Бир иллат ҳам кўп…
Бир қўшним, ҳали ёш бўлишига қарамай, қайноналик мақомига эга бўлди. Яхши ниятлар билан икки оила қуда бўлишди. Орадан бир йил ўтди, буви ҳам бўлишди. Бироқ аста-секин оилавий можаролар бошланди. Сабаб кундек равшан – она қизига тўйдан аввал яхшигина “ўгитлар” ўргатиб узатган. Турмуш қургандан кейин қачон отасининг уйига келса, “мураббий она” қизини мустақил ҳаётга ўргатадиган гаплар билан “тўлдириб” жўнатаверган. “Сен борган уйингда келинсан, хизматкор эмас, ўз қадрингни бил” каби сабоқларни онасидан олган қизнинг қайнота-қайнонасига ва турмуш ўртоғига муносабати қандай ҳам бўлар эди?
Агар қиз бола борган хонадонида жонкуяр бўлмаса, ширин сўзламаса, қалбида илиқлик, меҳр-муҳаббат топилмаса, наслнасабнинг ҳам, ҳусннинг ҳам таровати йўқолади. Бегона уйга фаришта мисол ташриф буюрган келиннинг бебаҳо зийнати бўлмиш одоб-ахлоқи, ибо-ҳаёси, беминнат меҳнати, итоати билан чеҳраси ҳам латофатли, гўзал кўринади.
Оналар зиммасидаги масъулият фарзандларни фақат едириш ва кийинтиришдан иборат эмаслиги барчага аён. Фарзандларимизни илм ва кўникмаларга ошно қилишимиз, улар онгу шуурига сабр-қаноат, аҳиллик, кечиримлилик каби фазилатларни сингдиришда куч-қувват ва вақтимизни аямаслигимиз керак. Оила – муқаддас даргоҳ. Унинг залвори ҳам ўзига яраша.
Одамларни кузатиб, баъзан ачиниб кетаман: кекса инсон ўзини виқорли тутмаётгандек, ёшлар эса ўзидан катталар ҳузурида одобсизлик қилаётгандек. Маданиятли инсонларга ярашмайдиган хунук иллат – қарғаш, сўкиниш. Айрим кексалар фарзандлари, набираларининг айбларини кўриб, уларга инсоф сўраш, ҳақларига дуо қилиш ўрнига қарғаб ўтирадилар.
Бир воқеанинг устидан чиқиб қолдим… Бир йигитнинг кекса кишига: “Ота, хунук қарғиш ўрнига, яхши дуо қилинг. Сиздан нима кетди, ахир, набирангиз-ку, шояд ахлоқи яхшиланса…”, деб хижолат бўлиб айтган сўзи отахонга ёқмади.
Бугун ҳаё-ибо бирмунча ноёблашмоқда. Сўзлашиш, кийиниш, юриш-туриш одоби… Агар хиёбон ва истироҳат боғларига бориб қолгудек бўлсангиз, кўзингизни кафтингиз билан беркитасиз. Атрофдагилар кузатиб турганини билсалар ҳам, бир-бирларига ёпишиб ўтираверишади. Бу қандай мудҳиш иллат! Энг ачинарлиси, ўша беҳаёлар ўзимизнинг танишларимиз, яқинларимиз.
Яна шундай ҳолатлардан бири жамоат жойларда аёл-қизларимизнинг бачкана “ўпишиб кўришишлари”. Тўйхона ва кафеларда кўп бор бу ҳолатларнинг гувоҳи бўламиз-у, уятдан кўзимизни олиб қочишга жой тополмаймиз. Бу гўзал хилқатларнинг нафақат ўзлари, балки қилиқлари ҳам гўзал бўлиши керак эмасми?
Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар биримиз руҳий тарбияга жиддийроқ ёндашайлик, бордию оилавий муҳит ёмон бўлса, маҳалла отинлари, хотин-қизлар маслаҳатчилари, мактаб ўқитувчилари ёрдамида биргалашиб, қизларимизнинг иффат, ибо, ҳаёсини асраб қолайлик. Ҳа, азизлар, агар бир қизда мингта фазилат бўлса кам, битта иллат бўлса ҳам – кўпдир.
Зилола СУЯРОВА,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти услубчиси
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан