Мақолалар

Руҳиятини кўпроқ озиқлантирайлик

Чоп этилди Yanvar 6, 2021 Руҳиятини кўпроқ озиқлантирайликda fikr bildirishni o'chirish

Бугун баъзи минтақаларда одамлар ҳаёти, жамият муаммолар билан тўлибтошган. Ҳамма – ёшлар, кексалар, бойлар, фақирлар, тижоратчилар, саноатчилар, олимлар, донолар, нодонлар – ҳаловатсиз. Худди ҳузур-ҳаловат бир нодир тош-у, гўё у ер юзидан олиб қўйилгандек.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда тўкин-сочинлик, ҳар ким насибасига яраша ризқини қўлга киритяпти. Лекин шукр қилувчилар сафи камайиб боряпти. Тинмай нолийдиган инсонлар зиёфату саёҳатлардан ортишмайди. Гоҳида атрофга қараб, ақлинг лол қолади. Ҳатто Қайсару Кисронинг саройларини ортда қолдираётган биноларга кўзинг тушади. Бироқ уларда яшаётган инсонлар ҳам хотиржам эмас. Бири ҳасад қилиб, турли балоларга сабабчи бўлмоқда. Барчанинг кўзи бошқанинг мол-мулкига қаратилган. Ўзганинг саодатли ҳаёти асло чидаб бўлмас бир аламдек гўё. Кўп мол-мулкка эга бўлаётганлар ўзларидан бироз ошиқроқ топаётган кишига ғайрлик қилмоқда. Бу эса уларнинг ҳаловатини ўғирлаб, ўзларини ғазабнок ҳолга келтирмоқда. Шокир инсонни топа олмайсан.

Бир инсон хоҳлаган нарсасининг 99 фоизига эришса-ю, бир фоизидан мосуво бўлса,у ўзини бадбахт ҳис этмоқда. Чунки барчада ҳеч тўймайдиган нафс бор. Кўнгил мулки, инсоф деган бир олам йўқолиб бормоқда.

Бу балои азимга замоннинг донишмандлари ҳам чора топа олмаяптилар. Ҳар ким бир-бирига душман. Яхшилик қилмоқчи бўлган, фазилат соҳибларига эса аҳмоқдек қаралмоқда.

Гоҳида атрофга боқиб, Яратганга нидо қиламан: “Ё Раббим, кўнгиллар, қарашлар қанчалар ўзгариб кетди-я?! Қанчалаб бандаларинг разолат ботқоғидан чиқиш истаги, ниятини буткул йўқотди…”

Бу ҳолат замоннинг вабоси, руҳий тушкунликларни келтириб чиқараётган касалликнинг илдизидир.

Яшириб нима қилдик, жамиятдаги муаммолар, ҳаётимиздаги камчиликлар ҳамон кўзга ташланмоқда. Дунёга имон-эътиқод сабоғини, диннинг асосини ўргатган миллат фарзандлари жаҳолатнинг қурбонлари бўлмоқдалар. “Оммавий маданият” деб аталган балога тўсқинлик қиладиган даражада иммунитет вазифасини ўтайдиган маънавий озуқаси йўқ ҳеч бир кимсанинг. Шу сабаб кўчада чиқишинг билан кўзинг муслималик шарафини ерга урадиган даражадаги либосларга бурканган қизлар, уларга суқланиб қараётган “мўмин”ларга тушади. Бунинг ортидан келиб чиқаётган фалокатларнинг кети кўринмайди: бировнинг номуси топталган (бу унчалик уятли ҳол ҳисобланмай қолди), биров никоҳсиз туғилган боласини сотмоқчи, бошқаси ахлат уюмига отган… (бунинг нақадар улкан гуноҳ экани уларни кўпам қўрқувга солмайди.)

Бу ҳолатларни келтириб чиқараётган сабаблардан бири ҳам аслида биз юқорида тилга олган ҳаловатсизликдир.

Чунки айнан ўша ҳаловатсизлик барчани оилавий меҳр-муҳаббатдан маҳрум этмоқда. Ота-оналар болаларига мукаммал тарбия бериш даражасида шуғуллана олмаяптилар. Уларнинг аксари болаларнинг вужудини камол топтираяптилар-у, руҳларини унутмоқдалар. Урфга кўра кийим, энг лаззатли неъматлар, сўнгги русумли телефон, энг юқори технологияга эга компьютер… Аксарият фарзандларимиз бу неъматларга эга. Ҳатто уларнинг неъмат эканини ҳам унутиб, янги эҳтиёжлар сари “олға” юрмоқдалар.

Очиғини айтайлик, бугун бир ишга киришишдан аввал: “Бу ҳаракатимизга одамлар нима дейди?”, “Бу ишим (аслида иш тўғри бўлса-да) бошлиғимга маъқул келармикин?”, “Ҳақ гапим бировнинг қитиқ патига тегиб, душман орттирмасмиканман?” каби асоссиз саволлар билан банд бўлиб, қанчадан-қанча хайрли ишларни ортга сурамиз, бошимизга ортиқча оғриқларни йиға-йиға, охир-оқибат ҳаловат кўчасига олиб бориладиган йўлни унутамиз.

Аслида мўмин одам барча саволларни биттагина сўроқ: “Бу ишим, амалим, сўзим Жаноби Ҳаққа маъқулми?”га алмаштира олса, ҳамма муаммоларнинг ечимини топишда турли боши берк кўчаларга кириб қолмайди. Дунё ҳаётини хотиржам яшаб, охиратда ҳам нажот топади, иншоаллоҳ!

Шундай экан, фарзандларимизнинг танасини эмас, руҳиятини кўпроқ озиқлантирайлик! Уларнинг қалбини “кўнгил мулки” деган фаровон бир боққа айлантирайликки, нафснинг “дод-фарёд”лари у ерга етиб бора олмасин!

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан