Тикувчи муаззин қиссаси
Мадинада бир тикувчи муаззин яшарди. У тикувчиликда қанчалик моҳир бўлса, ширали овози билан азонни ҳам шу қадар чиройли айтарди. Одамлар уни “Тикувчи муаззин” деб аташар, ихлоси, имони ва омонатдорлиги учун ҳурмат қилишарди.
Узоқ вақтдан бери тикувчининг дўконида осиғлиқ турган кўйлак кўпчиликнинг эътиборини тортади. Бу либос на сотилади ва на кийилади.
Харидорлардан бири кўйлакни сотишни сўраганда, тикувчи:
– Кўйлак сотилмайди. Уни менга эгаси торайтириб беришим учун қолдирган. Буюртмасини олиб кетишга улгурмай сафарга кетди. Бир йилдан ошди, ҳанузгача дараги йўқ.
– Шунча вақт ўтибди. Энди келмаса ҳам керак. Яхшиси уни менга сот. Келиши номаълум харидорни кутиш ўрнига, нақд пулни олсанг-чи!
– У келиб қолса, нима дейман?
– Келса, узоқ вақт кутганингни айт ва кўйлакни сақлаганинг учун ижара ҳақини ол, ортганини қайтариб юбор.
– Йўқ, эй биродар. Гарчи қайтиб келмаса ҳам, кўйлак омонат. Уни сақлаб қўяман.
– Меҳнатинг-чи?
– Меҳнатимни садақа деб биламан.
– Ажойибсана, нақд пулни олмасдан, келиши номаълум кишини кутиб ўтирибсан.
– Мол зое бўлади. Аллоҳ таоло наздидаги мукофот яхшироқ ва боқийроқ.
* * *
“Мол зое бўлади. Аллоҳ таоло наздидаги мукофот яхшироқ ва боқийроқ”. Ҳа, тикувчи муаззин шундай фикрларди. У мусулмон киши доимо биродарига кўмак бериши вожиб, деб эътиқод қиларди. Бир кун тунда у сафарга кетган қўшнисининг деворини икки нотаниш киши тешаётганини кўрди. Ёнларига келиб мақсадларини сўради. Улар:
– Уй эгаси сафардалигини биламиз. Бизга шу деворни тузатиб қўйишимизни айтган эди…
– Деворни тузатиш?! Кечаси?! Мана шу тарзда-я?!
– Ҳа, айнан кечаси. Сабаби, кундузи бошқа ишларимиз бор. Муҳим ишни тезроқ якунлашимиз керак! Тикувчи муаззин бу сўзларга ишонмади. Улар ўғри эканини билди. Лекин уларни бу ишдан қайтаришнинг иложини топа олармикин? Ахир, волийга хабар беришга кўп вақт кетади. Унгача ўғрилар ишни бажариб, жуфтакни ростлаб қолишади-ку?!
Тикувчи муаззин азон айтди. Азон овозини ҳамма эшитди. Одамлар уйларидан чиқишди. Соқчилар масжидга шошилиш-ди. Сабаби, азон бевақт айтилган эди. Барча бирор-бир муаммо юзага келганини тахмин қилди. Ҳамманинг тилида бир гап: “Ҳозир ярим тун, нима учун азон айтилмоқда?”
Волий ҳам воқеа жойига етиб келди. Соқчилар тикувчи муаззинни келтиришди. Волий уни сўроққа тутди: “Эй тикувчи, бомдод намози кирмасидан олдин нега азон айтдинг?”
– Қўшнимнинг уйини тунашга уринаётган ўғриларни тўхтатиб қолиш учун азон айтдим. Соқчиларга буюринг, ўғриларни тутиб келишсин. Улар ҳам азон овозини эшитишгандир. Қочишга ҳозирланаётган бўлишлари керак.
Жиноятчилар қўлга олинди. Тикувчи муаззиннинг тадбирига тасанно айтишди: “Аллоҳ таоло сени ҳаққа ғайратли, хиёнатга сукут сақлаб турмайдиган қилибди. Шу ондан бошлаб, ҳар қандай жиноятдан огоҳлантиришинг учун соқчилар амрингга мунтазир. Қолаверса, жиноятни зудлик билан тўхтатишга тўғри келса, азон айтиб, огоҳлантиришинг мумкин”, деди волий.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан