Асраб олинган қизалоқ
Ҳеч нарсани эслай олмайман ва эслашни ҳам истамайман. Гоҳида ёдимга тушиб қолганларини ҳам унутишни хоҳлайман. Биратўла беш ёшли қизалоқ бўлиб туғилдим ва нималар бўлаётганини хийла вақтлар идрок эта олмай юрдим. Даҳшатли туман болалигимни очлик ва мадорсизликдан жағи тинмай йиғлайдиган укамнинг ортигами ёки аллақайларга бекитиб қўйгандек эди, гўё. Кўчакуйда йиғлаётган болани кўрсам, юрагим музлаб қоларди. Унга қарайман: озғин эмас, ранги тиниқ, онаси эса чиройли кийинган ва ҳушёр. Нега кўз ёши қиляпсан? Сен қанчалик бахтли эканингни ва ажойиб онанг борлигини ҳис қилмаяпсан, демак.
Болалар уйида ўз онамни қанчалик интизор кутганим ёдимда. Бир куни бувим келди. Мен конфетларимни атайин емадим ва укамга берсин дея бувимга қайтардим. У конфетларни олди, аммо орадан бир ҳафта ўтиб, ўша конфетларнинг ярмини мени ва укамни сийлаш учун олиб келди. Шундан сўнг уни қайтиб кўрмадим. Атрофдагиларнинг айтишича, мени кимдир олиб кетишидан умид қилмасам ҳам бўларкан. Чунки онам ҳар доим сархуш, отамнинг айтишича, мен унинг қизи эмасман ва унга керагим ҳам йўқ. Бола асраб олишни истовчилар ҳам мени олмайди. Негаки, менинг ёнимда бемор ва йиғлоқи укам бор, касаллар эса кимга ҳам ёқарди…
Мен ҳаммасини тушунардим ва ҳеч кимни кутмасдим. Модомики, мени яқинларим олиб кетишни истамаётган экан, демак, ўзим ёмонман ва ҳаммасига ўзим айбдорман.
Ёмонлигим шундаки, ойим ҳамшишалари билан яйраб ўтиришига йиғлаб халақит қилаётган укамни овунтира олмасдим. Шунинг учун бизни бу ерга олиб келишди. Бу уқувсизлигим учун ҳар қандай жазога лойиқман.
Ҳеч кимни кутмасанг ва ҳеч нарсадан умид қилмасанг, ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қоласан. Шунда ҳаёт енгилроқ кечаётгандек туюлади. Менга бирор нарса ейиш, ичиш, кийиш, қаёққадир бориш – барчаси барибир бўлиб қолган. Мен уйқуга чўмгандим, йўқ, ўлгандек эдим. Дастлаб ичимда нимадир ўлгандек бўлди, кейин танам яшашни истамай қолди. Ўзимни жуда ёмон ҳис қилардим. Бироқ шунга лойиқ иш қилгандим. Укол, дори-дамронлар ва шифохонадаги доимий жимжитлик ҳаётимни аёвсиз парчалаётган эди. Шунда дафъатан мулойим, меҳрибон овоз қулоғимга чалинди. Ярқ этиб кўзимни очдим ва мени кимдир қўлларида авайлаб кўтариб, айни чоғда қаттиқ бағрига босиб турганини кўрдим. Кимдир мени тебратиб куйлаётган эди. Мен туш кўряпман деб ўйладим ва кўзларимни очсам, тушим тугаб қолади, деб қўрқиб кўзларимни қаттиқ юмиб олдим.
Бу онажоним билан биринчи учрашувим эди. Унинг ўғли ҳам касал бўлиб, шифохонага тушган эди. Боласи ухлаганида, мени этагига солиб тебратиб алла айтарди. Кўзёшларим туйғуларимни фош қилиб оқиб кетганини эслайман, онажоним уни артиб қўйди. Кейин онамни “Болалар уйи”да кўрдим. У мени кўргани келди. Бу мен учун жуда оғир эди. Чунки у менинг ортимда юким борлигини билмас эди. Мен бор кучим билан у ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилардим. Бир куни у мени уйига олиб кетди. Энди менинг ҳамма нарсам бор эди: оила, бошпана, кийим-кечак ва унинг ўғли – менинг укам, фақат ўзимнинг укам йўқ эди… Дастлаб бехосдан ота-онамни ранжитиб қўйсам, яна ҳаммаси эски ҳолига қайтади дея чўчиганимдан ҳаракат қилишга ҳам қўрқардим.
Кутилмаганда уйда укам ҳам пайдо бўлди. Мен унинг ёнимда эканига ишона олмаётган эдим. Мен у яна йиғлаб қолса, бизни қайтариб олиб бориб қўяди, деб хавотирланардим. Бироқ у аксига олиб, тинмасдан шўхлик қиларди, онажонимиз эса унинг бошини силаб, юзларидан ўпиб қўярди. Биз онажонимиз билан соатлаб суҳбатлашиб ўтирардик. Бир куни унинг дугоналари меҳмонга келишди. Аёллар гаплашиб ўтириб, болаларининг неча килодан туғилгани ҳақида гапира кетдилар. Хаёлимда ер оёғимнинг тагидан сирпаниб бораётгандек бўлди. Ойижоним эса ҳеч нарса бўлмагандек хотиржам оҳангда укам иккимизнинг туғилган чоғдаги вазнимизни ва жуда ҳам ёқимтой чақалоқлар бўлганимизни сўзлаб берди.
Онамнинг меҳрибон нигоҳлари ҳар доим кўз ўнгимда, Мен бу нигоҳни қалбимнинг энг ҳассос жойига муҳрлаб қўйдим.
Рус тилидан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан