Мақолалар

ҲАҚИҚИЙ ТАҚВО СОҲИБИ

Чоп этилди Dekabr 24, 2020 ҲАҚИҚИЙ ТАҚВО СОҲИБИda fikr bildirishni o'chirish

Ироқлик камбағал бир аёл Умар ибн Абдулазизни қидириб келди. Одамлардан: “Амирул мўмининнинг уйи қаерда?” деб сўраганида, улар бир кулбани кўрсатишди. “Мана шу амирул мўмининнинг уйими?” деб ажабланди аёл. Ўша ҳовлига кириб, бир аёлнинг офтобда буғдой янчиб, ун қилаётганини кўрди. Ироқлик аёл уни хизматкор деб ўйлаб:

– Амирул мўмининнинг рафиқаси қаерда? – деб сўради.

– Ундан нима истайсиз? – деди амирул мўмининнинг рафиқаси.

– Ишим бор эди. Мен Ироқдан келдим.

– Амирул мўмининнинг хотини менман, исмим Фотима.

“Наҳотки, шу амирнинг хотини бўлса?! Бизда қоровулнинг хотини ҳам бундан яхши кийинади-ку”, деб ўйлади у.

Бироздан сўнг Умар ибн Абдулазиз келди. Қудуқдан сув олиб, лой қориди, нураб кетган деворни сувай бошлади. Аҳён-аҳёнда хотини Фотимага қараб қўярди.

Шунда ироқлик аёл Умарни мардикор деб ўйлаб, Фотима бинти Абдулмаликка:

– Синглим, бу лойгар сенга кўп қараяпти, бошингни беркитсанг бўларди, – деди.

Фотима унга жавобан:

– Эй Аллоҳнинг бандаси, бу киши эрим бўлади, – деди.

Аёл ўзини тутолмай, йиғлаб юборди. Кўзларидан шашқатор ёшлар тўкилди. Умар ибн Абдулазиз қўлларини ювиб, аёлнинг олдига келди ва:

– Нима юмушингиз бор, холажон? – деб сўради. Аёл:

– Эй амирул мўминин. Мен эски уйимни таъмирлатиш учун ёрдам сўраб келган эдим, аммо бу уй менинг уйимдан ҳам бадтар экан, – деди.

Шунда Умар ибн Абдулазиз:

– Эй Аллоҳнинг бандаси. Билингки, бу уйнинг хароблиги сизларнинг уйларингиз обод бўлишига сабабдир. Бу уй кошона бўлса, сизларники харобага айланиши мумкин. Яна нима истайсиз? – деди.

– Менинг ўн нафар қизим бор, барчаси бошпанасиз. Уларнинг эри ҳам, бирор боқувчиси ҳам йўқ. Уларга маблағ беришингизни истайман, – деди аёл.

Умар ибн Абдулазиз Ироқ волийсига мактуб ёза бошлади. Аёлдан: “Каттасининг исми нима?” деб сўради. Аёл айтди. Умар: “Фалончига юз динор”, деб ёзди.

Аёл Аллоҳга ҳамд айтди. Кейин иккинчи қизининг исмини сўради. Аёл айтди. Умар яна: “Фалончига юз динор”, деб ёзди. Аёл: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Ўнинчисига навбат келганида, аёл унинг ҳам исмини айтди. Унга ҳам юз динор деб ёзганида, аёл амирул мўмининга раҳмат айтиб, миннатдорлик билдирди. Шунда Умар бирдан ўнинчисининг исмини ўчириб ташлади. Аёл ҳайрон бўлиб:

– Нега уни ўчирдингиз? – деб сўради.

– Мен қизларингизнинг ҳар бирига ҳақ ёзганимда “Алҳамдулиллаҳ” дедингиз. Байтулмолдан улуш ажратавердим. Аммо ўнинчисининг номини ёзганимда менга раҳмат айтдингиз. Менда мол бўлмаса, юз динорни қаердан топиб бераман? Бир кунлик даромадим динорнинг тўртдан учига тенг. Шуни ола қолинг, – деди.

Аёл рози бўлмади. Шунда Умар ибн Абдулазиз:

– Ундай бўлса, опаларига айтинг, берилган маблағдан унга ҳам улуш ажратишсин, – деб Ироқ волийсига ёзган мактубини аёлга тутқазди.

Зайнаб НОСИРОВА тайёрлади

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан