Мақолалар

Буюкларнинг ҳам оналари бор

Чоп этилди Yanvar 9, 2021 Буюкларнинг ҳам оналари борda fikr bildirishni o'chirish

Бирор хонадонда хислатли фарзанд туғилса, ҳамма ўша оилага ҳавас қилади. Лекин ўша хислатли фарзанд нега айнан ўша оилада туғилди? Ундан бошқа бой, қудратли, фазилатли оилалар кўп-ку!..

Тарих зарварақларини саҳифаласангиз, хислатли фарзандларнинг манбаи ОНА сиймоси эканига кўп карра гувоҳ бўласиз.

Қуръони каримда: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлгани ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят), деб марҳамат қилган.

Демак, Аллоҳ таолонинг наздида ихлос билан қилинган амал аҳамиятлидир. Шу боис аёллар амалларини ихлос билан бажариши керак. Бунинг энг гўзал мисоли ҳазрат Марямнинг онаси ҳақидаги ҳикоядир. У Исроил авлодидан солиҳа аёл эди. Эри Имрон эса қавмининг олимларидан саналарди. Ўша замоннинг набийси Закариё алайҳиссаломнинг аёли билан Имроннинг аёли опа-сингил эди. Бу икки аёлнинг боласи бўлмаганди. Ҳазрат Закариё ва Имрон бу имтиҳонга сабр қилар, солиҳа хонимларини хафа қилмас эдилар.

Ният самимий бўлса…

Имроннинг аёли бир куни тумшуғида полапонларига озиқ олиб келган қушни кўради. Юрагида фарзанд севгиси жўш уради ва эрига бир фарзанд туғиб бера олмагани учун ҳазинлик туяди. Лекин Аллоҳга исён этмайди. Аммо ўзига ўзи: “Агар Раббим менга бир фарзанд берса, уни Байтул Мақдиснинг хизматига назр этардим”, дейди.

Раббимиз унинг кўнглидан кечганини, албатта, билди ва самимиятини синамоқ учун бир фарзанд ато қилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, у юкли бўлганини ҳис қилди.

Қуръони каримда: «Эсланг, (эй Муҳаммад!) Имроннинг хотини (Ҳанна): “Эй Раббим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ташвишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. (Уни) мендан қабул эт! Албатта, Сен Самеъ (эшитувчи) ва Алим (билимдон)- дирсан”, деб дуо қилди» (Оли Имрон сураси, 35-оят), дейилган.

Ўша замонларда Байтул Мақдис ибодатхона ҳамда таълим маркази эди. Дин хизматида бардавом бўлган оилалар ўғил болаларини ибодатхона хизматига бағишлар эди. Болалар бу ерда ҳам дин илмини ўрганар, ҳам хизмат қилар эди. Қизларни ибодатхонага атамоқ одати йўқ, ҳатто аёлларнинг ибодатхонага кириши тақиқланган эди. 

Имрон хотинининг қарорини эшитгандан сўнг: “Сен унинг қиз ёки ўғил эканини билмасдан нега бундай қилдинг? Агар қиз туғилиб қолса, нима қиламиз?” деди. Уни жуда қаттиқ ўй босди. Аллоҳга таваккал этдилар. Орадан кўп ўтмай, Имрон вафот этди. Унинг хотини эрининг қучоғига бир фарзандни сола олмагани учун куйиб, ой-кунининг яқинлашишини кутиб қолаверди.

Ваъда – вафоси билан

Ниҳоят тўлғоқ бошланди. Ҳанна бутун қалби ила фарзандининг ўғил бўлишини истади. Агар ўғил бўлса, отасининг исмини қўйишни истади. Аммо бола қиз туғилди… Бир ёнда қариганда она бўлиш бахтининг насиб этгани севинчи, иккинчи тарафда ваъда борасидаги кўнгил ҳузурсизлиги… Энди нима қилади?

Кўп ўйлади. Боласини ибодатхонага атар экан, унинг қиз ёки ўғил туғилишини билмас эди. Модомики, Аллоҳ таоло бу чақалоқнинг аталганини билгани ҳолда, қиз бўлишини тақдир этган экан, унда ваъдасига вафо қилиш керак…

Шу қарор билан чақалоқнинг отини “Марям” қўйди. Марям – қул аёл, хизматчи дегани. У Аллоҳнинг қули, Унинг ибодатхонасида хизматчи бўлади. Алҳосил, хотинлар ҳам Аллоҳнинг қуллари эмасми?

«Кўзи ёригач, деди: “Эй Раббим, мен қиз туғдим, – ваҳоланки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқ эди. Ахир, (у кутган) ўғил бу қиздек (хислатли) бўлмасди. – Мен унга Марям деб исм қўйдим ва унга ҳамда зурриётига қувғин этилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан сўрайман» (Оли Имрон сураси, 36-оят).

Ҳанна қизини йўргаклади, бир қанча вақт эмизиб боқди. Сўнгра уни олимларнинг ҳузурига олиб борди.
Имроннинг ибодатхонага аталган биргина боласининг қиз туғилганини олимлар эшитган эди. Лекин ўша вақтга қадар ибодатхонага бирор қиз олиб келинмаганди. Шу боис олимларнинг фикрлари турлича бўлди.

Албатта, бутун умр сабртоқат билан оналик бахтини кутган аёлнинг боласидан айрилиши қанчалик оғирлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Агар ваъдасида вафо бўлмаганида, ҳийлаи шаръий ишлатиб, “Қиз туғилгани боис ваъдамни бажариш имкони бўлмади”, деб ўзини “оқлаб” олиши мумкин эди. Бироқ Имроннинг хотини Аллоҳга сўз берган. Энди ваъдасини бажаришга мажбур. Ниятининг самимий эканига ишониб, чақалоқни ибодатхона хизматига атади.

Ҳазрат Марям Закариё алайҳиссаломнинг уйида вояга етди. Ибодатхонага жойлашадиган вақт етганида, Закариё алайҳиссалом у ерда Марям учун хона-меҳроб тайёрлади.

Ҳазрат Закариё Марямнинг олдига келганида унинг дастурхонида айнан ўша мавсумда пишмайдиган сархил мевалар турганини кўриб, ҳайрон бўларди. 

Оналикнинг шарафи ўғил туғиш билан ортмайди, қиз туғиш билан камаймайди ҳам. Онанинг фарзандни Аллоҳ таолони танийдиган банда бўлсин деган ният ила дунёга келтириши айни муддаодир.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан