Хайру саховат тадбирлари кенг қулоч ёйди
Мамлакатимизда боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд кишиларга саховат қилиш асрлар оша эзгу анъана, қадриятга айланган.
Ушбу қадриятлар асосида бугун «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати кенг қулоч ёйиб бормоқда. Ирмоқлар қўшилиб азим дарёга айлангани каби ҳозирги кунда амалга оширилаётган саховат тадбирлари ҳам кишига эзгуликка бурканган катта бир карвонни эслатиб юборади.
Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, олти бош жонлиқ сўйилиб, олтмишдан зиёд хонадонга гўшт маҳсулоти тарқатилди. Мингга яқин, аниқроғи, 998 та кам таъминланган оилага моддий ёрдамлар берилиб, уларнинг ҳолларидан хабар олинди.
Шунингдек, бугун пойтахтимиздаги 30-сонли “Меҳрибонлик” уйида “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳомийлигида уюштирилган хайрия тадбири барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Бундай хайрли тадбирлардан шу юрт, шу Ватан равнақига хизмат қилиб ўтиб кетган азизларимиз ҳам бебаҳра қолаётгани йўқ. Гап шундаки, Тошкент шаҳридаги 119 та масжид имом-хатиблари ва ноиб имомлари томонидан Қуръони карим хатм қилиниб, ҳосил бўлган савобу самаротлар ўтганларнинг руҳи покларига бағишланди.
Шу билан бирга, хатмлар сўнгида қилинган дуоларда Буюк Раббимиздан юртимиз ҳамиша тинч ва осуда бўлишини, бундан ҳам равнақ топишини, турли балою офатлардан Парвардигорнинг Ўзи асрашини сўраб илтижолар қилинди.
Хайрли тадбирлар давом этяпти.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги Ахборот хизмати