Бани Қайс шоири Аъшо воқеаси
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Бу киши эрса, энг олий табақалардин бўлган араб шоирларидин саналур эди. Пайғамбаримиз билан кўришиб, Исломга кириш қасдида ўз юрти Ямомадин чиқди. Бу қилган сафарида Пайғамбаримиз шаънларига айтган, араблар одатларича, мақтов-сифатларини қилган узун бир шеър-қасида туҳфаси бор эди. Бу шоир Макка шаҳрига яқинлашганда, унинг келган хабари Қурайш халқига эшитилди. Аларга ташвиш тушдики, агар бу шоир келиб, Муҳаммадга имон келтирса, шеър айтиб, тили билан ташвиқот қилиб, бутун арабларни қўзғаши мумкиндур. Бунинг чорасини кўриб, уни Муҳаммадга кўриштирмай қайтариш керак, деб маслаҳат қилдилар. Шунинг билан Қурайш раисларидин Абу Суфён олдидин тўсиб чиқиб, у билан кўришди, анинг мақсадини сўраб билгандин сўнгра у:
– Эй Аъшо, агар Муҳаммадга имон келтирсанг, анинг динида уч нарса ҳаромдур: зино, хамр (ароқ) ва қимор. Агар анинг динига кириб, мусулмон бўлсанг, бу уч лаззатдин маҳрум бўлурсан, – деди. Анда Аъшо:
– Биринчи деганинг зино бўлса, энди мен қаридим, агар мен уни ташламасам, у мени албатта ташлайдур. Иккинчи айтганинг хамр бўлса, ундан кўп йиллардин бери ичиб, бир кишичалик ҳақимни олиб, қонганман. Учинчи – қимор ўйинидин қайтарса, уни ўйнаганимда ютиб олиб, фойдаланишим аниқ эмасдур. Аммо Муҳаммаднинг жавонмард, сахийлигини аниқ деб англадим. Агар имон келтирсам, анинг ато-бахшишларидин баҳра топгайман, – деди. Абу Суфён уни бу сўзлар билан қайтара олмаслигига кўзи етгандин кейин, туриб дедики:
– Эй Аъшо, бу ишга кўп шошмасдин яна бирор йил ўтгунча пайқаб қарагин. Энди сенинг бу келишинг ҳам қуруқ бўлмасин, Қурайш халқидин қизил тукли бир юз туя йиғдириб берайин. Агар бу орада Муҳаммад бизни енгиб, иши ривожланса, бир йил сўнгра келиб, унга имон келтирурсан, ҳам бунинг устига юз туя ортиқча ўлжа олган бўлурсан. Йўқ, агар бундоғ бўлмай, биз уни енгиб чиқар бўлсак, ул чоғда бутун араб ўз динида қолиб, анинг бу иши ўртадин кўтарилади. У ҳолда юз туя сенга яна фойдага қолади, – деб уни тамага солди.
У ҳам бўлса, мол ҳирси кўнглига тушгандан унинг бу сўзига ризолик кўрсатди. Шундай қилиб, Абу Суфён Қурайш халқидин юз туяни йиғиб унга топширгандин кейин Пайғамбаримиз билан кўришмасдин, дунёга алданиб, ўз элига қайтиб кетди. Йўлда кетаётганида уйига етмасдин илгари туясидин йиқилиб ўлди. Дунё ҳирси балосига қолиб, шундоғ улуғ давлатдин маҳрум бўлди. Лекин унинг шу сафаридаги Пайғамбаримиз шаънларида айтган шеъри эрса, шу кунгачалик китобларда машҳурдур.
Давоми бор…
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг
“Тарихи Муҳаммадий” асаридан.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан