Маййитни ювиш ва кафанлашга доир аёлларга хос масалалар
САВОЛ: Инсонга ўлим онлари яқинлашиб қолганида қандай ишлар қилинади?
ЖАВОБ: Ўлим тўшагида ётган одамни ўнг томони билан қиблага юзлантириб, олдида калимаи тоййиба (“Лаа илаҳа иллаллоҳ” ёки калимаи шаҳодат (“Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ”) овоз чиқариб айтиб турилади. Бу амал жон талашаётган одамнинг мазкур калимани айтишига ёрдам беради. Бу ҳол бемор калимани айтиб олгунича давом эттирилади. Бемор калимани айтиши би-лан талқин қилиш ҳам тўхтатилади. Чунки унинг оғзидан чиққан сўнгги сўз калимаи шаҳодат бўлиши керак.
Жон таслим қилиши осон кечиши учун бемор чалқанча ётқизилиши ҳам мумкин. Ўлим тўшагида ётган кишининг ҳузурида Ёсин ва Раъд сураларини тиловат қилиш мустаҳаб.
Беморнинг жони узилгач, танаси совиб улгурмасидан унинг кўзлари юмилиб (агар очиқ бўлса), жағи танғиб қўйилади. Чунки танадан жон чиққач, пай ва мушаклар бўшашиб, оғиз очилиб қолади. Шунингдек, унинг қўл-оёқлари, бармоқлари – агар букилиб ё тугилиб қолган бўлса – тўғриланиб, усти ёпиб қўйилади. Қорни шишиб кетмаслиги учун унга оғирроқ бирор нарса (тош, ғишт каби) қўйилади. Ҳаво яхши айланиб туриши учун маййитни сўри, каравот каби баландроқ нарса устига ётқизиш мақсадга мувофиқ. Маййит турган хонага хушбўй нарсалар тутатиб қўйиш ҳам айни муддао бўлади.
Катта бетаҳоратлик етган кишилар, масалан, жунуб, ҳайз ёки нифос ҳолатидаги аёллар маййит ҳузурида турмаганлари маъқул. Чунки улар сабабли фаришталар маййит ҳузурига киришдан тўсилиб қолишади.
Мўмин одам вафот этар экан, уни ҳаётлигидаги мукаррамлигига муносиб равишда тезлик билан ювиб, кафанлаш ва дафн қилиш тириклар зиммасидаги вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» деб марҳамат қилган (Исро сураси, 70-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Али, уч иш кечиктирилмайди: вақти кирган намоз, ҳозир бўлган жаноза ва тенги топилган қизни узатиш” (Имом Аҳмад ривояти). Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Маййитни икром қилиш унинг ишини (жанозасини) тезлатишдадир”.
Маййитнинг қарзларини узиш ва васиятини амалга ошириш ҳам шулар жумласидандир.
САВОЛ: Маййитнинг олдида Қуръон ўқиш мумкинми?
ЖАВОБ: Мазҳабимизда маййит ювилмагунича, унинг олдида Қуръон ўқиш макруҳ саналади. Чунки маййитдаги нопоклик ёки нажосат сабабли у ерда Қуръон ўқиш Аллоҳнинг каломига нисбатан ҳурматсизлик бўлади.
САВОЛ: Маййит ювиладиган сув қандай бўлиши керак?
ЖАВОБ: Ювиш учун пок сув ишлатилади. Сувни бадан сесканмайдиган даражада иситиб олиш мақсадга мувофиқ. Унга сидр, совун, шампун каби хушбўй нарсаларни қўшиш мандуб саналади.
САВОЛ: Маййитини ювишдан олдин нималарга эътибор қаратиш лозим?
ЖАВОБ: Маййитни ювиш учун, аввало, унинг эгнидан кийимлари ечиб олинади. Албатта, бу ишлар бегоналарнинг кўзи тушмайдиган, атрофи ўралган, берк жойда амалга оширилиши керак. Аврат масаласида маййит билан тирик одамнинг ҳукми бир хил. Яъни, инсон тириклигида танасининг қайси қисми аврат ҳисобланган бўлса, ўлганидан кейин ҳам ўша жойлари авратлигича қолаверади. Аёл кишининг аврати бошқа аёлларга нисбатан киндигининг остидан тиззасининг остигача ҳисобланади. Аммо фақат аврати ғализанинг ўзини беркитиш билан ҳам кифояланиш мумкин.
САВОЛ: Аёлни ювишга кимлар ҳақли?
ЖАВОБ: Албатта, аёл кишини унинг аёл маҳрамлари ювиши керак. Гоҳида ғусл ишини шариатга мувофиқ бажара оладиган аёл маҳрамлар топилмаслиги ҳам мумкин. Шундай пайтда мазкур масалада тажрибаси бор мўмина аёллардан ёрдам олса бўлади.
САВОЛ: Маййитнинг ўсган тирноқларини олиш мумкинми?
ЖАВОБ: Йўқ, маййитнинг тирноғи, сочи ва бошқа жойларидаги тукларини олиш макруҳ саналади. Чунки бундай ишлар зийнат учун қилинади, ўликларга эса бунинг ҳожати йўқ. Аммо синиб ёки кўчиб, осилиб қолган бўлса, олиб ташлаш зарар қилмайди.
САВОЛ: Маййитни ювадиган одамдан нималар талаб қилинади?
ЖАВОБ: Албатта, маййитни ювишга кирадиган одам солиҳа, ишончли, омонатдор ва ювиш ишини яхши биладиган бўлиши керак. У маййитнинг танасида бирор нуқсон, айбни кўрса ёки унинг юзида бирор нохуш ҳолатга гувоҳ бўлса, буни сир сақлаши лозим. Аксинча, яхши ҳолатга гувоҳ бўлса, уни айтиши мумкин.
Абу Рофиъ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким маййитни ювиб, унинг айбини, камчилигини беркитадиган бўлса, Аллоҳ таоло уни(нг ҳам айбини, гуноҳларини) қирқ маротаба мағфират қилади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Яна бир ҳадисда: “Маййитларингизнинг яхшиликларини зикр қилинг, камчилик-айбларини айтишдан тийилинг”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Юваётган киши қўлларига бирор матодан қўлқоп қилиб олади (тиббиёт қўлқоплари ҳам бўлаверади) ҳамда маййитнинг авратларига назар солмайди.
САВОЛ: Маййитни кўриш, ўпиш мумкинми?
ЖАВОБ: Маййитни эҳтиром, табаррук қилиш ва видолашиш ниятида ўпишнинг ҳамда назар солишнинг зарар йўқ. Аммо бунда додвой солиб йиғлаш, ўзини уриб, ёқаларини йиртиш асло дуруст эмас.
САВОЛ: Ювиш тартиби қандай?
ЖАВОБ: Маййитнинг либослари ечиб олингач, аврати ёпилган ҳолда тахта ёки каравот устига чалқанчасига ётқизилади. Маййитнинг ғусли ҳам худди тирик одамнинг ғусли каби бўлади. Аввал истинжо қилдирилади. Бунинг учун ғассол қўлларига алоҳида қўлқоп (матодан ёки резинадан бўлган) кийиб олади. Агар унинг бирор еридан нажосат ёки нопок нарсалар чиққан бўлса, улар кетказилади, сўнг иш таҳорат қилдиришдан бошланади: оғзи ва бурни намланган мато билан артилади, уларнинг ичига сув қуймасдан ҳамда оғзини очмаган ҳолда бармоқ билан тишлари, сўнг юзи ва икки қўли билагигача уч мартадан ювилади; бошига масҳ тортилади. Сўнг бошига сув қуйиб ювилади. Ундан кейин жасадни чап томонга ёнбошлатиб, ўнг томони – елкасидан то оёғигача – ювилади. Сўнг ўнг томонга ёнбошлатиб, чап томони ювилади. Ювишда қўл билан аста ишқалаб турилади. Шу тариқа уч марта ювилади. Сўнг ғассол кўксига маййитни суяган ҳолда ўтирғизиб, қорнини секин пастга қараб силайди, токи қорнидаги чиқиб кетолмай турган нажосат ташқарига чиқиб кетсин. Агар бирор нарса чиқса, артиб ёки ювиб юборилади, холос, қайта ғусл қилдирилмайди. Маййит ювиб бўлингач, бадани бирор мато билан артиб, қуритилади. Сўнг унинг сажда ўринлари – пешонаси, бурни, икки кафти, икки тиззаси, икки оёқ бармоқлари, кафтлари, тўпиқларига хушбўйлик суртиб қўйилади.
САВОЛ: Инсон ўзига олдиндан кафанлик олиб қўйиши жоизми?
ЖАВОБ: Ҳа, бу ўлимга олдиндан тайёргарлик кўриш ва дафн ишларининг тезроқ амалга оширилишига ёрдам бериш ҳисобланади. Динимизда ўлимни ёдга олиш ва унга тайёргарлик кўришга тарғиб қилинади. Қолаверса, дафн ишлари, жумладан, кафанлик ҳозирлаш ҳар кимнинг ўз молидан қилинади. Агар маййитдан ҳеч қандай мерос қолмаса, у ҳолда мазкур ишлар меросхўрларнинг ҳисобидан амалга оширилади.
САВОЛ: Аёллар учун кафанлик нималардан иборат бўлади?
ЖАВОБ: Аслида кафанликнинг уч нави бор: зарурат, кифоят ва суннат. Зарурат кафани баданни тўлиқ ёпишга етадиган миқдордаги кафан. Кифоя кафани учта: лифофа, изор ва химор. Суннат кафани энг комил суратдаги кафанлаш бўлиб, у бештадир: изор, қамис, химор, хирқа ва лифофа.
САВОЛ: Маййит қандай кафанланади?
ЖАВОБ: Маййит аёл бўлса, аввал лифофа ва изор тўшалиб, изорнинг устига маййит қўйилиб, қамис кийдирилади. Сўнг сочини икки ўрам қилиб, қамиснинг устидан кўксига ташлаб қўйилади. Сўнгра химор билан лифофанинг остидан боши ва юзи ёпилади. Кейин изор аввал ўнг, сўнг чап тарафдан ўралади. Шундан кейин қамис ва изор устидан хирқа билан кўкраги маҳкам боғлаб қўйилади. Ва ниҳоят охирида лифофа ўралади. Кафан очилиб кетмаслиги учун бош ва оёқ томонидан боғлаб қўйилади.
Манбалар асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан