Чин сўз – мўътабар, яхши сўз мухтасар
Халқимизда: “Тилингни асрагил, омондир бошинг”, деган ҳикмат бор. Бу гапнинг маъноси жуда теран. Тилнинг асосий “қуроли” сўздир. Фикримизни сўз воситасида баён этамиз. Сўзларни эса қай тариқа бошқаларга етказиш ўз қўлимизда.
Баъзан мулойим ва беозор равишда, минг истиҳола билан, баъзида қўпол ва андишасиз айтилган сўзлар инсонни турли ҳолатга солади. Ҳамсуҳбатимизнинг кўнглини тоғдек кўтармоқ ёки “кўнгил ойнасини чил-чил синдирмоқ” сўзимизга боғлиқ.
Ўйлаб, мулоҳаза қилиб, кейин сўзлаш ёки зарурат бўлмаса, СУКУТ сақлаш доно кишиларга хос бўлган фазилатдир.
Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Юксак фазилатларга қандай эришдингиз?” У: “Тўғрисўзлик, омонатни адо этиш ва кераксиз гапларни тарк этиш билан”, деб жавоб берди.
Демак, қандай сўз айтиш инсоннинг ўз ихтиёрида. Аммо тилни ихтиёрсиз ишлатиш, беҳуда сўзлаш ҳеч қачон инсонга яхшилик ҳам, обрў ҳам келтирмайди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сукут қилиш ибодатнинг аввалидир”, деганлар. Ҳа, ортиқча гапириб, бировни ранжитиб қўйиш ёки нотўғри лафз қилиб, гуноҳкор бўлишдан кўра, сукут сақлаш афзалдир.
Шоир Мирзо Кенжабек бир шеърида:
Ибодатдир бирор золим,
жафокорга десанг ҳақ сўз,
Ва нодонга сукут қилсанг,
сукунат ҳам ибодатдир, деб ёзган.
Ҳар бир нарсанинг исрофи бўлади. Кўп гапириш сўз исрофи бўлиб, қалбни ўлдиради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга малол келмасин деб, ваъз айтмоқ учун муайян кунларни белгилаб кўяр эдилар”.
Инсонларга қачон, кандай мавзуда, қай оҳангда сўз айтишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш лозим. Шу маънода Муҳаммад ибн Савка айтади: “Сизлардан олдингилар ортиқча сўзни ёмон кўрар эдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби, амри маъруф ва наҳйи мункар ҳамда яшаш учун зарур сўзлардан бошқа нарса гапирмас эдилар”.
Зеро, чин сўз мўътабар, яхши сўз мухтасар бўлади.
Дилором КАРИМОВА
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан