбани, айниқса, Ислом тарихи, пайғамбарлар, саҳоба ва бошқа улуғ зотлар ҳақидаги маълумотларни ўқиганда, диққатли бўлиш лозим. Тарих мантиққа, ишончли манбаларга мос келишини қиёслаб, илмли кишилардан сўраб, сўнг мисол тариқасида келтириш кишини уялтириб қўймайди.
А. ХУДОЙБЕРДИ ўғли
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан