Термизга келган сахоба
Термиз нафақат Ўзбекистоннинг, балки тарихда Мовароуннаҳр, кенг маънода, Турон ўлкасининг ҳам жанубий дарвозаси бўлган. Шунинг учун бу ҳудуд минтақада Ислом дастлаб ёйилган жойлардан бири бўлган. Термиз ҳижрий 56, милодий 676 йилда тобеинлардан бўлган Саид ибн Усмон ибн Аффон (ваф. тахм. 62/682) томонидан сулҳ билан фатҳ этилган.
Маълум бўлишича, Термизнинг илк фатҳ этилиш жараёнларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир саҳобалари ҳам қатнашган. Ибн Ҳиббон (ваф. 354/965) бундай келтиради: “Абу Фотима (исми Амр Иёдий) машриқу мағрибда ғозийлик қилган. Унинг суҳбати бор (Расулуллоҳ билан суҳбатда бўлган) эди. Уни Мағриб ноҳияларидан бўлган Зит-Тивазийда ҳам кўришган. Дарҳақиқат, кўп сажда қилганидан пешонаси ва икки тиззаси қорайиб кетган. Яна уни ғозий ҳолида Термизда одамларга имомлик қилганини ҳам кўришди, у (ҳар куни) бомдод намозида Ҳоққа сурасини ўқирди. Аммо уни бир ойда ҳам тугата олмади. Аллоҳ таолонинг: «(Эй, жаҳаннам қўриқчилари!) Уни ушлаб кишанланглар! Сўнгра уни оловга тобланглар!» (30-оят) деган сўзига келганида, (таъсирланиб) ҳушидан кетаверди”.
Гарчи Ибн Ҳиббоннинг “Дейиладики, унинг суҳбати бор” (йуқолу лаҳу суҳба) жумласи ҳадисшунослик илмида эҳтимолий саҳобаликни билдирса ҳам, Ибн Асир, Ибн Ҳажар ва бошқа саҳобалар таржимаи ҳоллари ҳақидаги манбаларда келган маълумотлар таҳлилидан маълум бўлишича, ушбу саҳобанинг исми Унайс ёки Абдуллоҳ ибн Унайс, қабиласи эса Аздий бўлиб, Шомда яшаган. Миср фатҳида ҳам иштирок этган ва у ерда уйга ҳам эга бўлган. Шомга тушган ва яшаган саҳобалар қаторида қайд этилган, қабри ҳам Шомда бўлиб, саҳоба Фазола ибн Убайд мақадининг (ваф. 53/673) ёнидадир.
Унинг уч ҳадиси бўлиб, ундан ривоят қилинган ҳадислар олти мўътабар ҳадис китоби муаллифларидан Имом Абу Довуд (Миззий. Туҳфатул ашроф, 12078-рақам), Имом Насоий (Мужтабо, 4167-рақам) ва Ибн Можа (1422-рақам) китобларида бор. Жумладан, Имом Ибн Муборак, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ундан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени бир амалга буюрингки, унда мустақим (барқарор) бўлай ва унга амал қилай”, дедим. У зот: “Саждани лозим тут. Албатта, Аллоҳ учун сенинг бирор саждангга муҳтож эмас, илло, Аллоҳ у билан даражангни кўтаради ва бир хатоингни ўчиради”, дедилар».
Ушбу лафз Ибн Можаники бўлиб, Абу Довуд лафзида: “Эй Абу Фотима, саждани кўпайтир. Албатта, бирор мусулмон йўқки, Аллоҳ унинг саждасига муҳтож бўлса, илло, Аллоҳ ўша билан унинг даражасини кўтаради” дейилади.
Ушбу ҳадис юқорида Термизда бўлгани айтилган саҳоба томонидан ривоят қилингани мантиқан асослидир. Чунки у ҳақдаги хабарда унинг саждадан пешонаси ва икки тиззаси қорайгани айтилган ва бу ҳолат ушбу ҳадисдаги маънога уйғундир.
Масалан, Ибн Муборак санади билан Касийр Аърождан бундай ривоятни келтиради (1296-рақам): «Биз Зит-Тивазийда эдик ва Абу Фотима Аздий ҳам биз билан эди. Унинг пешонаси ва икки тиззаси кўп саждадан қорайиб кетганди. Кунларнинг бирида у бундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай дедилар: “Эй Абу Фотима, саждани кўпайтир. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бирор банданинг саждасига муҳтож эмас, илло, Аллоҳ ўша билан унинг даражасини кўтаради”.
Бундай ривоятлар бошқа тобеинлардан Имом Аҳмаднинг “Муснад”ида ҳам келган (15526–15528-рақам).
Имом Байҳақий “Шуъабул иймон”да (8104-рақам) заиф санад билан келтирган яна бир ҳадисда ушбу саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан бундай ривоят қилади: “Токи Аллоҳ бирон чиқадиган йўл қилгунича, ўзи улар билан муомала қилишига тўғри келган одамлар билан яхши муомала қилмаган киши ҳаким эмасдир”.
Унинг Термиз билан боғлиқ бу фаолияти фақат Ибн Ҳиббонда учраши маълум бўлди. Аммо бу маълумот унинг қийматига таъсир этмайди. Чунки Ибн Ҳиббон “Самарқандий” нисбасида бўлиб, демак, у маҳаллий тарихни, яъни, Мовароуннаҳр ва унинг шаҳарлари тарихини ва олимларини бошқалардан кўра яхшироқ билади. Бу масалада ҳадис илми пешволаридан табаа тобеин Ҳаммод ибн Зайд Басрий (98–179/717–795) ҳадис илми тарихида муҳим бўлган қуйидаги қоидани айтган: “Кишининг ҳамшаҳарлари ўша кишини яхшироқ танувчидир”. Бу жумланинг маъноси маҳаллий тарихни билишда устунлик маҳаллий шахсларга берилишини ҳам билдиради.
Умуман, қайси ҳудуд бўлмасин, унга Пайғамбар алайҳиссалом саҳобасининг кириши ва унда яшаши исломий нуқтаи назардан улкан шараф ҳисобланади.
Юртимиздаги илк исломий жараёнлар ва бу давр тарихини ўрганиш масаласида эса ҳали анча ишлар қилиниши лозим. Манбаларда ушбу масалада ниҳоятда қизиқарли маълумотлар кўп. Келажакда уларни тизимли тадқиқ этган ҳолда кўплаб янги қирраларини кашф этиш мумкин.
Жўрабек ЧЎТМАТОВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан
Фойдаланилган адабиётлар
1. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ Ҳанзалий (мавло) Тамимий Марвазий. Китоб аз-зуҳд (ва йалийҳи “Китаб ар-рақоиқ ва нусхоту Нуъайм ибн Ҳаммод”). – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1425/2004. Биринчи нашр. – Б. 365, 1296-рақам.
2. Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Шайбоний Воилий Марвазий Бағдодий. “Муснад”, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. L.– Байрут: Муассасату-р-рисола, 1420/1999. Иккинчи нашр. XXIV, – Б. 285-287, 15526-15528-рақамлар.
3. Абу Абдураҳмон Аҳмад ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Насаий. Ал-Мужтабо мина-с-сунан. VIII. –Ҳалаб: Мактабату-л-матбуъот ал-исломийя, 1406/1986. VII. Иккинчи нашр. 4167-рақам.
4. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа Робъий (мавло) Қазвиний. Сунану Ибн Можа. II. – Байрут: Дор ал-фикр, 1373/1953. I, – Б. 457, 1422-рақам.
5. Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит ибн Аҳмад ибн Маҳдий Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фий илм ар-ривоя. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1405/1985. Биринчи нашр. – Б. 133.
6. Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад Тамимий Бустий. Ас-Сиқот. IX. Биринчи нашр. – Байрут: Дор ал-фикр, 1395/1975. III, – Б. 277.
7. Иззиддин Абулҳасан Али ибн Абулкарам Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Абдулвоҳид Шайбоний Ибн Асир Жазарий. Усуд ал-ғоба. VII (+I фиҳрист). – Байрут: Дору иҳя ат-турос ал-арабий, 1417/ 1996. I.– Б. 201, 235; III.– Б. 177. Биринчи нашр. VI, – Б. 229, 255-257.
8. Шиҳобиддин Абулфазл Аҳмад ибн Муҳаммад Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-Исоба фий тамйиз ас-саҳоба. VIII. – Байрут: Дор ал-жийл, 1412/1992. I, – Б. 139; IV,– Б. 14; VII, – Б. 276, 318-319.
9. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Хусравжирдий Хуросоний Байҳақий. Шуъаб ал-иймон. VII. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1410/1990. VI, – Б. 268, 8104-рақам.
10. Абулҳажжож Юсуф ибн Закий ибн Абдураҳмон Миззий. Туҳфату-л-ашроф би–маърифати-л-атроф. XII (+I фиҳрис).– Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1999. Биринчи нашр. VIII. – Б. 521, 12078-рақам.