Узоқ умр, кенг ризқ гарови
Узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлиш – ҳар бир инсон орзуси. Кимдир бу йўлда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилса, яна кимдир бошқа чоралар ахтаради. Баъзан минг урингани билан иши бароридан келмаётганидан нолийдиган инсонларни учратамиз. Бундай инсонлар кенг ризққа эга бўлиши учун ҳар чорани кўришади-ю, бироқ Набиййи муҳтарам алайҳиссаломнинг биргина ҳадисларини унутиб қўйишади.
“Шарҳус сунна” китобида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг қарамоғида уч қизи бўлса ёки отаси вафот этиб, уч синглиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, борадиган жойида муросали яшаб кетадиган даражада яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи икки нафар бўлса-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар. “Бир нафар бўлса-чи?” деб сўрашганида: “Бир нафар бўлса ҳам”, дедилар.
Аёл киши турмуш қургунича отаси, акаукаси ёки бирор бошқа эркак қариндошининг қарамоғида бўлади. Оила қуриши билан эрнинг қарамоғига ўтади. Тақдир тақозоси билан қиз оиласидан ажрашиб келса ёки турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолса, унга ким қарайди?
Бундай ҳолларда аёлнинг маҳрамлари уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, ўксиган кўнглига тасалли бериб, илгаригидек яхшилик қилишлари лозим. Бундай эзгулик хайр-эҳсоннинг энг яхшиси ҳисобланади.
Ривоят қилинишича, бир аёл оғир хасталикка чалинади. Шунда у доридармонига маблағ тополмай, минг хижолат билан укасининг хонадонига келади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганида, укаси: “Опа, тинчликми?” деб сўрайди. Опа мақсадини минг истиҳола билан тушунтиради: “Тобим қочиб, шифокорга борган эдим, зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтди. Бир қанча дори-дармонлар буюрди. Биласан, жиянларинг ҳали ёш, ёлғизман. Сендан ёрдам сўраб келдим”.
Опанинг нигоҳлари ерга қадалган эди. Ука опанинг аҳволини тушунмади ёки тушунишни истамади. “Опа, кўриб турибсиз, уй қуриб, таъмирлаш ишларини тугатай деб турибман. Ортиқча маблағим йўқ!”
Опа ота-онасидан ёлғиз ёдгори бўлган укасининг хонадонидан бошини эгиб чиқиб кетди.
Муолажа ўз вақтида кўрсатилмагани боис дард зўрайиб, опа омонатини топширди. Уканинг эса уйига тасодиф туфайли бир кечада ўт кетиб, бор-будидан айрилди…
Шариатимизда силаи раҳм кенг тарғиб қилинган. Жамиятда қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа амаллар каби ўта муҳимдир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳу айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисда уммат силаи раҳмга чақирилиб, қариндошлик ришталарини узиш Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлишга олиб келиши таъкидланган.
Киши яқинларига яхшилик қилмаса, туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бундай инсонлар бошқаларга ҳам бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий қайтаради.
Суроқа ибн Жаъшамдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсани айтайинми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг”, дедилар.
Оиласидан ажрашган, боқувчисини йўқотган кишиларга, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувватли бўлиш, уларга ҳам руҳан, ҳам маънан кўмак бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш учун муҳим восита эканини унутмайлик.
Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлишнинг асосий омили биргина шу ҳадисда айтиб ўтилган. Шунга амал қилсак, ишонинг, умримиз узун, ризқимиз кенг бўлади, иншоаллоҳ!
Мунира ЭРКИН қизи
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан