Мория бинти Шамъун
Мория бинти Шамъун Қибтия – мўминлар онаси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг икки ёшга ҳам тўлмай вафот этган фарзандлари Иброҳимни дунёга келтирган.
Мория бинти Шамъун Қибтия Мисрнинг Ҳафн қишлоғида туғилган. Пок оиланинг фарзанди эди. Уни Миср ҳокими Муқавқис Набий алайҳиссаломга ҳадя қилган.
Ҳижратнинг олтинчи йили Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккага умра қилиш учун келдилар. Лекин қурайшликлар бунга тўсқинлик қилишди. Сўнг икки томон ўртасида Ҳудайбия сулҳи тузилди. Унга кўра, мусулмонлар билан мушриклар ўн йил давомида ўзаро жанг-жадалсиз осуда ҳаёт кечиришга келишилди. Набий алайҳиссалом ушбу даврни ғанимат билиб, олам подшоҳларини Исломга даъват этишни бошлаб юбордилар. Ҳокимларнинг ҳар бирига мактуб йўлладилар. Бу ишни ўта муҳим санаб, жиддий тайёргарлик кўрдилар. Билим ва тажрибага эга саҳобаларни танлаб, подшоҳларга элчи этиб юбордилар.
Бир сафар Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзининг ҳакимлиги, балоғату фасоҳати билан танилган Ҳотиб ибн Балтаа розийаллоҳу анҳуни Миср ҳокими Муқавқис ҳузурига юбордилар. Элчи мактубни Мисрга олиб борганида, мамлакат ҳокими уни иззат-икром билан қаршилади. Суҳбат жараёнида Ҳотибнинг сўзларига қулоқ осди. Сўнг: “Эй Ҳотиб, бизнинг ўз динимиз бор. Уни фақат ундан яхшироқ дингагина алишамиз”, деди.
Муқавқис Ҳотиб розийаллоҳу анҳунинг гапларига эътибор берди. Кейин мактуб билан танишгач: “Бу Набийнинг ишини кузатар эканман, (Исломга киришни) истамаётганларни мажбур этмаётгани, аксинча, динга қизиққанларни эса, қайтармаётганига гувоҳ бўлдим. У адашган сеҳргар ҳам, ёлғончи коҳин ҳам эмас. Унинг хабарларини пайғамбарлик белгиси деб билдим. Мен ўйлаб кўришим лозим”, деди. Кейин бундай нома ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, Муҳаммад ибн Абдуллоҳга қибтийларнинг буюги Муқавқисдан. Сенга тинчлик тилайман. Сўнг: Дарҳақиқат, мактубингни ўқидим. Унда айтиб ўтганларинг ва даъват этаётган нарсангни тушундим. Шунингдек, набийлик ҳали-ҳануз мавжуд эканини ҳам билдим. Мен уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Элчингга иззат-икром кўрсатдим. Сенга қибтийлар орасида насл-насабли икки жорияни ҳамда кийим-кечак юбормоқдаман. Шунингдек, хачир ҳадя этмоқдаман. Сенга омонлик бўлсин”.
Ўшанда Муқавқис Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Мория бинти Шамъун ва унинг опаси Сирин бинти Шамъун, минг мисқол тилла, йигирма бош кийим, “Дулдул” лақабли хачир, шунингдек, Мабур исмли кекса мўйсафидни ҳадя қилди.
Мория Қибтия илк бор Мадинага ҳижратнинг еттинчи йили келди. Уни Набий алайҳиссалом ўзлари учун танладилар. Опаси Сиринни шоирлари Ҳассон ибн Собит ансорийга ҳадя қилдилар.
Абу Убайда розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тўрт чўрилари бўлган – Иброҳимнинг онаси Мория, Райҳона, Жувайрия ҳамда Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ҳадя этган яна бир чўри”.
Мория Қибтия розийаллоҳу анҳо оқ танли, гўзал юзли, сочлари жингалак, ниҳоятда хушсурат аёл эди. Унинг ҳусни ҳам, хулқи ҳам гўзал завжа эканига ҳатто Ойша онамиз ҳам тан берган.
Мория Қибтия Мадинага келганидан сўнг бир йил ўтиб, ҳомиладор бўлди. Бу хабарни эшитиб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ниҳоятда севиндилар. Ўшанда у зот алайҳиссаломнинг ёшлари олтмишга яқинлашган эди. Фотима онамиздан бошқа барча фарзандларидан айрилган эдилар.
Ниҳоят, ҳижратнинг саккизинчи йили зулҳижжа ойида Мория онамиз розийаллоҳу анҳонинг кўзи ёриди. Унга Набий алайҳиссаломнинг мавлолари Салмо розийаллоҳу анҳо доялик қилди. Салмонинг эри Абу Рофеъ эса Набий алайҳиссаломга ўғилли бўлганларини хабар берди. У зот алайҳиссалом суюнчи деб унга бир қул ҳадя қилдилар.
Гўдак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ниҳоятда ўхшарди. Унга Иброҳим деб исм қўйишди. Иброҳим Набий алайҳиссаломнинг парваришларида вояга ета бошлади. Бироқ Аллоҳ таолонинг ҳикмати азалийси боис касалланиб, икки ёшга тўлмай оламдан ўтди. Унинг вафоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ қайғуга солди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мория онамиз розийаллоҳу анҳо билан, оз бўлса-да, мазмунли, бахтли ҳаёт кечирди. Унинг мақсади Набий алайҳиссаломнинг розиликларига эришиш бўлди. Ўз навбатида, у зот алайҳиссалом ҳам Мория онамиз розийаллоҳу анҳони ниҳоятда қадрлардилар. Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида келтирилишича, Набий алайҳиссалом: «Тез орада сиз учун “қийрот” кўп айтиладиган бир ер (“қийрот” тилла ва кумушнинг энг кам миқдори) – Миср фатҳ бўлади. Фатҳ этганингиздан сўнг унинг аҳлига яхши муомалада бўлинглар (яъни, пулга кўп талашадиган мисрликларни ушбу феъллари учун афв этинглар). Албатта уларнинг ҳурмат ва қариндошлик ҳақлари бордир», деб марҳмат қилдилар.
Ушбу ривоятнинг бошқа бир лафзида: “Уларнинг қариндошлиги Иброҳимнинг ўғли Исмоилнинг онаси қибтийлардан бўлганидир. Шунингдек, Пайғамбарнинг ўғли Иброҳимнинг онаси ҳам қибтийлардан бўлганидир”, дейилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Миср аҳлига яхшилик этиш ҳақида жуда кўп васият қилишлари қудачилик ва силаи раҳмни боғлашга катта эътибор берганларидан даракдир.
Яна бир ривоятда: “Миср аҳлига яхши муносабатда бўлинглар. Албатта, уларнинг сизларга насаб ва қудачилиги бор”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Мория онамиз розийаллоҳу анҳонинг насаблари Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар онамизга бориб тақалади. Қудачилик дегани шуки, Мория фарзанд кўргани учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга куёв бўлганлар.
Уламо, фуқаҳо, муҳаддис ва муфассирлар ҳадис ва ривоятларида онамиз сийратидан иқтибослар келтиришади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишидан рози ҳолда вафот этдилар.
Мория розийалллоҳу анҳо хулафои рошидин даврида беш йилча умр кўрди. Аввал Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу, кейин ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу онамизни нафақа билан таъминлаб турди.
Ҳазрат Мория онамиз ҳижратнинг ўн олтинчи йили муҳаррам ойида вафот этди. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу одамларни жанозага тўплади. Мория Қибтия онамиз нубувват хонадони аёллари ёнига, ўғли Иброҳимнинг қабри олдига дафн этилди.
Манбалар асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан