Агар итоатдан бош тортсангиз…
«Эй сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун даъват қилинасизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ бой (муҳтож эмас), сизлар эса фақир (муҳтож)дирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош торсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар)» (Муҳаммад сураси, 38-оят).
“Эй сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун даъват қилинасизлар”. Ояти каримани Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: “Эй мўминлар! Сиз мол-дунёнгиздан Аллоҳ йўлида эзгу ишларга сарфлашга буюрилгансиз”, деб тафсир қилган. Айрим муфассирлар, закот ва яхшиликка сарфланган ҳамма мол Аллоҳ таоло йўлида эҳсон қилинган ҳисобланади, дейишади.
“Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур”. Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳ: «Оятдаги “бахиллик” зиммадаги вожиб нафақадан бўйин товлашдир», деган. Жумҳур муфассирлар эса: “Оят вожиб бўлган нафақани беришда бахиллик қилишнинг барча турларига тегишли”, дейишган. Уммат Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлларга инфоқ этишда сусткашлик қилса, оқибати ёмон бўлади.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: “Фақат ўз зарарига бахиллик қилур”, яъни ўз ажрини камайтиради ва оқибатда ўзига зарар бўлади”, деб тафсир қилган. Имом Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ “Тафсири мунир”да: “Мол-мулкларингиздан айриласиз”, деб тафсир қилган. Фахриддин Розий оятни бундай тафсир қилган: “Сизлар, бахиллик қилувчилар одамларга инфоқ-эҳсон қилишмайди, деб ўйламанг, аксинча, касал шифокорга хизмат ҳақи, дори-дармон пули борасида хасислик қилиши билан фақат ўзига зарар қилганидай, улар аслида бахилликлари сабабли молларини ўзлари учун сарфлашмайди, яъни нафақа қилиш ажридан маҳрум бўлишади”.
“Аллоҳ бой…” оятини Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ: «Садақаларингиз ва тоатларингизга “муҳтож эмас”», деб тафсир қилган. Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ эса: “Аллоҳ мол-мулкларингизга муҳтож эмас. Сизлар Унга фақир (муҳтожсиз)”, деган. Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳ: “Ростгўй банда – Аллоҳ таолога муҳтож эканини эътироф этган шахсдир. Ким Парвардигордан ўзгага зорланса, хор ва шарманда бўлади”, деб тафсир қилган.
“Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз…” Имом Мовардий раҳимаҳуллоҳ тафсирида бундай дейилади: «“Агар Китобимдан юз бурсангиз”, ёки “Тоатимдан чиқсангиз”, ёхуд “Мен буюрган садақаларни бермасангиз” ёки “Ушбу буйруғимга бўйсунмасангиз…”, “Аллоҳга имон келтириш ва буйруқларига бўйсунишдан бош тортсангиз”, “У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр”. Олдин ўтган умматлар (Нуҳ, Лут, Шуайб алайҳимуссалом қавмлари) ўрнига бошқаларни келтиргани каби сизларнинг ўрнингизга ҳам бошқаларни келтириши мумкин».
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангизлар, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга итоат қилурлар)”, ояти каримасини ўқидилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўрнимизга Аллоҳ кимни келтиради?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида ўтирган Салмон Форсий розийаллоҳу анҳунинг елкаларига қоқиб: “Бу ва бунинг қавмини сизнинг ўрнингизга келтиради. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, агар имон Сурайё юлдузида бўлса ҳам, албатта, ажам қавмидан бўлганлар унга етишардилар”, деб марҳамат қилдилар».
“Сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар)”. Улар Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига сўзсиз бўйсунишади. Ҳақдан четлашишмайди, бахиллик қилишмайди. Аллоҳ таоло йўлида инфоқ-эҳсон қилишади, Аллоҳ ва Расулини яхши кўришади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган…” (Моида сураси, 54-оят).
Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Шу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва: “Бу оят мен учун дунё ва ундаги нарсалардан суюклироқ”, дедилар» (“Ал-Жомиъу лиаҳкамил Қуръон”).
Имом Қуртубий, Имом Табарий, Фахриддин Розий ва Муҳаммад
Шавконий тафсирлари асосида Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан