Сўраган эдингиз…
Савол: Бир танишим чет элга бориб даволанмоқчи. Уни муолажа қиладиган европалик шифокор мусулмон эмас экан. Мусулмон кишини бошқа дин вакили муолажа қилса бўлади?
Жавоб: Шариатимиз мусулмонлар орасида барча соҳаларда етук мутахассислар бўлишини талаб этади. Бироқ баъзи соҳада мусулмонлардан етук мутахассис бўлмаса, ўз билими ва тажрибаси, инсонпарварлиги билан танилган ўзга дин вакилига мурожаат этишга рухсат берилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижратлари пайтида Бани Дайл қабиласидан бир мушрикни йўл кўрсатувчи қилиб ёллаганлари бунга далилдир (Имом Бухорий ривояти).
Бироқ ўзга дин вакилининг ақида ва ибодатга тегишли масалаларда маслаҳатлари олинмайди.
Савол: Масжидимизда янги таҳоратхона қуриляпти. Ишчиларга ойлик маошини берсам ва таҳоратхонага “Аристон” олиб берсам, шу маблағим ушр ва закот ўрнига ўтадими?
Жавоб: Закот, ушр ва фитр садақаларни муайян кишига мулк қилиб бериш шарт ҳисобланади. Уни умумий инсонлар фойдаланадиган жойларга: масжид ёки таҳоратхона, йўл ва кўприк қурилишларига бериб бўлмайди.
Шунингдек, ишчиларнинг ойлик маошини тўлашни ҳам закот ва ушр маблағлари ҳисобидан амалга ошириб бўлмайди.
Савол: Эр ёки хотин коронавирус инфекциясини юқтириб олса, бу ҳолда шифокор иккинчи тарафни огоҳ этиши керакми?
Жавоб: Албатта, чунки касаллик бутун оила аъзолари ўртасида тарқаб кетиши мумкин. Шу боис бундай ҳолатда дарҳол томонларни огоҳлантириш керак. Кўпчиликнинг манфаати бир кишининг манфаатидан устун қўйилади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти).
Савол: Айрим уйларга борсак, дарвозасига отнинг тақаси илингани ёки баъзи хонадонлар эшиги тепасига исириқ осиб қўйилганини кўрамиз. Бунинг бирор бир маъноси борми?
Жавоб: Агар бирор киши тақа, исириқ, кўзтикан, кўзмунчоқ каби нарсалар ҳақида “Шу нарсалар кўз тегишидан ва балолардан асрайди” деса, қалбида шу гапни тасдиқласа, Аллоҳ асрасин, ширк амални қилган бўлади. Чунки у бу гапи билан “Аллоҳ таолодан ташқари яна фалон нарсаларда ҳам асровчилик қуввати бор”, деб ақида қилган бўлади. Ваҳоланки, асраш, паноҳ бериш, қутқариш Аллоҳ таолога хосдир. Унга махлуқларни Аллоҳнинг феълларида тенг қилиш ширк амалдир.
Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасининг 5-оятида бундай марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз нарса)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк инсонлар орасига махфий ҳолда кириб кетишидан огоҳлантирганлар ва ундан сақланиш дуосини ўргатганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар, ширкдан сақланинглар. Чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, деганлар.
У зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули! Агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?” деди. Шунда у зот: “Ё Аллоҳ, биз билиб туриб, Сенга ширк келтиришдан паноҳ сўраймиз. Билмаганимизга истиғфор айтамиз, денглар”, деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Савол: Юртимизнинг айрим ҳудудларида чақалоқ ёшига тўлмагунича унинг сочи олинмайди. Шу тўғрими?
Жавоб: Туғилган бола, ўғил ёки қиз эканидан қатъи назар, етти кунлик бўлганда сочини олдириш ва сочининг вазни миқдорида кумуш (ёки унинг қийматини) садақа қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатган суннатлардан ва Ислом шиорларидан ҳисобланади.
Абу Амр ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ: “Ақиқа вақтида боланинг сочини олишни уламолар мустаҳаб ҳисоблаганлар”, деган.
Самура розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровлангандир. Еттинчи куни унинг номидан жонлиқ сўйилади. Ўша куни исм қўйилади ва сочи олинади” (Имом Термизий ривояти).
Шу ҳадисга кўра, бир йилгача чақалоқнинг сочини олмаслик Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ эмас. Агар урф-одат шариат кўрсатмаларига хилоф бўлса, унга риоя қилинмайди.
Савол: Мен ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларида денгиз маҳсулотлари (қисқичбақа – креветка) ҳалол эмаслиги ҳақида ўқиб қолдим. Лекин супермаркетларда кўплаб денгиз маҳсулотлари, шу жумладан, қисқичбақа ҳам сотиляпти ва бу маҳсулот қадоғида «Ҳалол» деган ёзув бор. Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз?
Жавоб: Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида денгиз ҳайвонларидан фақат балиқни ейиш ҳалол ҳисобланади. Қисқичбақасимон ҳайвонларни ейиш ҳалол эмас. Айнан креветкани баъзи ҳанафий мазҳабидаги халқлар (масалан, мисрликлар) балиқ, деб ҳисоблаганлари учун уни ейишни ҳалол санаганлар. Лекин бизнинг урфимизда уни ҳеч ким балиқ демаган ва шу сабабли уламоларимиз ҳам уни ейиш дуруст эмас, деганлар.
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.