Ҳажга доир аёлларга хос масалалар
Савол: Ҳаж ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганлар?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Умра(нинг ажри – ўзи билан) кейинги умра орасидаги гуноҳларга каффорат, мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир” (Имом Бухорий ривояти). “Ким ҳаж қилса-ю, (унда) рофас (фаҳш) ва фисққа йўл қўймаган бўлса, у уйига худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
Савол: Мийқот нима?
Жавоб: “Мийқот” – Маккага бораётганда эҳромсиз ўтиш мумкин бўлмаган жойдир. Улар бештадир: Зулҳулайфа, Жуҳфа, Зотуъирқ, Яламлам ва Қорн. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мийқотлардан бирор киши эҳромсиз ўтиб кетмасин”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Савол: Ҳаж учун эҳромга қачондан кириш афзал?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида ҳаж учун ўз манзилидан эҳромга кириш афзал ҳисобланади. Чунки бунда ажр кўп бўлади.
Савол: Аёл кишини ҳайз, нифос каби узрли ҳолатлар эҳромдан ман қиладими?
Жавоб: Йўқ. Улар ғусл қилиб эҳромга кираверадилар.
Савол: Аёлларнинг талбияси эркакларникидан қандай фарқ қиладими?
Жавоб: Аёллар атрофдаги кишилар эшитмайдиган даражада паст овозда айтишади.
Савол: Агар зиёрат тавофи пайтида ҳайз келиб қолса, нима бўлади?
Жавоб: Бу ҳолатда дарҳол тавоф тўхтатилиб, масжиддан чиқиб кетилади. Агар шу ҳолатда тавофни давом эттирадиган бўлса, мол ёки туя сўйиши вожиб бўлади. Агар уни покланганидан сўнг қайта қиладиган бўлса, қон (сўйиши керак бўлган жонлиқ) соқит бўлади.
Савол: Пок ҳолатда эҳромга кирган аёл ҳаж амалларига киришмасидан олдин ҳайз кўриб қолса, ҳайздан пок бўлгач, қайтадан эҳромга кирадими?
Жавоб: Йўқ, янгидан эҳром боғланмайди, балки биринчи боғлаган эҳроми билан давом эттираверади.
Савол: Умрага эҳром боғлаб, ҳайз кўргани сабабли умра амалларини бажаришидан аввал ҳаж амаллари бошланиб қолса, нима қилади?
Жавоб: Бу ҳолатда у ҳажга ният қилиб, талбия айтади ва ҳаж амалларини адо этади. Сўнг, истаса, умрага эҳром боғлаб, умра қилади.
Савол: Ҳайз сабабли тавофи зиёратни қилолмай ватанига қайтган аёл нима қилади?
Жавоб: Эҳромдан фақат ҳаж амалларини бажариш билан чиқилади. Тавофи зиёратни қилмасдан эҳромдан чиқиб бўлмайди. Мазкур аёл учун эҳромдан чиқмай, жуда кўп ишлар, ҳатто эри билан жинсий алоқада бўлиши ҳам ҳалол бўлмайди. Чунки зиёрат тавофини бажариш билангина эҳромдан чиқиш мумкин, холос. Шунинг учун аёл киши ҳайз кўргани сабабли зиёрат тавофини қилолмаган бўлса, уни адо қилиш учун, албатта, покланишини кутиб туриши лозим.
Абдулазиз НАЗАР тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан