Мақолалар

Ахли сунна вал жамоанинг асос хусусиятлари

Чоп этилди Yanvar 4, 2021 Ахли сунна вал жамоанинг асос хусусиятлариda fikr bildirishni o'chirish

Давоми.

Бошланиши ўтган сонларда.

7. Биз Аллоҳ таоло барча махлуқотларни яратганида, уларда куч-қувват бўлмаслигига ва улар заиф ва ожиз бўлишига иқрормиз. «Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот этдирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зотдир!..» (Рум сураси, 40-оят).

Ҳалол касб билан тўпланган бойлик ҳалолдир. Ҳаром йўл билан орттирилган мол-дунё ҳаромдир.

Одамлар уч тоифага бўлинади:

1. Имонида содиқ мўмин;

2. Кофирлигида қаттиқ оёқ тираб олган кофир;

3. Нифоқини яширган мунофиқ.

Аллоҳ мўминга амални, кофирга имонни, мунофиққа самимийликни фарз қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй одамлар, Раббингиздан қўрқинглар!” – Бу, эй мўминлар, итоат қилинглар, эй кофирлар, имон келтиринглар, эй мунофиқлар, ихлос қилинглар, деганидир.

8. Биз “иститоъа”ни – қодир бўлиш, қурби етишни феъл (иш-ҳаракат) билан бирга, ундан олдин ҳам, кейин ҳам эмас, деб иқрор бўламиз.

«…Аллоҳ беҳожат, сизлар эса муҳтождирсизлар…» (Муҳаммад сураси, 38-оят).

9. Биз махсига масҳ тортиш муқим учун бир кеча-кундуз ва мусофир учун уч кеча-кундуз жоиз эканига иқрормиз.

Чунки ҳадисда шундай ворид бўлган. Ким уни инкор этса, кофир бўлиб қолишидан хавотир бор. Чунки у ҳақдаги ҳадис мутавотир хабарга яқиндир.

Мусофир намозни қаср ўқиши ва рўза тутмаслиги жоизлиги бу ояти карималарга биноан: «Ер (юзи) бўйлаб сафар қилганингиздадир, агар кофирларнинг сизларга фитна (ҳужум) қилишдан қўрқсангиз, намозни қаср (қисқа) қилишингизда сизлар учун гуноҳ йўқ…» (Нисо сураси, 101-оят). «…Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир…» (Бақара сураси, 184-оят).

10. Биз Аллоҳ таолонинг қаламга ёзишни буюрганига, қалам: “Ё Раббим, нимани ёзайин”, деганига ва Аллоҳ унга, қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз, деб амр қилганига иқрормиз. «Улар қилган ҳар бир нарса битикларда (номаи аъмолларида)дир. Ҳар бир кичик ва катта (иш Лавҳул Маҳфузда) битилгандир» (Қамар сураси, 52–53-оятлар).

11. Биз қабр азоби муқаррарлигига, Мункар ва Накир номли икки фаришта савол қилишига иқрормиз.

Жаннат ва дўзах ҳақлигига, иккиси ҳам ўз аҳллари учун яратиб қўйилганига иқрормиз. (Аллоҳ улардан бирини тақдирлаш ва бошқасини жазолаш учун яратган). “Қиёмат кунида адолат тарозусини ўрнатамиз”, оятига биноан тарозу ҳақ эканига: «Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчилар» (Исро сураси, 14) оятига биноан номаи аъмолни ўқиш ҳақ эканига иқрормиз.

12. Биз: “Қабрлардаги ҳар бир бандани Аллоҳ қайта тирилтиради”, мазмунли оятига биноан, Аллоҳ одамзот ўлиб битганидан сўнг, уларни жазолаш, тақдирлаш ва ҳуқуқларни адо қилиш учун узунлиги 50 минг йилга тенг кунда қайта тирилтиришига, жаннат аҳлининг Аллоҳ таолони (бирор сурат ва жиҳатда эмаслигини) кўришлари ҳақ эканига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жаннат аҳлидан бўлган бандани, гарчи у гуноҳи кабира қилган бўлса ҳам, шафоат қилишлари ҳақ эканига, Ойша онамиз Хадича онамиздан сўнг, дунё аёлларининг энг афзали ва мўминларнинг оналари эканига, унинг зинодан поклигига, унинг равофизлар айтганларидан пок эканига, унга зинони нисбат берган кимса валади зино эканига, мўминлар ҳақидаги: «Улар жаннат аҳлларидирлар. Улар унда абадий қолувчилардир…» ва кофирлар хусусидаги: «Улар дўзах аҳлларидирлар. Улар унда абадий қолувчилардир…» оятларига биноан, жаннат аҳли жаннатда ва дўзах аҳли дўзахда абадий қолажаклари ҳақ эканига иқрормиз.

Давоми бор.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг

“Асарлар” китобидан олинди.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан