Мақолалар

Эр хотинини нега хўрлайди?

Чоп этилди Dekabr 30, 2020 Эр хотинини нега хўрлайди?da fikr bildirishni o'chirish

Тили сўкағон, қўли “чопағон” эркаклар ўқисин!

Ижтимоий тармоқларда аёлларимизнинг қийналгани, қадри топталгани, қайнонаси қарғагани, эри ургани, “ўлдираман” дегани… ва ҳоказолар ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Инсонийлик қиёфасини йўқотган айрим кимсалар аёлига ҳайвонга ҳам қилинмайдиган муомалани қилиб, видеосини ижтимоий тармоқларга жойлаяпти!

Ҳайҳот, аёлнинг қадр-қиммати шунчалар ҳам пастми? Турмуш ўртоғи учун оиласини, яқинларини, туғилиб-ўсган уйини ташлаб келса, рўзғорини саранжом-саришталаб, иссиқ-совуғига яраса, жонидан кечгудек бўлиб фарзандларини дунёга келтирса-ю, кўрган куни шу бўлдими?

Биз қачон ўзлигимизни шу қадар унутдик? Aслида, бу муаммолар бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Буларнинг илдизи йиллар десам кам, асрларга бориб тақалади. Лекин ўзгаришни қачондир бошлашимиз керак-ку!

Aгар малол олмасангиз, баъзи тавсияларим билан ўртоқлашсам (қизи борлар қизи учун, турмушга чиқмаган сингилларимиз ўзи учун деб тушунишар):

1. Дастлаб қизингизни шахс қилиб тарбияланг, кимгадир келин, кимгадир хотин ёки уй хизматкори, қул, югурдак, бола туғадиган ва боқадиган механизм қилиб эмас.

“Доим қўлинг кўксингда бўлсин”, «Тилингдан “хўп бўлади” тушмасин», “Ҳамманинг кўнглини ол” деган ибораларга қўшиб, “Ўзингни камситиб қўйма”, “Қадрингни бил”, “Сен ҳам инсон эканингни унутма” деган тушунчаларни ҳам сингдирайлик қизларимизга.

2. Қизингизнинг илм олишига эътиборли бўлинг. Сарпосини йиғишгамас, фанларни яхши ўзлашитиришига диққат қилинг. Иқтидорли бўлса, олий таълим учун шароит қилиб беринг. “Ўқиб шаҳар оберармиди, эрга тегса, эри боқади” деманг! Бу – ҳаёт, олдинда нималар кутиб турганини ҳеч ким билмайди. Балки эри вақтинчалик ишсиз бўлиб қолар, балки “уст-бошингни отаонанг олиб берсин, ота-онанг даволатсин” дейдиган ношудлардан чиқиб қолар (Аллоҳ сақласин)…

3. Қайси ҳунарга қизиқса, эринмай ўргатиб қўяверинг.

4. Қизиқиши бўлса, ҳайдовчиликка ўқишига ҳам қаршилик қилманг. Кимларгадир ёқса ҳам, ёқмаса ҳам рул чамбарагини тутган аёллар кўпайиб бораверади, бу – замон талаби. Қизингизни замондан ортда қолдирмай ўстиринг.

5. Чет тилларини ўргатинг. Номард эри сабабли бир неча фарзанди билан кўчада қолаётган аёлларга қараб ичим ёнади. Ҳеч бўлмаса, чет тилини билса ҳам, уйидан чиқмай, харажат қилмай пул топса бўлади.

Оддий мисол. Магистратурада ўқирдим. Дарсларим кўплиги учун бирорта жойга ишга жойлашмадим. Лекин уйда опамнинг қизларига инглиз тилини чуқурроқ ўргата бошладим. Кейинчалик уларга қўшилиб дугоналари, синфдошлари кела бошлади. Болаларининг инглиз тилидан билими сезиларли даражада ошганини сезган отаоналар бир-бирига реклама қилишди, ўқувчиларим кўпайиб кетди. Мен бирортасига “Мана бунча беринг” деб айтмасам ҳам, 100, 150 минг сўмдан беришди. Бир ойда ўртача 3–3,5 миллионча даромад топдим (2013 йил).

Нега айрим эрлар хотинини тап тортмай хўрлашади? Кўп ҳолларда “Хотинимнинг менсиз куни ўтмай қолади. Мен бўлмасам, бир бурда нонини топиб еёлмайди, борадиган жойи, қиладиган иши йўқ”, дейишади. Aгар хотини усиз ҳам оч қолмаслигига кўзи етса, балки сал ўзларини тийиб олишармиди…

6. Бирор спорт турини ўргатинг.

7. Aка-укалари, амаки-тоғалари тез-тез қизингизни уйига йўқлаб боришса, жуда яхши. Ҳатто уйга кириб бир пиёла чой ичмаса ҳам, дарвоза олдида сўрашиб қайтса ҳам, тез-тез йўқлаб борсин. Куёв бола бу қизни сўраб келадиганлар кўплигини кўриб қўйсин. Шунда қўли, тили югурик бўлмайди.

8. Куёвингиз, қудаларни совға-саломлар билан эркалатиб юборманг: қизингизни совғалар сабаб ҳурмат қилишга ўрганиб қолишмасин. Акс ҳолда, совғаларнинг кети узилиши билан ҳурмат-иззат ҳам битади. Аксинча, гулдай қиз ўстириб, тарбиялаб берганингиз учун, куёвингиз сизни совғаларга кўмса арзийди.

Яна бир гап. Гўзал қизлар ҳеч қачон янги келин бўлиб борганда ўзингиздан янги одам ясаб, турли чиройли “ниқоб”лар тақиб олманг. Чунки кун келиб у “ниқоб”ларни тақишдан чарчайсиз ва қачондир аслингизни таниб олишади. Аслингиз каби кўринаверинг, бундан ҳали ҳеч ким ютқазмаган. Ота-онангиз уйида қандай бўлсангиз, шундай бўлиш – энг тўғри йўл. Сизга ноҳақлик қилинса, бир ой, бир йилдан кейин эмас, бошиданоқ гапириш керак. Aкс ҳолда “Тили чиқиб қоптими, опаси гап ўргатдими, онаси йўлдан урдими?” бўлади кейин. Яхшиси, бошиданоқ қандай бўлсангиз, шундайлигингизча қабул қилишсин. Аммо янги уйда ўзгаришни ният қилган бўлсангиз – бу бошқа гап.

Гапларимни асло “эр ва унинг оиласи душман экан, улар билан курашиш керак экан!” деган маънода тушунманг.

Aслида, озгина қадрлаб, меҳр кўрсатишса, икки оғиз ширин сўзини аяшмаса, қайнона-қайнота, эр ва унинг яқинлари хизматини қилиш биз – аёлларга иш эмас. Лекин аскинча бўлса…

Ҳаммангиз бахтга лойиқсиз! Aллоҳ бахтингизни бутун қилсин, опаларим, сингилларим!

Ойниса ҲОЖИЕВА

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35