Мурожаатнома хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижлик экспертлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик фуқаролар катта қизиқиш билан кутиб олди. Ушбу дастурий маърузада билдирилган таклифлар ҳақида хорижий давлатлар фуқаролари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.
Сугано Рейко, Тошкент давлат шарқшунослик университети “Япон филологияси” кафедраси ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби (Япония):
– Ўзбекистонда ёшлар таълим-тарбиясига катта аҳамият берилаётгани жуда муҳим деб ўйлайман. Илм-фанни ривожлантириш, янги технологияларни яратишда ёшлар энг катта куч ҳисобланади. Шу сабабли давлат грантлари асосида ёшларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш уларда янги умид уйғотади, келажакка ишончни оширади.
Президент Шавкат Мирзиёёев ташаббуси билан олий таълим тизимида босқичма-босқич янги ислоҳотлар амалга оширилиши билимли кадрларни етиштиришда муҳим роль ўйнайди. Ёшлар ўртасидаги соғлом рақобатни шакллантиришга, мамлакатда етук малакали мутахассис кадрлар кўпайишига сабаб бўлади.
Саид Аҳмад ал-Ҳабаший, ТДШУ “Араб филологияси” кафедраси ўқитувчиси (Миср Араб Республикаси):
– Мен Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатини кафедрамиз аъзолари билан кузатдим. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “нуфузли хорижий университетлар, илмий инновацион марказлар билан алоқаларни қучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур”, деб таъкидлагани мен ишлаётган университетда Миср Араб Республикаси Ҳелвон университети билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишларига ҳамоҳанг бўлди.
Пандемия шароитида ТДШУнинг Мисрдаги нуфузли университет билан ҳамкорлик ўрнатиши айни муддао бўлди. Шартномага асосан, Ҳелвон университети профессорлари университетнинг Шарқ филологияси ва Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти йўналишидаги бакалавр ва магистрларга қизиқарли илмий маърузалар ўқиди, “Араб филологияси” кафедраси магистрантлари диплом ишларига илмий раҳбарлик қилишни бошлади.
Ҳелвон университети ҳузуридаги инновацион марказлар билан Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари ва унинг қошидаги лицей ўқувчилари учун қўшма дарслик ва ўқув қўлланмалари, луғатлар тайёрлашни келишиб олдик.
Аббос Ҳусайн, филология фанлари доктори, доцент (Эрон Ислом Республикаси):
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига Мурожаатномаси барча соҳалар бўйича мамлакатингиз ривожланишини белгилаб берган дастурий ҳужжат бўлди. Ўқитувчи бўлганим ва Ўзбекистонда ишлаётганим учун таълим соҳасига оид янгиликлар менда катта қизиқиш уйғотди.
Мурожаатномада олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилиши айтилди. Бу, бир томондан ижтимоий ҳимоянинг олий кўриниши. Сабаби, аёл киши келажак авлодни тарбиялайди. Шарқ дунёсида 2-3 нафаргача фарзанд кўриш табиий ҳол. Бу фарзандлар тақдири аёл кишининг таълим-тарбиясига, савиясига боғлиқ. Сабаби, аёл қайси соҳада бўлмасин, ўқимишли, илмли бўлса, фарзанд тарбиясига ўз таъсирини ўтказади.
Бошқа томондан, эҳтиёжманд оилалар ҳамиша ҳам фарзандларини ўқитиш имкониятига эга эмас. Президентингиз эътироф этган бу жиҳат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бошланган хайрли ишлардан бири бўлиши шубҳасиз. Айниқса, аёлларнинг давлат ташкилотлари, хусусан, парламентдаги иштирокини ошириш бўйича қатор тадбирлар натижаси сифатида эътироф этиш мумкин.
Чи Даоцзя, ТДШУ “Хитой филологияси” кафедраси ўқитувчиси (Хитой):
– Мурожаатномада “Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади”, деб қайд этилди.
Албатта, ушбу ғоя олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари академик лицейлар дарс машғулотларига жалб қилинишига қулайлик яратади. Бундан ташқари, академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш учун хорижий мамлакатлар экспертлари жалб қилиниши таълим сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга академик лицейлар ўқувчиларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, уларни “устоз-шогирд” тамойили асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларга бириктириш имкониятини беради.
Фикри Айдемир, филология фанлари доктори, доцент (Туркия Республикаси):
– “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет элга магистратура ва докторантурада таълим олиш учун юбориладиган талабалар чет элдан қайтганидан сўнг иш жойларида ва улар билан бирга ишлайдиган дўстлари орасида ишга бўлган муносабатда катта ўзгариш бўлади. Яъни, кўпроқ илм олишга бутун куч-ғайрат билан виждонан ишлашни бошлайди. Бу магистратура ва докторантурада кенг қамровли алмашинув бўйича хайрли ишларнинг дастлабки қадамларидир.
Мазкур алмашинув дастури орқали бакалавриатда таҳсил олишнинг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ ва жуда муҳим қадам бўлади, деб ўйлайман. Ушбу дастур доирасида халқаро тизимни биладиган, бутун дунё илмларини эгаллаган, жаҳонда бўлаётган ўзгаришлардан хабардор кадрларнинг Ўзбекистонни янада юқори поғонага кўтарадиган ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзгаришларнинг локомотиви бўлиб етишишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Элёр Маҳмудов, Тошкент давлат шарқшунослик университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори:
– 2020 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқув жараёнига АҚШ, Нидерландия, Россия, Япония, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Малайзия, Миср, Туркия, Венгрия, Эрон, Индонезия, Қозоғистон каби давлатлардан 63 нафар профессор-ўқитувчи ва ватандошлар жалб этилди. Қиёслаш учун: 2019 йилда мазкур кўрсаткич 39 нафарни ташкил этган. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари ходимлари билан талабалар учун тизимли дарслар йўлга қўйилди.
Якунланаётган йилда университетимизда таҳсил олаётган хорижий талабалар, докторант ва стажёрлар сони 73 нафарни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 1,8 марта кўп. Ушбу кўрсаткичлар пандемия шароитида ҳам таълим-тарбия изчил ривожланганидан далолат.
Президентимизнинг парламентга Мурожаатида таълим тизими, жумладан, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент давлат шарқшунослик университети давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни 2021 йилда олий ўқув юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий мутахассислар билан биргаликда амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратади.
ЎзА