Меҳрини аямас
Бир парча эт эдик, онамиз туну кун бошимизда парвона бўлиб, оқ ювиб-оқ таради. Атак-чечак қилиб юрсак, йиқилмасин дея ортимиздан эргашди. Ширин овқатлар пишириб берганида баъзан хархаша қилдик, емадик, тўкиб-сочдик. Қўлимизга қалам тутганида, уни улоқтирдик. Онамиз аста-секин қоғозларга ёзишни ўргатди. Мактабга чиқиб кийимларимизни, китоб-дафтарларимизни кир қилдик. Аммо ҳар гал эрта тонг тоза кийимлар кийдик. Онамиз “Алифбе”ни, “Ўқиш китоби”ни биз билан бирга ўқиди, қўлимиздан тутиб, ҳарфларни ёздирди… Қишнинг изғиринли совуқларида пинжида мактабга олиб борди.
Улғайгач, худди ўзимиз катта бўлиб қолгандай бўлдик. Унинг меҳри, қалб тафти билан улғайиб, бу кунларга етганимизни унутдик…
Баъзан рўзғор ташвишлари билан онамизни кам эслаймиз. Онажонимиз хавотир билан қўнғироқ қилади: “Болам, тинчмисан?..” “Тинчман”, деймиз-у, сўзларига қулоқ осмай, ўз ташвишларимизни айтамиз. Хасталигини эшитиб, олдига борсак, яхши сўзимизни қизғанамиз. “Киши кексайса, ёш бола бўлиб қоларкан…” деб қўямиз. Шунда ҳам бизга шафқат қилиб: “Қаричиликни айб санаманг, болам”, дейди онамиз.
Унинг меҳр-муҳаббати шундай чексиз. Биз кўрсатган “ҳунар”лар қаддини букди, сочларини оқартирди, аммо у меҳрини аямади, миннат қилиш нималигини билмади…
Зайнаб НОСИРОВА
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан