
Истиҳсон
Бу сўз луғатда “яхши санаш” деган маънони англатади. Ҳанафий уламолар истиҳсонга бундай таъриф беришган. Истиҳсон – очиқ қиёсга муқобил шаръий далилдир.
ТУРЛАРИ
Қуръон ва суннат билан истиҳсон. Қуръони каримдаги истиҳсонга васият мисол бўла олади. Васият вафотдан кейин адо этилади. Шариатнинг умумий қоидасига кўра, киши ўлганидан кейин мулки меросхўрларга қолиб, мулк эгалигидан маҳрум бўлади. Бироқ бу умумий қоидага хилоф равишда, Нисо сурасидаги «Қилган васияти ёки қарзидан сўнг» деган оятга биноан, вафот этган кишининг васияти молига ўтадиган бўлган. Жузъий ҳукмни куллий аслдан истисно қилиш деганда шу тушунилади.
Ижмо билан. Бунга саноат шартномаси мисолдир. Масалан, дурадгорга пул олдиндан берилади. Аслида йўқ нарсага пул тўланмайди. Лекин инсонларга енгиллик бўлиши учун бу келишувнинг дурустлигига ижмо қилинган.
Заруратга кўра. Қудуққа нажосат тушганда, уни тозалаш ҳукми бунга мисолдир. Қиёсга кўра, ҳамма сувни олиб ташламагунча қудуқ тоза ҳисобланмайди. Истиҳсонга кўра, қудуқ сувини чамалаб, ўшанча сув чиқарилгандан кейин пок деб ҳукм қилинади.
Махфий қиёс билан. Йиртқич ҳайвонлар (айиқ, бўри, йўлбарс каби) теккан нарса ҳаром. Очиқ қиёсга кўра, йиртқич қуш (бургут, лочин, калхат каби)лар теккан нарса ҳам ҳаром бўлиши керак. Махфий қиёсга кўра, қушларнинг тумшуғидан йиртқич ҳайвонларники каби сўлак оқмайди. Шу сабабли улар теккан нарса пок деб ҳукм қилинади. Бу ерда махфий қиёс жалий (очиқ-ойдин) қиёсдан устун.
Маслаҳат – манфаатга боғлиқ истиҳсон. Бу навга мардикор ва ҳунарманд келтирган зарарни тўлаттириш мисол бўлади. Умумий қоидага кўра, улар қасддан зарар келтирмаса, тўлатилмайди. Чунки улар қўлида иш эгасининг мулки омонатдек турибди. Истиҳсон қоидасида эса тўлайди. Агар, “тўламайди”, деб ҳукм қилинса, бировнинг молини зое қилиш енгил саналиб, бир томонга зарар келтиради. Бу манфаатга боғлиқ истиҳсон дейилади.
“Истиҳсон” усулул фиқҳ илмига оид атама. У Қуръон, ҳадис ва ижмо каби шариатнинг ҳукм олинадиган манбаси эмас. Лекин ундан шаръий ҳужжат сифатида фойдаланилади. Уни биринчи бўлиб Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қўллаган.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан