Бидъат ҳақида ҳикматлар
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган» (Оли Имрон сураси, 106-) оятини бундай тафсир қилади: Оятдаги: “юзлар оқарадиган” лафзидан мурод аҳли сунна вал жамоа ҳамда илм эгаларидир. Аммо, “юзлар қораядиган” иборасидан мурод бидъат ва залолат эгаларидир (“Усулул эътиқод”).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир бидъат аҳлидан тавбани тўсиб қўйгандир” (Имом Табароний ривояти).
* * *
Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – тақиқланган нарса эмас. Аксинча, собит суннатга зид келадиган ва шаръий буйруқлардан бирортасини амалдан қолдирадиган бидъат – тақиқлангандир” (“Иҳё улумуддин”).
* * *
Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бидъат икки хилдир: ҳидоят бидъати ва залолат бидъати. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларига хилоф бидъат мазаммат қилингандир. Лекин рухсат берилган нарсаларда юзага келган бидъат мақталади” (“Жомеъул улум вал ҳикам”)
* * *
Уламолардан бири бундай дейди: “Ғайридинларнинг бузғунчилиги омма мусулмонларга фош бўлиб туради. Аммо бидъат аҳлининг бузғунчилигини ҳамма ҳам англаб ололмайди”.
* * *
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Илмни маҳкам тут. Ҳар қандай бидъатчидан узоқлаш. Уларга умуман мойил бўлма, улар ўзига эргашганларни миш-мишлар, қуруқ гаплар билан залолатга бошлашади”.
* * *
“Агар мункар ва бидъат амаллар одамлар орасида ёйилса, ёмон амаллари атрофларини ўраб олади ва улар билан Раббилари орасини тўсиб, зулматга айлантириб қўяди ва шу сабабдан инсонлардан раҳмат кесилади. Уларга қаҳатчилик етади. Осмондан ёмғир ёғмай қўяди. Кишилар ўртасида адоват ёйилади. Сув озайиб кетади. Душманлар кўпаяди. Касалликлар тарқалади. Ҳайвонларнинг елими қурийди ҳамда экин-тикиннинг баракаси кўтарилади. Чунки Аллоҳ таолога қилинган ахлоқсизлик (ёмонликлар) азоб эшикларини очиб юборади ва манфаат йўлларини тўсиб қўяди” (Султон Мағриб Мавло Сулаймон (1797–1822 милодий) хутбасидан парча).
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан