Залолатга бошловчилар
Орамизда ҳамон фол кўрувчиларнинг сўзларига ишониб амал қилаётганлар ҳам борлиги ачинарлидир. Ваҳоланки, Қуръони каримда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳам фол кўриш динимизга зид амаллардан экани таъкидланган.
Баъзилар фол кўрувчилар йўқолган нарсаларни “топиб берганини”, касални “даволаганини” йиллаб гапириб юришади. Бу иш гуноҳ эканини билишмайди. Ҳазрат Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Улар ҳеч нарса эмас”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, гоҳида ўша фолбинлар айтган сўз тўғри чиқиб қолади-ку?” дейишган эди, у зот: “Жинлар фаришталар жамоасидан баъзи гапларни илиб оладиларда, унга юзта ёлғонни аралаштириб, фолбинлардан бўлган гумашталарининг қулоғига қуядилар”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Фолбинлар авом халқ орасида ўзларини йўқолган нарсаларни топиб берувчи, йўли боғланганларнинг “бахтини очувчи”, ҳатто жинларни ҳам бўйсундирувчи, барча ёмонликларни қайтара олувчи қилиб кўрсатишади. Ҳақиқатда эса улар жоҳил, итоатсиз ва ёлғончилардир. Улар ғайбни биламиз деб даъво қилишади. Аслида ғайбни на инс билади, на жин билади. Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолога хосдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қачон Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда. Унинг ўлимига фақат ҳассасини еяётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинлар аниқ биладиларки, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда (меҳнатда узоқ муддат) қолмаган бўлур эдилар» (Сабаъ сураси, 14-оят).
Фол кўрувчиларнинг кирдикорларидан бехабар киши уларнинг даъволарига учиб, гапларига қулоқ тутади. Ҳийлачи фолбин бу имкониятни иложи борича қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилади. Кўринишдан содда, оддий кийинган, ишонувчан ёки бошига мусибат тушган кишиларни фолбинлар дарров тузоқларига илинтириш пайида бўлишади. Улар одамларга орзуларини рўёбга чиқаришни, туганмас мол-дунёга эриштиришни, мушкулларини осон қилишни ва ҳаётнинг барча ғам-ташвишларидан қутқаришни ваъда бериб, тузоқ қўйишади.
Фол кўрувчилар ҳамманинг ўзига яраша катта-кичик ташвиш-муаммоси бўлишидан жуда усталик билан фойдаланишади. Олдин арзимаган чойчақа эвазига бошланган “тадбир” бора-бора бечора ғофилнинг ҳамма нарсасидан айрилиши билан тугайди. Фол кўрувчи тузоғига тушган кишидан баъзан қора рангли (қўй, эчки, хўроз каби) жонлиқ келтиришни сўрайди. Жонлиқ сўйилиб, қони дардманнинг баданига суртилади. Бу ҳол бир ҳафта, бир ой, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт такрорланиши мумкин. Ҳолбуки, динимизда оқиб чиққан қон ҳаромдир, ҳаром нарса шифо бўлмайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фол кўрувчининг ёки сеҳргарнинг олдига бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди”. Фол кўрувчилар ўзига ишонган кишини хонавайрон қилишидан ташқари, дунё ва охират саодатининг гарови бўлган имонига ҳам таҳдид солишади. Ушбу ҳадис шарҳида мазҳабимиз фақиҳлари фол кўрувчиларнинг: “Шайтонлар мен истаган нарсани бажаради”, деб эътиқод қилишлари куфр ҳисобланишини айтишган» (“Раддул муҳтор”).
Фол кўриш жирканч ишдир. Фол кўрувчилар ҳам, уларни тасдиқловчилар ҳам имонидан айрилади (“Баззозия”). Шунингдек, ўғирланган нарсанинг қаердалигини биламан дейиш ҳам, менга жинлар хабар етказиб туради, дейиш ҳам кишини диндан чиқаради (“Татархония”).
Имонга зарар етиши жуда оғир хатар. Мўмин ҳамиша имонини мустаҳкам сақлашга интилиши, уни турли хавф-хатарлардан асраши керак. Имонини фол кўрувчиларнинг фитналаридан ҳимоя қилиш ҳам мўминнинг энг муҳим вазифаларидандир.
Ғуломжон БОБОЖОНОВ
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан