Тавҳид пойдевори. Эътиқод қилиш тўғри бўлган нарсалар
– Аллоҳ Одам зурриётини унинг пуштидан зарралардек қилиб чиқариб, уларни ақлли қилди ва уларга хитоб этиб имонга буюрди, куфрдан қайтарди. Улар Аллоҳнинг рубубиятига иқрор бўлдилар. Бу уларнинг имонидир. Улар ана шу сифатда туғиладилар.
– Сўнг кофир бўлган инсон фитрий имонини куфрга алмаштиради ва ўзгартиради. Мўмин бўлган инсон имонда собит қолиб, унда давом этади.
Аллоҳ ҳеч бир бандани на куфрга ва на имонга мажбур этмади ва уларни мўмин қилиб ҳам, кофир қилиб ҳам яратмади, уларни куфр ва имонга қобилиятли шахслар қилиб яратди. Имон ва куфр бандаларнинг ихтиёр қилган феълларидир.
Аллоҳ таолога ким илмли ва сифати ўзгармасдан куфр келтирса, уни куфрлик ҳолида кофирлигини билади. Сўнг у имон келтирса, уни имонли ҳолида мўминлигини билади ва яхши кўради.
– Бандаларнинг ҳамма ҳаракат ва туришлари ҳақиқатда уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло уларнинг яратувчисидир. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан бўлади. Тоатларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг амри, муҳаббати, розилиги, илми ва қазойи қадари билан бўлади. Гуноҳларнинг ҳаммаси бандага берилган жузъий ихтиёр асосида Аллоҳнинг илми, қазоси, қадари ва хоҳиши билан бўлади, Аллоҳнинг амри, розилиги ва муҳаббати билан бўлмайди.
– Ҳамма пайғамбарлар алайҳимуссалом катта ва кичик гуноҳлардан, ёмонликдан ва куфрдан маъсумдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳабиби, хос бандаси, расули, пайғамбари ва танланганидир. Пайғамбаримиз бутга асло сиғинмаганлар, Аллоҳга ширк келтирмаганлар, кичик ва катта гуноҳ қилмаганлар.
– Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин одамларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Толиб розийаллоҳу анҳумдир.
Уларнинг ҳаммасидан Аллоҳ рози бўлсин. Улар ҳақ билан бўлиб, ҳақда ўтганлар. Уларнинг барчаларини дўст тутамиз.
– Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан ҳар бирларини фақат яхшилик билан ёдга оламиз. Бирор мусулмонни қилган гуноҳи учун, гарчи у катта гуноҳ қилган бўлса ҳам, уни ҳалол ҳисобламаса, кофирга чиқармаймиз, ундан имон номини олиб ташламаймиз ва уни ҳақиқатда мўмин деб атаймиз. Киши кофир бўлмай, фосиқ мўмин бўлиши мумкин.
– Маҳсига масҳ тортиш суннат билан собитдир. Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш суннатдир. Солиҳ ва солиҳ бўлмаган мўминларнинг ортида намоз ўқиш жоиздир. Биз мўминга, гуноҳ зарар қилмайди; у дўзахга кирмайди; дунёда мўмин ҳолда кетса, гарчи у фосиқ бўлса ҳам, дўзахда абадий қолади, демаймиз.
Биз, муржиалар каби, албатта, яхши ишларимиз мақбул ва ёмон ишларимиз мағфур, демаймиз. Ким Аллоҳ таолонинг шартларига биноан ва бузувчи айблардан холи қилиб бир солиҳ амал қилса, уни куфр, диндан қайтиш билан йўққа чиқармаган бўлса ва дунёдан мўмин ҳолида ўтса, Аллоҳ таоло уни зое қилмайди, балки қабул қилади ва унга ажр беради.
Ким ширк ва куфрдан бошқа гуноҳ қилиб, тавба қилмай, имон билан ўтса, у Аллоҳнинг хоҳишидадир: агар Аллоҳ таоло истаса, уни дўзах билан азоблайди ва хоҳласа, уни афв қилади, дўзах билан абадий азобламайди, деймиз. Бирор амалда риё бўлса, унинг ажрини йўқ қилади. Шунингдек, ғурурланиш ҳам.
– Пайғамбарнинг мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Аммо хабарларда келган, Аллоҳнинг душманлари – Иблис, Фиръавн, Дажжол кабилардан бўлган ва бўладиган одатдан ташқари ишларни каромат, деб атамаймиз. Балки уларнинг ҳожатларини раво қилиш деб атаймиз. Чунки Аллоҳ душманларининг дунёда ғурурда, охиратда азобда қолиши учун ҳожатларини раво қилади. Улар шу билан мағрурланиб, куфру туғёнда ҳаддан ошиб кетадилар.
Давоми бор…
Имоми Аъзам Нўъмон ибн Собитнинг “Ал-фиқҳул акбар” асаридан
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан