Мақолалар

Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмас

Чоп этилди Dekabr 21, 2020 Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмасda fikr bildirishni o'chirish

Бир куни Сулаймон алайҳиссалом дўстлари билан бирга ўтирган эди. Азроил алайҳиссалом келиб, у ердаги бир кишига диққат билан боқди. У одам Азроил алайҳиссаломнинг бундай боқишларидан жуда қўрқиб кетди. Сўнгра Сулаймон алайҳиссаломга:

– Эй Аллоҳнинг набийи, менга ёрдам қилинг. Менга Азроил қаттиқ тикилиб қаради. Жонимни олади чоғи, – деди.

Сулаймон алайҳиссалом ундан:

– Хўш, нима қилайин? Мендан нима истайсан? – деб сўради.

– Шамолга амр этинг, мени Ҳиндистонга элтиб ташласин. Шояд Азроилнинг панжасидан қутулиб қолсам, – деди.

Сулаймон алайҳиссалом унинг истагини бажо келтирди. Шамолга буюриб, уни Ҳиндистонга жўнатди. Эртаси куни Азроил яна Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига келди. Суҳбат давомида Сулаймон алайҳиссалом:

– Кечаги одамга тикилиб қарамоқнинг боиси нима эди? – дея сўради. Азроил алайҳиссалом:

– Аллоҳ таоло менга бу одамнинг жонини Ҳиндистонда олишни амр этган эди. Уни бу ерда кўриб, ҳайрон қолдим. Аллоҳнинг амрини янглиш англамадиммикин, дея ҳайратландим. Шу боис унга диққат билан боққан эдим.

Буйруқни тўғри англаган эканман. Орадан бироз ўтиб, Ҳиндистонга бордим. Уни ўша юртдан топиб, жонини олдим.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан