Сонияга тасбехни ула
Азиз сингилжон!
Беҳаёликни тарғиб этадиган сериалларни, кинофильмларни, ғийбат, миш-мишларни тарқатадиган рўзнома, ойнома, китобларни ўқишдан йироқ бўл. Бундай ривоятларни ўқиб ҳаргиз вақтингни зое қилма.
Маънавиятни юксалтирадиган, маърифатни оширадиган, ақлни чархлайдиган рўзнома, ойнома, китобларни мунтазам мутолаа қилиб бор. Зеро, мутолаа киши камолотининг муҳим асосидир.
Билгинки, Аллоҳ таоло ҳузурида ғайб калити бор. У Зот ғам-андуҳларни кетказади. Унга дуо қил. Ушбу дуони доимо такрорлаб юр: “Ё Аллоҳим, мен Сендан ғам-қайғулардан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан ва қарз остида қолишдан ҳамда ғанимларга мағлуб бўлишдан паноҳ сўрайман”.
Сонияга тасбеҳни, дақиқага тафаккурни, соатга солиҳ амални ула. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сенга буюк савобни тайёрлаб қўяди. У Зот айтади: «Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб,
(деди:) “Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин, биридан-бирининг амалини зое қилмасман» (Оли Имрон сураси, 195-оят).
У Зот эркаклар каби аёлларга ҳам жаннат хушхабарини бериб, уларни мадҳ этди: «Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят).
Осиё, Марям алайҳимассалом, Хадича, Ойша, Асмо, Фотима розийаллоҳу анҳунналардан ибрат ол. Чунки улар итоатгўй мўминалар бўлишди.
Заҳириддин МАНСУР тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан